Яшм тоши

images (1)Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг севимли набираси Мирзо Улуғбек ҳукмдорлиги даврида мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатиш, яқин-йироқ давлатлар билан савдо-сотиқ, ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртда ободончилик ва қурилиш ишларини олиб бориш, илм-маърифатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Тарихга назар ташласак, аксарият ҳукмдорлар уруш олиб боришни ёқтиришган, шу орқали ўз ҳудудларини кенгайтириш, ўзгаларнинг бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилишган. Мирзо Улуғбекка бундай дастур, сиёсат ёт бўлган. У қирқ йиллик ҳукмронлиги даврида фақат икки марта ҳарбий юриш қилган. Кошғар Амир Темур вафотига қадар унинг тасарруфида эди. У бобоси қазосидан кейин қўлдан кетган Кошғарни қайтариб олишга қарор қилади. Шу мақсадда 1416 йилда Кошғар — Шарқий Туркистон устига юриш қилиб, ғалаба қозонади.

Мирзо Улуғбек бошлаган иккинчи уруш 1425 йил баҳор кириши арафасига тўғри келди. Юз кун давом этган муҳораба Мўғулистон хони Шералихонга қарши бўлади. Ўша йилнинг 5 май куни бўлган ҳал қилувчи жангни муаррих Абдураззоқ Самарқандий шундай тасвирлайди: “Икки лашкар худди мовий денгизга ўхшаб жушу хуружга келиб, бир-бирлари устига ташландилар. “Ҳаё-ҳаё!”, “Ур, ҳа, ур!” наъралари янгради. Олам шаҳзодаси Улуғбек Кўрагоннинг байроғи илоҳий қудрат ва раббоний кўмак туфайли баралла ёйилди, фатҳу нусрат офтоби иноят матлаъидан балқиди ва ўша куни эрта тонгдан то кечгача ғалаба ёр лашкарнинг уриш, тутиш ва ўлдиришидан бўлак бошқа иши бўлмади. Ул жаноб (Мирзо Улуғбек) осмон қадар бедовни ўша ерлардаги яйловларнинг энг яхшиси бўлган ва ул мавсумда райҳонларнинг хилма-хиллиги билан олий беҳиштнинг гулзори тусини олган Юлдуз яйлови томон илғор тарзида ҳаракатга келтирди”.

Ушбу жангда ғалаба қозонган, эндигина йигирма беш ёшни қаршилаётган Мирзо Улуғбек Юлдуздан кўчиб, аввал мўғул хонларининг бош қароргоҳи бўлган – Қаршига келади. У хос  кишилари билан бўлиб ўтган жангдан кейин қилинадиган ишлар ҳақида маслаҳатлашиб турганида, чопар унга қуйидаги хабарни етказади: мағлуб бўлган хон қароргоҳидан икки бўлак улкан тош топилди. У оддий тошга ўхшамайди.

Мирзо Улуғбек мулозимлари билан тош топилган жойга бориб, тошларни синчиклаб кўздан кечиради. Мулозимлар ўлжа қилинган икки бўлак тош ҳақида ҳукмдор нима дейишини кутиб туришарди.

— Ёшлигимда, — деб гап бошлайди Мирзо Улуғбек, — турли рангда товланувчи тошлар ҳақидаги ҳикояларни қизиқиб ўқиганман. Биз кўриб турган бу тош, ишончим комил, кош тоши, уни яшм тоши деб ҳам аташади. Бобом Амир Темур биздан олдин ҳам Мўғулистонни фатҳ қилган. Ўшанда кош тошига дуч келган. Тошнинг ноёблиги, ер юзида кам учрашини билиб, уни Самарқандга олиб кетмоқчи бўлган. Шунинг учун амир Жаҳоншоҳ бошчилигида бир неча минг кишини қолдирган. Улар тошнинг фақат бир бўлагини доруссалтанатга етказишган. Аслида уч бўлакли бу тошни Дува Чечанхон Чин тарафлардан олиб келиб, ўз қароргоҳига ўрнатган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида уни “улуғ тош” деб номлаб, ўлчамлари ҳақида ҳам хабар берган. Бобур Мирзо ўз асарида тош бир бўлагининг тўли (узунлиги) тахминан ўн тўрт-ўн беш қари (узунлик ўлчови, бир қари 70 сантиметрга тенг), арзи (эни) етти-саккиз қари ва умқи (баландлиги) бир қари деб ёзган. Агар уларни ҳозирги замон ўлчовлари бўйича ҳисобласак, яшм тоши узунлиги 9,80 — 10,50 метр, эни 4,90 — 5,60 метр, баландлиги 70 сантиметрга тенг бўлади.

