Эрлик қувватини оширувчи… Ёнғоқлар

151Одатда ёш ўтгани сари эркаклар эрлик қуввати билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Баъзилар бу муаммонинг ечимини изласа, баъзилар тушкунликка тушиб, жинсий алоқадан воз кечиб қўя қолади. Бундай кишиларга андролог билан бирга психолог кўмаги ҳам керак бўлади. Аммо бугун биз муаммони дори-дармонлар билан ҳал этишга киришганлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Дори-дармонлар билан даволаниш кўпинча яхши натижа беради. Аммо организм учун бу кимёвий воситалар безарармикин? Бу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш лозим. Ахир ҳар бир дорининг ножўя таъсири бўлади-ку. Шуни унутмангки, ҳар бир дорининг кимёвий тузилиши жигар, буйрак ва юрак тизимига таъсир этади.

Эркакларнинг қуввати қон айланишига боғлиқ. Жинсий аъзога қон етиб келмаяптими, унинг сабабини юракдан излаш керак. Негаки юрак-қон томир фаолиятидаги ўзгаришлар, табиийки, қон оқимини издан чиқаради. Бундан хулоса шуки, юрак учун фойдали нарсалар эрлик қуввати учун ҳам фойдалидир.

Масалан, ёмон одатлар — тамаки чекиш ва алкоголь ичимликларни ичишни ташлаш эркак саломатлигини узоқ йиллар давомида сақлаб қолишига ёрдам беради. Кичик тос соҳасидаги қон айланишини ёмонлаштирувчи камҳаракатликка қарши курашиш эса эркакни импотенциядан сақлайди.

Аммо биз хавфсираган ҳолат юз бериб улгурган бўлса, нима қилиш керак? Аждодларимиз кексаликда ҳам эрлик қувватини сақлаб қолганига Олтмишвой ёки Саксонвойлар исботдир. Хўш, уларнинг сири нимада? Экология ёки дори-дармондами? У пайтларда потенцияни кучайтирувчи дорилар бўлмаган-ку? Демак гап улар истеъмол қилаётган таомларда, деган фикр ҳақиқатга яқинроқ. Йўқ, бугун дастурхондаги барча егуликларни санаб ўтмаймиз. Биргина ёнғоқ ҳақида суҳбатлашамиз.

Ёнғоқ эрлик қувватини оширувчи маҳсулотларнинг энг яхшиларидандир. Унинг таркибида кўпгина фойдали микроэлемент ва витаминлар мавжуд. Айниқса, унда В гуруҳи витаминлари ҳамда рух кўп. Агар эркак организмига бу моддалар етишмаса, эрлик қуввати сустлашиб боради.

Эрлик қувватини ошириш учун ёнғоқ мағзи ва асалдан қўлбола дори тайёрлаш мумкин. Бунинг учун икки маҳсулотдан тенг миқдорда оламиз. Ёнғоқни гўштқиймалагичдан ўтказамиз ёки ҳовончада туямиз. Сўнг уни асал билан аралаштирамиз. Бу дорини овқатлангандан ярим соат ўтгандан сўнг кунига икки маҳал 2 чой қошиқдан ейиш керак.

Биласизми-йўқми, етилмаган ёнғоқ пишганидан фойдалироқ бўлади. Ҳатто ундан мураббо ҳам тайёрланади. Айнан пишмаган ёнғоқдан эрлик қуввати учун яхшигина дори тайёрлаш мумкин.

Бунинг учун 15 дона етилмаган (кўк) ёнғоқни оласиз. Бу ёнғоқларни июннинг 20 санасидан 5 июлгача териб олишингиз керак. Шунингдек, сизга 750 грамм шакар керак бўлади. Ёнғоқларни пўсти билан ишлатамиз. Уни бир неча бўлакка бўлиб, банкага соласиз. Бир қатор ёнғоқ, бир қатор шакар териб чиқасиз. Сўнг банка оғзини қопқоқ билан маҳкам ёпиб, бир ой давомида қоронғи жойда сақлайсиз. Бир ой ўтгач, ёнғоқдан ҳосил бўлган ширани бошқа идишга қуйиб оласиз. Уни қопқоғи ёпиқ идишда совиткичда сақлайсиз. Бу ширани овқатлангандан сўнг ярим соат ўтиб бир ош қошиқдан ичасиз.

Бу, албатта, даволанишнинг бир услуби. Агар нафини сезмасангиз, тушкунликка тушманг. Бу ҳолатга қарши шифокорларда кўпгина усуллар бор. Шунинг учун доим шифокор билан маслаҳатлашишни канда қилманг.

«Шифо инфо» газетасидан олинди.

Мақола 1 012 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*