Етти секунд…

photo_2016-10-05_17-56-25Ёшлигимда бирор бир  филм томоша қилиб туриб ундаги воқеалар ривожидан ҳайратланардим.  “Ҳаётда бунақаси ҳеч қачон бўлмаса керак” деб ўйлардим. Аммо…Улғайдим, вақт ўтди. У отини қамчилаб бизни ўзи билан анча олисларга олиб кетди. Ёшлигимда кўрган филмларим эса ҳаётимда худди сериалдек айлана бошларди…

Гапни нимадан бошлашни билмаяпман. Чунки қаердан бошласам ҳам  “Ҳаёт филмимни” инсонларга ярмидан қўйиб бераётганга ўхшаяпман. Яъни худдики менинг кинойимни кўрган одам ундан ҳеч нарса тушунмагандай бўлмоқда…

Келинг ўша умр йўлларимни бирданига ўзгартириб юборган , ҳаётимни тўфондай келиб бузиб, охирида ҳамма орзу қилган бахт берган ўша “филм” ни қўйиб берсам.

Хуллас… Қадрдоним.

Мени тақдир деган катта кўчадан адаштирган ва адаштириб бахт томон етаклаган бир воқеа борки у бутун умр мен билан яшаб келмоқда. Соя бўлиб ортимдан эргашиб юрибди. Балки ўтган кунларимни унутмаслигим учун ҳам у мен биландир… Кўп гапирдим-а…

Кеч куз… Кўчада, мен унча  хушламайдиган ёмғир майдалаб ёғиб турарди . Деразам ойнасидан, бизга яқин бўлган ва машиналар гавжум бўлган йўлга ҳаёл суриб термулиб ўтирардим.

Шунда телефоним аллақандай ваҳимали жиринглаб қолди. Қарасам «Меҳрибоним» деган ёзув экан. Ҳа айтганча «Меҳрибоним» менинг онажоним. Биласизми қадрдон, менинг онам дунёдаги энг меҳрибон ва қўли ширин аёл. Агар шубҳа қилсангиз онажоним пиширган сомсалардан еб кўринг. Шуларни ўйлаб, кўнглим хотиржам бўлиб гўшакни кўтардим.

— Аъло болам, яхшимисан. Тан-у жонинг соғми ?

— Ассалому алейкум ! Раҳмат онажон. Шукр, ҳаммаси яхши.

— Болам бугун тушимга кирибсан. Сени жуда соғиндик. Уйга бир келиб кет. Отанг ҳам сўраяптилар. Кўнглим алланечук ғаш болам. Шунга сендан хавотир олдим.

— Оббо меҳрибоним-э. Нимага хавотир оласиз. Мен яхшиман. Аъло! Янги китобимни нашрга тайёрлаяпман . Худо хоҳласа ишларимни битириб албатта бағрингизга учаман онажон. Ҳечам хавотир олманг. Дадам ва акамга саломимни етказинг. Хайр онажон !

-Майли болам қаерда бўлсанг ҳам жонинг соғ бўлсин. Оллоҳ сени паноҳида асрасин !

Шундай дея гўшакни қўйдилар онажоним.

Мен эса тобора яқинлашиб келаётган учрашувни эслаб, гарчи шоир бўлсамда шу учрашувга айтиш учун тайёрлаган махсус сўзларимни такрорлашни бошлагандим. Ўша куни ёмғир ёғаётганлиги учунми нимагадир учрашувга бориш ёқмаётган эди. Лекин ҳаётимда шундай бир ширали овоз соҳибаси бор эдики, унинг бир оғиз гапидан сарҳуш бўлиб ўзимни еттинчи осмонларда ҳис этардим. Ким деяпсизми,ҳозир. У менинг ягона муҳаббатим Нилуфар эди. Ўша куни ҳам унинг айтган битта сўзи ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. “Жамшид акаааа, нега келмаяпсиз. Демак,севмас экансизда. Кўчага қаранг ёмғир қандайин мароқ билан ёғмоқда. Мен севган ёмғир. Лекин ҳозир негадир қўрқяпман. Ҳиёбонда сизни кутиб шалаббо бўлиб кетдим. Мени севсангиз тезроқ келинг”. У шундай аразли оҳанг билан қўнғироқни якунлаган эди. Мен эса ўша қизни жонимдан ҳам ортиқ севганим учун кўчага қандай отилиб чиққанимни билмайман. Автобус бекатига чиқиб автобус кутишга ҳам сабрим етмади. Натижада таксига ўтириб учрашувга отландим. Ҳаяжонданми ёки қўрқувданми билмадим гул олишни ҳам унутибман. Такси ҳайдовчисига нуқул қайтарган гапим эса “Ака тезроқ ҳайданг. Кеч қоляпмиз”.  Светофорнинг қизил чироғига тўхтаганимизда эса фиғоним фалакка етди. 11…10.. Мен нодон эса ҳайдовчини шоширардим. 9…8….7………………. Ўз кўзим билан кўриб турибман. Ҳали қизил чироқ ўчишига етти секунд бор эди. Лекин менинг гапларим, қанақадир безовталигим сабабли ўша сонияда такси ҳайдовчиси машинани ҳаракатлантирди. Минг афсуслар бўлсинки ён  томондан келган бошқа машина кучли зарб билан бизни машинага тўқнашди. Ўз кўзим билан кўрганларим шу тўқнашувгача эди. Шундан кейин мени оғир аҳволда касалхонага олиб боришган. Ўзимга келганимда эса оёқ қўлим ишламайдиган бир ҳолатда эди.

