Ёлғизлик

Слайд1Эрнест ҲЕМИНГУЭЙ

У негадир барларни ва қовоқхоналарни ёқтирмасди. Озода, ёп-ёруғ кафе эса бошқа гап. Ҳозир у узоқ ўйланмасдан уйига, ўз хонасига етиб олади. Тўшагига чўзилади, кун ёриша бошлаган пайт­да уйқуга кетaди. Уйқу олдидан у, ўзига-ўзи, бу фақат уйқусизлик бўлса керак, деб қўяди. Бу ҳолат кўпчилик одамларда учраса керак.

Кеч тушиб қолганди. Кафедан ҳамма чиқиб кетган, фақат ёлғиз электр нури остидаги дарахт барглари соясида ўтирган қария қолган эди. Кун бўйи  кўчада чанг тўзони  кўтарилган, бироқ тун­ги шудринг аллақачонлар ғуборни аритган, чол эса кеч кирганда бу ерда ўтиришни ёқтирарди. Чунки у кар бўлиб, туннинг сокинлигини яхши ҳис қила оларди. Кафенинг икки официанти ҳам чолнинг бироз сархушлигидан хабардор, чол яхши мижоз бўлса ҳам, мабодо у бўкиб ичиб олгудай бўлса, ҳисобни тўламай чиқиб кетмаслиги учун, ундан кўз узмай ўтиришарди.

— Ўтган ҳафта у ўзини-ўзи ўлдирмоқчи бўлибди, — деб гап бошлади ёш официант.

— Нимага?

— Жонидан тўйганмиш.

— Сабаби нима экан?

— Ҳеч нима.

— Ҳеч нималигини сен қандай билдинг?

— Ахир бир дунё пули бор-ку.

Улар кафе эшиги энидаги деворга яқин столда, шабадада бироз тебранаётган дарахт япроқлари соясида ўтиришар, чол ўтирган биргина столдан бошқа қолган барча столлар бўш турган айвон томонга қарашарди. Шу пайт бир қиз билан бир аскар йигит кўчадан ўтиб қолишди. Кўча чироғи аскарнинг ёқасидаги сариқ юлдузчада ялт этди. Қизнинг ҳеч қандай бош кийими йўқ, йигитнинг ёнида шошиб кетарди.

— Ҳозир уни ҳарбий патруль олиб кетади.

— Олиб кетса, у ҳолда нима бўлади?

— У бу кўчадан тезроқ кетса яхши бўларди. Патрулга дуч келаши аниқ. Улар бор-йўғи беш дақиқа илгари ўтиб кетишганди.

Қария эса ҳалиям кўланкада стакани билан тарелкасини тақиллатганча ўтирарди. Ёшроқ официант унга яқин келди.

— Нима буюрасиз?

Қария унга қараб:

— Яна битта коньяк, — деди.

— Маст бўлиб қоласиз, — насиҳатомуз гапирди официант. Чол унга яна қараганди, офи­циант нари кетди.

— У тун бўйи қолади шекилли, — деди у ўртоғига. — Мени ҳозир уйқум келаяпти. Ҳеч қачон соат 3:00 дан кейин уйқуга кетмагандим. Ўтган ҳафта ўлиб кетганида яхши бўларкан.

Официант кафе ичидаги пештахтадан яна битта тарелка ва бир шиша коньяк олиб, чол ўтирган стол олдига шитоб билан борди. Тарелкани стол устига қўйди ва стаканга тўлдириб бренди қуйди.

— Ўтган ҳафта ўлиб кетганингда яхши бўлар экан, — ижирғанди у кар чолга қараб. Чол эса бармоғи билан имлади.

— Яна озроқ қуй, — деди у. Коньякни офи­циант шунақа қилиб қуйдики, стакандан тошиб кетиб, тарелка устига тўкила бошлади.

— Миннатдорман, — деди қария. Официант шишани кафе ичкарисига олиб кетди. У яна стол атрофига келиб, шериги ёнига ўтирди.

— Кайфи ошган, — деди у.

— У ҳар куни ғирт маст бўлади. Нима учун ўзини ўлдирмоқчи бўлибди?

