Юзингизда доғ борми?

Юзда-дог-бормиХалқимиз «юз кўр, ҳол сўр», дейди. Аслида ҳам чеҳра – организмнинг бутун ҳолати, аъзолар қандай ишлаётгани кўзгуси. Текис, беғубор, оппоқ юзингизда аста-секин доғлар ё турли тошмалар пайдо бўлса-чи? Дарҳол ташвишга тушмай,  бунинг асл сабаби ҳақида ўйлаб кўрган маъқул.

Агар юзингизга тез-тез турли доғлар ёки тошмалар тошса, бу айрим ички аъзолар нотўғри ишлаётганидан дарак.  Бу муаммолар кўпинча  гормонал ўзгаришлар, иқлимнинг кескин ўзгариши, турли дорилар ичиш ҳамда  нотўғри  овқатланиш билан боғлиқ. Баъзи тадқиқотларда тошмалар маълум бир сабабсиз ҳам пайдо бўлиши мумкинлиги айтилган.

Юз тошмаларининг сабабини танада содир бўлаётган ўзгаришларни  акс эттирувчи юзда белгиланган 14 нуқтадан аниқлашга уриниб кўринг. Расмда белгилаб қўйилган юз қисмларидан ўз муаммонгизни аниқланг, уни бартараф этишга киришинг!

1 ва 2 —  овқат ҳазм қилиш тизими

Агарда юз терисида ҳуснбузар, доғлар ва тошмалар пайдо бўлса, билингки,  ҳазм қилиш тизими нотўғри ишламоқда. Бунинг учун зарарли таомлар истеъмолини камайтириш, кундалик таомномага ёғсиз ва тузи паст таом­ларни киритиб, кўпроқ сув ичиш керак.

3 — жигар

Агар муаммо терининг шу жойида юз берса, бу токсинлар тўпланиши  сабаб жигар фаолияти ёмонлашганини билдиради. Кўпинча бундай ҳолат зарарли озиқ-овқат маҳсулотлари туфайли юзага келади. Жигарни бундай зўриқишдан халос этиш учун спиртли ичимликлар, зарарли овқатлар (фастфудлар ва ҳоказо), таркибида лактоза мавжуд маҳсулотлар истеъмолини чеклаш зарур. Мевалар, айниқса, сабзавотларни кўпроқ ейиш керак. Жигарни табиий йўл билан тозалаш ҳам жуда фойдали.

4 ва 5 — буйрак

Кўз атрофида пайдо бўлган барча ўзгариш ва қора доғлар буйракнинг яхши ишламаслиги, буйрак етишмовчилиги натижасида юзага келиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам кундалик сув ичиш миқдорини ошириш, шўр маҳсулотлардан тийилиб, айнан сийдик ҳайдовчи хусусиятга эга маҳсулотларни кўпроқ тановул қилиш зарур.

6 — юрак

Юзнинг бу қисми кўпинча ҳуснбузарлар ва қора нуқтачалардан азият чекади. Бу тез-тез пайдо бўладиган ва кетиши энг қийин тошмалардан. Бунинг сабаби — юрак билан боғлиқ муаммоларда. Уларни бартараф қилишда таомномадан ёғли ва шўр таомларни, аччиқ ва зираворларни олиб ташлаш лозим. Буларнинг ўрнига фойдали ёғларга бой маҳсулотлар (балиқ ёғи ва бошқалар)ни кўпроқ истеъмол қилиш зарур.

7 ва 8 — буйрак

Организм заҳарланиши, суюқлик тўпланиши ёки аксинча сувсизлик буйраклар зўриқишининг оқибати бўлиши мумкин. Ушбу муаммони бартараф этиш учун кўпроқ сув ичиш лозим. Газланган ичимликлардан, қаҳва ва алкоголь маҳсулотларидан парҳез қилган маъқул.

9 ва 10 — нафас олиш тизими

Юзнинг бу жойидаги ўзгаришлар нафас олиш йўлидаги муайян турдаги аллергия ёки сурункали касалликлар, масалан астма билан боғлиқ бўлиши мумкин.  Тамаки чекиш оқибатида юзнинг мазкур қисмига тез-тез тошмалар ёки доғлар тушади. Бунда зудлик билан чекишни ташлаш, шакар истеъмолини камайтириб, янги маҳсулотлардан кўпроқ ейиш зарур.

11 ва 12 — гормонлар

Юзнинг бу қисмида барча гормонал ўзгаришлар намоён бўлади. Буни тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, тўйиб ухлаш, мунтазам ювиниш ва кўп миқдорда сув ичиш билан камайтириш мумкин.

13 — ошқозон

Агар юзингизнинг шу жойи­да турли тошмалар пайдо бўлса, демак, ҳазм қилиш тизими бузилибди. Ошқозон фаолияти сусайиб, ичингиз қотибди. Ташвишланманг,  кўпроқ  мевалар, сабзавотлар ва бошоқли маҳсулотларни истеъмол қилинг.

14 — стресс

Агарда юзингизнинг шу нуқтасида қизаришни сезсангиз, буни организм толиқиши, стресс оқибати дейиш мумкин. Тана тикланиши учун бироз вақт керак. Шунинг учун уни ортиқча зўриқтирмаслик ва кўпроқ дам олиш зарур. Айрим пайтларда эътиборсизлик оқибатида бундай стресс ҳолати соғлиғимиз учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Стрессни енгиш учун кўпроқ сув ичинг, тўйиб ухланг.

Ҳар бир муаммони ёки касалликни вақтида аниқлаб, уни бартараф этиш ўз қўлимизда. Шундай экан, бу борада, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг!

«Oila davrasida» газетасидан олинди.

Мақола 2 808 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*