Ёнимда онажоним йиғлаааб турардилар. На қимирлаб биламан, на гапириб биламан. Фақатгина эшитаман холос. Онамнинг кўз ёши юрагимни баттарроқ қийнаётган эди. Кунлар ўтаверди… Соатлар, сониялар айланаверди. Ўша мудҳиш воқеадан кейин мен гапиролмайдиган бўлиб қолдим. Албатта бу ҳол мени инқироз кўчасига олиб келган бўлса ҳам тириклигимни ўзи ота-онам учун қанчалик бахт эканлигини кўриб анча таскин топганман . Дўстларим, ёр-у биродарлар ҳатто шифокорнинг ҳам мени юпатиб айтган “Ҳали яхши бўлиб кетасан” -деган гаплари менга унча қизиқ эмасди. Ваҳоланки шифокорларнинг онамга айтган бир гапини эшитганман.  “Ўғлингиз энди ҳеч қачон гапиролмайди”. Анча вақтгача ўзимга келолмадим. Оллоҳдан доим бир илтижо қилардим. Менга яна забон ато этса-ю, мен билан доим бирга бўлган ота-онамга раҳматимни айтсам .Чунки фақат ота-онам мени ўша кунларда ёлғиз қолдирмадилар. Тўғри Нилу ёнимга бир неча бор келиб кетди. Лекин кейин… Хуллас, қадрдоним 2-3 кунда хабар оладиган Нилуфаримдан келиб-келиб умуман дарак бўлмади. Смс ҳам, ўзи ҳам қаерларгадир ғойиб бўлганди. Мен бундан анча хавотирланиб онамдан сўраганимда, онам қўлимга тутган хат мени карахт аҳволга солди. У хатда турмушга чиққанлигини ва мени унутганлигини ёзган эди. Кўрдингизми ?! Бу гўёки суратга олинган кино ёки қайтариб ёзилган ценарийга ўхшайди. Мен бу воқеага шунчаки кўз юмдим холос. Аслида ундан орттирган жароҳатларим-у бир дунё дардларим кўксимни чап томонидаги бир қабрга кўмилган. Вақти вақти билан шу қабрни очиб ундан хулоса тариқасида бир иккита шеър ёзиб тураман. Ўша шеърларим эса ҳозир машҳур қўшиқчилар томонидан куйланмоқда. Ўша дард мени машҳур қилди. Ўша азоб менга ўзим йўқотган бахтни, орзуларни қайтарди… Ўша дардлардан яралган ва тўлдирилган учинчи китобим нашрдан чиқди. Қанақа ном билан дейсизми. «Имтиҳон ёҳуд етти секунд…»

Бу ҳикоям билан нима демоқчиман: Умримизнинг ҳар бир сонияси ҳаётимизни ўзгартириб юбориши мумкин. Инсон тирик экан ҳар бир куни синовларда, имтиҳонларда ўтади. Бу синовга дош бериш учун инсонда юксак ирода ва албатта, Оллоҳ ҳамда ота-она меҳри керак бўлади. Ҳаётимиздаги имтиҳонлар бизни синдириш учун эмас аксинча янада комил инсон қилиш учун юборилган синовдир…

Ҳа яна бир янгилик энди мен ҳам қўшиқ куйлаяпман…

 

Ўтди секунд, кетди секунд,

Бизни бахтсиз этди секунд.

Иккимизни жудо қилган-

Ўша қаро етти секунд.

 

Ўтди секунд, кетди секунд,

Бизни бахтга этди секунд.

Бу кунларга етмас  эдик-

Бўлмаса шу етти секунд.

 

Достон  Давлат Шоҳ,

«Mulohaza.uz» маҳорат мактаби аъзоси.

Мақола 954 марта ўқилган

5 Комментариев для Етти секунд…

  1. Ajoyib juda tasirli ijoddan to’xtamang!!!

  2. Doston Bek do’stim hikoyalar yozishdan to’xtamen

  3. Hammaga rahmat do‘stlarim. Shoxrux, Ulug‘bek tashakkur sizlarga !

  4. Assalomu alaykum!
    Bu hayotiy voqeani o’qib ,juda ta’sirlandim.Qahramonlarning o’rniga o’zimni qo’yib ko’rdim.Hayotimizdan ba’zi insonlarni chiqib ketgani bu yaxshilikka!Hamma narsaning o’z xikmati bor.
    Ota-onalarimizning borligiga shukr!Umrlari ziyoda bo’lsin!
    Hikoya muallifi va sayt faollariga ham tashakkur!

  5. Hayot bizni yo’liqtirgan har bir insonga rahmat aytishimiz va ulardan minnatdor bo’lishimiz kerak.Kimlardir yordam bergani uchun,kimlardir o’rnak bo’lgani uchun,kimlardir dars bo’lgani uchun!Va yana kimlardir shunchaki borligi uchun!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*