— Мен қаёқдан билай?

— Нима қипти?

— Ўзини осибди.

— Ким қутқариб қопти?

— Қиз жияни.

— Нега чолни қутқарибди?

— Жаҳаннамга тушмасин деб.

— Қариянинг қанча пули бормиш ўзи?

— Жуда кўп.

— У саксонларга кирган бўлса керак.

— Уйига кетса яхши бўларди. Бирон марта соат учгача уйга боролмаганман. Шуям иш бўлдими?

— Ёқса керакки, кетгиси келмайди.

— У сўққабош. Мен эса ёлғиз эмасман. Уйимда кутаётган хотиним бор.

— Бир вақтлар унинг ҳам хотини бўлган.

— Аммо, ҳозир унга хотин керакмас.

— Бунақа дема. Хотини бўлганда, балки, яхши бўларди.

— Қиз жияни қараб туради.

— Биламан. Ўша чолни қутқарди, дединг-ку.

— Мен унга ўхшаб қаришни истамасдим. Бунақа чоллар ҳеч кимга ёқмайди.

— Ҳаммаси ҳам эмас.   Бу қария ораста. У тўкмай ичади. Ҳатто ғирт маст бўлгандаям. Ана, қара.

— Қарашни истамайман. Уйимга кетгим кел­япти. Ишлайдиган одамга нисбатан заррача ҳурмати йўқ.

Қария стакандан кўзини узиб дастлаб қарама-қарши тарафга, кейин официантлар томонга қаради.

— Яна коньяк, — деди у, стаканга ишора қилиб. Шошилиб турган официант чолнинг олдига келди.

— Тамом, — деди у чет элликлар ёки маст одамлар билан гаплашганда аҳмоқ одамлар ишлатадиган оҳангда. — Бугунга етарли. Кафени бекитамиз.

— Яна битта, — деди қария.

— Йўқ.Тамом.

Официант сочиқ билан стол четини артди-да, «Йўқ» дегандай бошини тебратди.

Қария ўрнидан турди, бўш стаканларни секин санади-да, чўнтагидан чарм ҳамёнини олиб, ичимлик ҳақини тўлади, яна ортиқча ярим песета хизмат ҳақи қолдирди. Официант унинг ортидан қараб қолди. Чол чайқалганча, бироқ виқор билан қадам ташларди.

— Яна бироз ўтириб ичишига нега имкон бермадинг? — деб сўради официантнинг ёши катта шериги. Улар деразаларга панжараларни туширишарди. — Ҳали бор-йўғи соат икки ярим бўлган бўлса.

— Мен уйга кетмоқчиман. Ухлайман.

— Бир соат олдин боришдан нима ютасан.

— Унга эмас, менга ўша бир соат керак.

— Вақт ҳамма учун бир хил.

— Энди сен ҳам ўша қарияга ўхшаб гапиряпсан. Бир шиша сотиб олиб, уйига бориб ичса бўдади-ку.

— Бу ернинг гашти бошқача-да.

— Тўғри айтасан, — деб қўшилди хотини бор официант. У адолатсиз бўлишни хоҳпамасди. Фақат шошаётганди, холос.

— Ўзинг-чи? Одатдагидан аввал уйга боришдан қўрқмайсанми?

— Нима, устимдан куляпсанми?

— Йўқ, оғайни. Шунчаки ҳазиллашдим.

— Йўқ, — деди шошаётган официант, туширилган панжарани қулфлаб, қаддини тиклар экан. — Ўртада ишонч бор. Бутунлай ишонаман.

— Сен ёшсан, ўзингга ишончинг, ишинг ҳам бор, — садо чиқарди катта ёшли официант. — Бундан ортиқ одамга нимаям керак.

— Сенга нима етишмайди?

— Ишдан бошқа ҳеч нимам йўқ.

— Менда бор нарсанинг ҳаммаси сендаям бор-ку.

— Йўқ, менда ҳеч қачон ишонч бўлмаган, қолаверса ёш ҳам эмасман.

— Бас қилсанг-чи. Қаёқдаги гапларни гапирасан-а, тезроқ ёпайлик.

