Яхши китоб ўқувчини сархуш қилади

photo_2016-12-27_21-12-47

Фозил Искандар. Грант Матевосян. Бири абхаз, бири арман адиби. Номи бизда ҳозирча у қадар машҳур бўлмаган бу адибларнинг китобларини дастлаб ўқиганимда, болалик хаёлларига берилганман. Энди-энди оқариб келаётган тонг, бутун қишлоқ хўроз қичқириғидан уйғонаётган дам, бобом билан сигир етаклаб даштнинг тупроқ йўлидан бораётганимиз, намиққан далалар, намиққан тариғу беда майдонлари, дунёдан, унинг ташвишларидан баландда турган болалик…

Бу адиблар асарларини ўқиб, юксаклик ҳақида ўйлай бошлайсан. Ўша болаликдаги баландликдай ўй-хаёллар қуршовида қоласан.

Абхаз сўз санъаткори Фозил Искандар асарларидан сараланган айрим сатрларни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Киноя, пичинг, кесатиқ ва ўша баландлик ҳар қандай адабиёт ихлосмандининг эътиборини тортиши аниқ.

* * *

Россияда ҳамма ниманидир сўрайди. Сўрамайдиганлар эса, ҳеч нима сўрама деб ёлворади. Бундан чиқди, улар ҳам сўрайди.

* * *

…жиннилик ҳақидаги маълумотномани соппа-соғ одам ҳам сотиб олиши мумкинлиги хаёлларига ҳам келмайди уларнинг. Бунинг устига, ҳаттоки ғирт жинни ҳам ўзининг соппа-соғ эканини кўрсатувчи маълумотномани сотиб олиши мумкин бизда! Қай маълумотноманинг харидорлари кўплиги ҳам номаълум.

* * *

Гадойнинг ёнида бир болакай турибди. Мен чўнтагимга қўл суқиб, бир ҳовуч чақаларни олдим-да, нимагадир уларни эркакнинг эмас, болакайнинг ҳовучига тўкдим, ҳолбуки эркак менга яқинроқда ўтирган эди. Болакай чақаларни шу заҳотиёқ эркакка беришини яхши билсам-да, ўзимга шуниси ёқимлироқ туюлди. Агар бу эркак болакайнинг отаси бўлмаса ҳам, ақалли уни яхшироқ қадрлай бошлайди-ку.

* * *

Умуман, энг ишончли яхшилик одатга кўра қилинадиган яхшиликдир.

* * *

Черков – камбағалларнинг фоизи нариги дунёда олинадиган банки. Банк – бойларнинг Худоси сейфга қа­малган черкови.

* * *

Яхши китоб ўқувчини сархуш қилади. Ёмон китобни ўқиганингиздан кейин тозаланиб-покланиш учун дарҳол миянгизни чайқаб олишни истаб қоласиз. Мен шундай қиламан ҳам…

* * *

Яхшилик қилишга мойил одам ақидалар билан ҳисоблашиб ўтирмайди ва ҳар қандай йиқилганнинг оёққа туриб олиши учун унга ёрдам қўлини чўзади. У “Йиқилган бунга лойиқми?” деб ўйлаб ўтирмайди. Йиқилиб кўмакка муҳтожми, демак, кўмакка лойиқ!

* * *

Телевизор кўришнинг энг гаштли томони шундаки, уни ўз қўлинг билан ўчириб қўя оласан.

* * *

Қарияпман. Ҳалитдан бу дунё ҳақида худди ўсмир-ўғил ҳақида ўйлагандек мискинона ва маҳзунона хаёлларга чўмаман: эртага менсиз унинг ҳоли не кечар экан-а?

* * *

Тубсиз чоҳ устидаги ақлнинг мустаҳкам таянчи – бадиий асарнинг шакли айнан мана шу, бундан бошқа нарса эмас.

* * *

Илҳом ёқимли, лекин қийноқли ҳолат. Мана, дейлик, мен бир асар ёздим-да, яхши ёздим деб ҳисобладим. Ухлагани ётдим. Эртасига эрталаб ишнинг энг ёқимли қисми – қораламани тозалаш бошланади. Бу иш жазирама ёз чоғида муздеккина апельсиннинг қобиғини арчишга ўхшайди.

* * *

…куч-қудрат одамга қизиққонлик қилиш ҳуқуқини беради.

* * *

Умр – бисотини бой бераётган қиморбоз, кўп яшаганинг сайин яна-да кўпроқ яшашни хоҳлайверасан.

* * *

Денгиз сайёҳи мўлжални учаётган юлдуздан олмаслиги керак…

* * *

Қачон азобли ўйлардан кейин сенга ҳақиқатнинг зарраси очилса, ана ўшанда сен уни ҳимоя қилиш йўлида қўрқмас бўласан.