Мирзо Улуғбек шу ернинг ўзида “Яшм тошининг қолган икки бўлаги доруссалтанат Самарқандга етказилсин!” деб фармон беради. Бу ишга икки минг аскар жалб этилади. Усталар тошларни юклаш учун махсус аравалар ясайди. Тошлар ортилган араваларни оғир юкларни ташишга мўлжалланган от ва ҳўкизлар тортиб боради.

Мирзо Улуғбек Самарқандга 1425 йил 27 июнь куни    қайтади. Бир неча ойдан сўнг яшм тошларини олиб келган карвон ҳам доруссалтанат  дарвозасидан киради.

Соҳибқирон Амир Темур Улуғбекни севимли набираси сифатида жуда яхши кўрарди. Мирзо Улуғбек ҳам бобоси турбатини обод қилишни ўзининг набиралик бурчи деб билган. У ҳукмронлиги даврида бобоси мақбарасига кунчиқар тарафдан эшик очдиради ва эшикдан мақбарагача бўлган йўлда гумбазли айвон қурдиради. Қабрлар атрофига мармар панжаралар ясаттиради. Панжаралар бинонинг ички манзарасига ўзига хос ҳусн бағишлайди. Мўғулистондан олиб келинган яшм (нефрит) тошининг бир бўлагини сангтарош усталарга тарошлашни буюриб, уни ҳазрат Соҳибқирон қабри устига ўрнатади. Унинг иккинчи бўлаги ҳам тарошланиб, Боғи майдонга яқин жойда барпо этилган қасрга тахт қилиб қўйилади.

Икки ярим аср ўтиб, Туронзаминга бостириб кирган Эрон шоҳи Нодиршоҳ Самарқандни эгаллаб, Амир Темур қабри устига қўйилган қимматбаҳо яшм (нефрит) тошини олиб кетишга буйруқ беради. Соҳибқирон қабрини оёқости қилган Нодиршоҳ ўз ғанимлари томонидан ўлдирилади. Ноёб яшм тоши яна Амир Темур мақбарасига келтирилади.

* * *

Мирзо Улуғбек Шаҳрисабзга қилган сафарида бобоси киндик қони тўкилган, авлод-аждодлари дафн этилган жойларни зиёрат қилади. Амир Темур шу шаҳарда дунёга келиб, навқиронлик йилларини ўтказган, унинг обод ва гўзал шаҳар бўлиши учун ҳашаматли бинолар қурдирган, жангу жадаллардан қайтишда, албатта, бир кириб ўтган, Кеш ул зоти олий учун ҳамиша саждагоҳ каби мўътабар, қадрдон ҳисобланган.

Мирзо Улуғбек шаҳар ҳокими ўрдасига кириб чиққач,  зиёратини Оқсаройдан бошлайди. Сўнгра бобокалони  Муҳаммад Тарағай Баҳодир, хеш-ақраболари, пири-муршиди Шайх Шамсиддин Кулол қабрларини зиёрат қилиб, дуои фотиҳалар қилади.

Шаҳар ҳокими билан суҳбат анча вақтга чўзилади. Ундан халқ турмуши аҳволи, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ривожланиши, қурилиш ва ободончилик ишларини суриштиради.