— Кафеда узоқ ўтириш менгаям ёқади, — гапида давом этарди ёши катта официант. — Тезроқ бориб ётишни хуш кўрмайдиганлар тоифасиданман. Тунда ёруғлик истаган одамларданман.

— Мен тезроқ уйимга бориб ухлашни хоҳлайман.

— Бир-биримизга ўхшамас эканмиз, — деди ёши катта официант. У ҳам уйга кетиш учун кийиниб олганди. — Ёшлик ҳам, ишонч ҳам жуда ажойиб, аммо, гап уларда эмас. Ҳар оқшом мен бу ерни истар-истамай беркитаман, чунки кимдир кафега келиши мумкин.

— Оғайни, туни бўйи очиқ қовоқхоналар бор.

— Ҳеч нимани тушунмайсан. Бу кафе тоза ва шинам жой. Боз устига жуда ёруғ ҳам. Ёруғлик яхши нарса, қолаверса бу ерда баргларнинг соя­си ҳам бор.

— Хайрли тун, — сўзини кесди ёш официант.

— Сенгаям, хайрли тун, — хайрлашди ёши каттаси ҳам.

У электр чироқни ўчирар экан, ўзи билан ўзи суҳбатлашишни давом эттирди. «Албатта, ёруғ бўлгани яхши, бироқ тоза ва ораста бўлиши жуда муҳим. Мусиқа бўлишини истамайсиз. Шубҳасиз, мусиқа керак эмас. Барда-ку бундай хотиржам ичиш имконияти йўқлигини гапирмаса ҳам бўлади, қолаверса, бунақа вақтда бошқа борадиган жой ҳам йўқ бўлса. У нимадан қўрқсин? Гап қўрқувда эмас. Бу ҳис ҳеч нарса эмаслигини у жуда яхши билади. Бу ҳаёт ҳам, инсоннинг ўзиям ҳеч нимага арзимайди. Мана, гап нимада. Энг муҳими, ёруғлик ва албатта орасталик билан тартиб. Баъзи одамлар яшашга яшайверадилару мана шуни теран англамайдилар. Аммо, у бунинг ҳаммаси ҳеч нима ва яна бир карра ҳеч нима, албатта, ҳеч нима, шубҳасиз, ҳеч нима ва умуман ҳеч нима эканлиги яхши билади. Ҳеч нима сеникидир Тангрим, илоҳим ҳеч ниманг улуғвор бўлсин, илоҳим, бошимизга ҳеч нимангни тинмасдан ёғдир, ҳеч нима ва яна ҳеч нима доимо биз билан бўлсин».

У ним жилмайиб, кўчадан ҳам кофе қайнатгичи ялтираб кўриниб турган бар олдида тўхтади.

— Сизга нима керак? — деб сўради бармен.

— Ҳеч нима.

— Ақлинг жойидами ўзи, — энсаси қотди бармен ва нари кетди.

— Қаҳва, — деди официант.

Бармен унга қаҳва қуйиб узатди.

— Бу ер ёруғ ва ёқимли экану, аммо озода эмас экан, — деди официант.

Бармен унга қараб, чурқ этмади. Суҳбатлашиш учун вақт жуда бемаҳал эди.

— Яна қаҳва қуяйми? — деб сўради бармен.

— Йўқ, раҳмат, — рад этди официант ва таш­қарига чиқди.

У негадир барларни ва қовоқхоналарни ёқтирмасди. Озода, ёп-ёруғ кафе эса бошқа гап. Ҳозир у узоқ ўйланмасдан уйига, ўз хонасига етиб олади. Тўшагига чўзилади, кун ёриша бошлаган пайт­да уйқуга кетaди. Уйқу олдидан у, ўзига-ўзи, бу фақат уйқусизлик бўлса керак, деб қўяди. Бу ҳолат кўпчилик одамларда учраса керак.

 

Рус тилидан Темур Тангриберганов таржимаси.

Интернет манбаларидан олинди.

Мақола 833 марта ўқилган

1 Комментарий для Ёлғизлик

  1. Qale

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*