* * *

Қаердаки ғалаба ҳақида кўп гапирилаётган бўлса, ўша ерда ҳақиқатни унутиб қўйганлар ёхуд ундан яширинишга уринадилар.

* * *

Шундай қилиб, ўзига ўзи мот қўяр экан, у бу ишни ўз қўли билан қилиб, бир ҳисобда ўзини эмас, мени мот қилди гўё. Мана, у мағлубиятни қанчалик ёмон кўради!

* * *

Ҳаттоки бировни жиноятчи деб шубҳаланганингда ҳам уни яширинча эшитиш керак эмас. Чунки шубҳа асосга эга бўлмаслиги, усул эса, кенг илдиз отиши мумкин. Мен айтмоқчиманки, ҳар бир яширинча эшитаётган кимса “Мен уни жиноятчи деб ўйлайман” дея ўзини оқлашга уриниши мумкин. Агар ҳақиқий жиноятчини кузатаётганингга қатъий ишонч ҳосил қилсанг, ана шундагина яширинча эшитиш мумкин ҳам шарт.

* * *

…одатда оломон нимадандир хурсанд бўлаётганида у ҳар қандай хурсандчилик эртадир-кечдир тугаб битишини билмайди. Ана шунда, хурсандчилик камайиб боргани сайин, хурсанд бўлаётганлар, хурсандчилик тугаб битаётганини ич-ичдан ҳис қилиб, бунда айнан ким хурсанд қилган бўлса, ўшани айблашга мойил бўлади. Нега у бизга бахш этган хурсандчилик чексиз эмас ва бу қадар тез тугаб қолди, дея уни айблай бошлайди.

* * *

Бир одам шундай ақлли гап айтган экан: мияга яхши фикр келибди, бироқ унинг бўм-бўшлигини кўриб қайтиб кетибди.

* * *

Мен муайян шароитларда ўлимни муносиб тарзда кутиб олиш, ўлимни ҳақ деб билиш кераклигига ўзимни ўргатдим. Кўп нарса мана шунга боғлиқ. Ҳеч кимнинг ўзимни таҳқирлашига ва мен турган жойда ҳеч кимнинг таҳқирланишига йўл қўймаслик ўсмирлигимнинг энг буюк шиори эди.

* * *

…узоқ яшаган одам ёруғ дунёга ўрганиб, мазахўрак бўлиб қолади, ўлгиси келмайди. Ёш йигит эса ҳали ҳаётнинг нашъасини сурмаган, ўлимдан ҳам тап тортмайди. Ўзини ўтга-чўққа ураверади.

* * *

Ўлат тарқалган заминни безаб турадиган бирдан-бир нарса – эркаклар ўртасидаги биродарлик…

* * *

Йўқ, мен янгиликка қарши эмасман. Лекин меъёрида бўлсин-да. Бизда ҳам ҳамма нарса бор: газ плитаси дейсизми, ваннахона дейсизми… Тирикчиликка нима зарур бўлса, бор-да ишқилиб. Аммо дабдабанинг нима кераги бор? Кўз-кўз қилишнинг нима кераги бор? Кераги йўқ! Мен буни ҳазм қилолмайман. Майли, отамдан қолган жавон қандай турган бўлса, тураверсин. Отам замонида деворга осилган гилам осиғлигича қолаверсин. Ош-нон сўраётгани йўқ-ку!

* * *

Нимасини айтай, биз туғилмасимизданоқ хомталаш бўлган бу дунёда яна қайта туғилишни орзу қилишга арзийдиган ҳеч нарсани кўрганим йўқ.

* * *

Бинога яқинлашганимда ичкаридан олтитача мелиса югуриб чиқиб, отишмага қулоқ сола бошлади. Кўрган одам, қувноқ бир таронани тинглаяптими булар, дейиши аниқ эди. Ўқ овози чиққан томонга югуриш қаёқда! Ана сизга совет мелисасининг аҳволи…

* * *

Бир танишим, исмини айтмайман, фалон пулга хотинига пўстин олиб берипти. Қалинлиги бир қарич. Хўш, йил-ўн икки ой офтоб чарақлаб турадиган юртимизда бунақа пўстиннинг нима кераги бор? Март ойида ўша хотин пўстинини кийиб, дафн маросимига борипти. Кўз-кўз қилмоқчи бўлган-да! Иссиқдан димиқиб, ҳушидан кетипти. Қани, энди ўзларинг айтинглар: мотамсаролар бунга қарасинми, ўликками? Ана сизга мақтанчоқликнинг оқибати! Хитойларнинг гапида жон бор: жир битган, ёғ босган бизни!

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Мақола 289 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*