Амир Темур вафотидан сўнг ҳам Кешда бир неча бинолар қурилган бўлишига қарамай, улар Улуғбекка Самарқанддаги иморатлар даражасида кўринмайди. Унда шаҳарда бир-икки кўзга кўринарли бинолар қуриш истаги туғилади. Қурилажак бинолардан бири ёнида мадрасаси бўладиган жомеъ масжиди бўлиши режалаштирилади. У оддий иморат бўлмаслиги, мовий гумбази, залворли пештоқлари билан эътиборни тортадиган даражада шаҳарнинг кўрки, иморатларнинг гултожи ҳисобланган Оқсаройдан кейинги ўринда турадиган, меъморчиликнинг энг яхши намуналаридан бири бўлиши лозим. Бундан ташқари, термизлик саййидлар Амир Темурга душманларга қарши курашда катта ёрдам кўрсатишган. Элда таниқли, Соҳибқиронга яқин бўлган машҳур уламо Абул Маолий ва унинг уч қариндоши умрининг охирги йилларида Шаҳрисабзда яшаб, шу ерда дафн этилган. Қабрлар қаровсиз қолаётгани Улуғбекнинг эътиборини тортади ва бу улуғ зотлар қабри устига муҳташам мақбара қуришни режалаштиради.

Қурилиш ишлари 1435 йилнинг баҳорида бошланади. Унга Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухородан моҳир усталар жалб этилади. Улар орасида ғишт терувчилар, тоштарошлар, ўймакор-ганчкорлар, наққош ва рассомлар бор эди. Улар бунёд этилажак биноларнинг, айниқса, масжиднинг кўрса кўз қувнайдиган, муҳташам бўлиши учун бор маҳоратларини ишга соладилар.

Жомеъ масжиди жуда улкан бўлиши кўзда тутилгани учун унинг гумбази икки қаватли қилиб тикланади. Гумбаз баландлиги кўк билан бўйлашадиган даражага етказилади. Меъморлар гумбазнинг улуғвор ва нафис бўлиши учун уни тиклашда кундал услубидан фойдаланади. Масжид гумбазига Мирзо Улуғбек ният қилганидек, мовий рангли бўёқлар ишлатилади. Масжиднинг ичкарисига моҳир усталар томонидан ҳар хил тасвирлар, ўзига хос лавҳалар, гул ва ўсимликларни ифодаловчи нақшлар, Қуръон оятлари билан чиройли безаклар берилади. Масжиднинг шимолий ва жанубий томонларида гумбазли айвонлар ҳам қурилади. Ўз даври учун улкан ва жозибадор ҳисобланган бу масжид билан бир вақтда мадраса толиби илмлари учун ҳужралар, саййидлар мақбараси қуриб битказилади. Қурилиши уч йил давом этган мазкур биноларнинг битказилиши шаҳрисабзликлар учун катта байрамдек бўлади. Бироз вақтдан сўнг Самарқандга Мирзо Улуғбек бошчилигида меҳмонлар ҳам етиб келишади. Мирзо Улуғбек масжид ва бошқа иморатларни томоша қилар экан, уларнинг сифатли қурилгани, гўзаллиги, ҳусну-тароватидан кўнгли тўлади. Бутун санъатини ишга солиб ишлаган усталарга тўнлар кийдирилади. Шу куни янги масжидда муаззиннинг намозхонларни ибодатга чорловчи илк азони янграйди…

Йиллар ўтиши билан бу муҳташам иморатлар халқ орасида Мирзо Улуғбек қурдирган жомеъ масжиди – “Кўкгумбаз” ва Термизий саййидлар мақбараси “Гумбази Сайидон” номи билан машҳур бўлиб кетди.

Шўролар замонида бир неча йиллар омборхонага айланган, хўжакўрсинга уёқ-буёғи таъмирлаб турилган Кўкгумбаз масжиди мустақилликдан кейин тўлиқ таъмирланиб, ўзининг аввалги гўзал қиёфасига эга бўлди. Чет эллик сайёҳлар ва зиёратчилар қадами узилмайдиган тарихий обидага айланди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун муҳташам иморат сифатида қад ростлаб турган иморатлар айнан яшм тоши сабаб, у туфайли бошланган зиёрат натижасида барпо қилинган эди. Кешни, Амир Темур мақбарасини обод қилиш режаси аввалдан бор эди, аммо айнан ўша яшм тоши режадаги ишларни, жараённи тезлаштириб юборган, десак муболаға бўлмайди…

Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист.

Мақола 1 242 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*