Яхшиликдаги ёмонлик

photo_2016-09-19_17-33-11Отамнинг топиш-тутишининг унчалик “маззаси йўқ”лиги сабабли, онам мактабдаги ўқитувчилик ишларини ташлаб, бозорга — растага савдо-сотиққа чиқиб кетдилар.
Бироз қийин бўлсада, онам “товар”ларни Қозоғистон давлатидан олиб келардилар, шунга яраша сотув анжомлари бошқаларникидан нодирроқ эди.
Мен дарслардан кейин онамга савдо анжомларини йиғиштиришга ёрдамлашардим.
Онам бир куни сотувга ҳар хил оёқкийимлар олиб келдилар. Бизнинг ёнимизда савдо қиладиган бир аёл уларни кўриб:
-Бошқа бозорларда шундай пойафзаллар йўқ, фақат сиз борадиган “Сафар” бозорида бор, булар роса ҳаридоргирда, деб ҳавас қилиб қўйди;
Онамдан бир кўзга ташланадиган оёқкийимни менга мактабга кийишимга беришларини сўрадим.
Онам бечора ҳарна савдомиз юришиб кетиши учун, “ҳозир киймай турақол, қизим, сал оёққа туриб олайлик” дедилар.
Мен яна эски оёқкийимимни кийиб турадиган бўлдим.
Ихтисослаштирилган мактабда ўқиганлигим учун дарсларимиз кеч тугарди. Бир куни жуда кечикиб қолганлигим сабабли, уйга келсам, онам ўзлари савдо кийимларини йиғиштириб келибдилар.
-Жуда чарчадим, қоронғу бўлиб қолди, сен йўқлигингга шошилиб йиғиштирдим, жуда қийналдим дедилар.
Ўша куни онам шошилганларидан бир сумка оёқкийимни қолдириб кетган эканлар. Бундан мактабдан бозорга қайтгач, хабар топдим.
Яхшиямки, қўшни аёл олиб қўйган экан.
Уйга қайтгач, онам:
-Шу аёл жуда яхшида, унга бир оёқкийим бермадимда, ҳеч бўлмаса, арзонроғидан суюнчисига дедилар. Эртасига онам унга арзонроқ пойафзал берсалар олмабди, уят бўладия дебди.
Бир куни онамдан ўтган сафар илтимос қилганим — қимматбаҳо оёқкийимни кийишимга беришларини яна сўрадим.
Онамлар беролмасликларини, ўзларининг назарларида бу оёқкийимдан ҳам, бошқаларидан ҳам бир ўлчамдан йўқолгандек туйилганини айтдилар. Кейин, қўй гумон қилмайлик, дедилар.
Ўша — бизнинг ёнимиздаги растада савдо қиладиган аёлнинг қизи мени ўқийдиган мактабда мендан бир синф пастда ўқир эди.
Уни бир куни мактаб ошхонаси ёнида учратиб қолдим.
Не кўз билан қарайки, оёғига мен ёқтирадиган оёқкийимдан кийиб олибди. Рости, ичимга ғулғула тушди.
-Оёқ кийиминг чиройли экан, — дедим.
-Бунақаси бизларнинг бозорларимизда йўқ, онам буни менга Қозоғистондан олиб келган, — деди.
Ҳайрон бўлиб, бир ўзимнинг эски оёқкийимимга, бир унинг қимматбаҳо оёқкийимига қарадим, чунки, унинг онаси ҳеч қачон Қозоғистондан юк олиб келмасдида!

Олима Орзиқулова

«Mulohaza.uz» маҳорат мактаби аъзоси.

Мақола 662 марта ўқилган

1 Комментарий для Яхшиликдаги ёмонлик

  1. Зур чикибди менга йокди

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*