Рей Бредбери: ёш ёзувчига 12 Маслаҳат

reyРей Бредбери (1920–2012) мумтоз адабиёт вакили эмас. Лекин ўз йўналиши – фантас­тикада мумтоз саналади. Фентези, ҳикоят ва эртак жанрларида ҳам баракали ижод қилган. Адиб бир қанча романлар, юзлаб ҳикоялар, ўнлаб пьесалар, мақолалар, шеърлар – жами саккиз юздан ортиқ адабий асар муаллифи. Унинг ёзганлари асосида бир қанча фильмлар, саҳна ва мусиқа асарлари яратилган. Рей Бредбери илмий фантас­тика ва фентези жанрини оммалаштирди.

***

“Роман ёзишдан бошламанг. У жуда кўп вақт олади. Ёзувчиликка қисқа ҳикоялар орқали йўл топинг. Ҳар ҳафта бир неча ҳикоя ёзинг. Қанча кўп бўлса, шунча яхши”.

Бредберининг ўзи илк романи – “Фаренгейт бўйича 451 даража”ни ёзгунига қадар ўттиз йил шу тахлит ишлаган.

***

“Буюк ёзувчиларга меҳр қўйинг, аммо улардай бўла олмайсиз. Уларга атай ёки беихтиёр тақлид қилиши­нгиз аниқ. Ўша пайтларда шу гапларимни эсга олинг”.

Ёш Бредбери Ҳерберт Уэллс, Жюл Верн, Артур Конан Дойл, Лаймен Френк Баум сингари адибларнинг асарларини севиб ўқиган.

***

“Яхши ҳикояларнинг эътиборли жиҳатларини тадқиқ қилинг”.

Рей Бредбери Роалд Дал, Ги де Мопассан, Найжел Нил, Жон Коллиер сингари адибларнинг асарларини ўрганган.

***

“Каллани билим билан тўлдиринг”.

Бредбери ухлашдан олдин бирорта савияли ҳикоя ёки поэма; археология, биология, зоология, фалсафа, сиёсатшунослик ёки адабий танқидга оид  илмий тадқиқот ўқишга одатланган эди.

***

“Истеъдодингизга ишонмайдиган дўстлардан қутулинг”.

Бундай кишилар қобилиятингиз юзага чиқишига фақат халал беради. Улар билан алоқани узишни бир дақиқага ҳам кечиктирманг.

***

“Умрингиз кутубхонада ўтсин, компьютер қаршисида эмас!”

Олий маълумот олиш Рей Бредберига насиб этмади. У ўз ибораси билан айтганда олий ўқув юртини эмас, “кутубхонани тугатган”ди. Ана шундай ўқиш-ўрганишлар натижасида ёзувчи 28 ёшида ҳар томонлама кенг билимга эга бўлган.

***

“Кинофильмларни севинг – қанча эски бўлса, шунча яхши.

Ҳар қандай филмни кўравериш умрни совуришдан бошқа нарса эмас. Вақт синовидан ўтган, кишига билим ва фикр берадиган, тасаввурини бойитадиган фильмларнигина кўриш зарур”.

***

Ёзганда кўнглингиз шодлик ҳиссини туйсин. Адабиёт – енгил юмуш. Агар асарингиз оғир меҳнат сингари азоб-уқубат берётган бўлса, шу жойдаёқ уни ахлат челакка улоқтиринг ва дилингиз яйрайдиган янги бир нарсани қоғозга туширишни бошланг.

***

“Пул дардида юрманг”.

Бредберининг аёли “қашшоқликдан зорланмасликка қасам ичган” эди. Эр-хотин ўн йил бирга яшаганидан кейингина автомобиль сотиб олишган.

***

“Ўзингиз севадиган ва ёмон кўрадиган 20 та нарса рўйхатини тузинг. Дастлабки ўнталик ҳақида асар ёзинг. Кейин қолган ўнтаси ҳам ижодий ишингиз мавзусига айлансин. Қўрқувларингизни ҳам шундай енгиб ўтинг”.

***

“Ҳар қандай эски хотира қоғозга туширишга арзийди. Ижодий чорасизликни тинимсиз уринишлар билан енгиш мумкин”.

***

“Доим ёдингизда турсин: сиз кўришиб қолган пайт: “Ёзган асарларингиз менга жуда ёқади”, дейдиган мухлис учун ёзяпсиз. Агар бу ишнинг уддасидан чиқолмаётган бўлсангиз, барча уринишларингиз “Ҳалиги бемаза нарсаларнинг муаллифи сиз экансиз-да!” деган баҳога лойиқ бўлади, холос”.

Ориф Толиб тайёрлади.

«Yoshlik» журналидан олинди.

 

Мақола 335 марта ўқилган

1 Комментарий для Рей Бредбери: ёш ёзувчига 12 Маслаҳат

  1. Chindanam adabiyotni tushinmaydigan do’stlardan qutilish kk

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*