Хориждаги радиоларнинг ўзбек хизматларига очиқ хат

12-13bayonotАссалому алайкум ҳурматли ҳамкасблар. Бу хатни мен фуқаролик бурчим тақозо этаётгани учун ёзаяпман. Бор ҳақиқатни айтиш бу ҳар бир кимсанинг бурчидир.

Тарихга мурожаат қилайлик. 1989 йилда Ўзбекистон раҳбариятига Ислом Каримов келади. Кейинчалик Президент этиб сайланди. Ўшанда нима учундир марказий Россия матбуоти, кейинчалик хорижий оммавий ахборот воситалари Ислом Каримовни қаттиққўл, диктатор сифатида таърифлай бошлади. Бунга И.Каримовнинг Горбачевга бўйин эгмасдан мустақил сиёсат олиб боргани сабаб бўлган бўлса керак. Мустақиллик эълон қилинишини ҳам “мухолифатчи”ларнинг гапига ишонган холда хорижий матбуот бошқача талқин қила бошлади.

Эслайсизми, мухолифат аъзоларидан кимдир сўз ўйини қилиб “Ислом Каримов бошқача фикрловчиларни тириклайин ўтда куйдиради”, деган эди. Бу фикр сўзма-сўз бошқа тилларга таржима қилинди. Хорижий таҳлилчилар бу ўхшатишни жиддий қабул қилишди. Кейинчалик уларнинг сўзларини ўзбекларнинг ўзлари ҳам цитата сифатида қўллай бошлашди. Ахир бу ғирт ёлғон ва бемаънилик эдику. Бирор факт борми? Йўқ.

Бир сўз билан айтганда Каримов диктатор сифатида кўрила бошланди. Яъни ундан Демон яратилди. Лекин халқимиз дунёда энг маданиятли эканини 3 сентябрь куни яна бир бор исботлади. Ўзбеклар оддий бир инсон вафот этганда қайғуради, марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдард бўлади. Мамлакат раҳбарининг вафотига барча қайғурди. Кимлардир ёзганидек президентни сўнгги йўлга кузатишга одамлар зўрлаб олиб чиқилмади. Балки халқнинг ўзи эрта тонгда кўчага чиқди. Ислом Каримов хотираси учун катта ресторанларда ҳам, ўз уйларида ҳам ўз ҳисобидан эҳсон уюштирган оддий одамларни кўрдик. Демак Ислом Каримовнинг эзгу ишлари бесамар кетмабди. Унинг ўлимини Сталин, Брежнев ўлимига қиёслаш мутлоқо нотўғри. Сталин ўлимидан кейин “энди нима бўлади?” деган қўрқув бор эди. Брежнев ўлимини халқ деярли бефарқ кутиб олган эди. Ислом Каримов вафотига Ўзбекистон халқи катта йўқотиш сифатида қаради. Самарқандга — Ислом Каримов қабрини зиёрат учун ҳамон одамларимизнинг бориши давом этмоқда. Уларни ҳеч ким зўрламаяпти. Буни билиб қўйсангиз яхши бўларди. Балки халқимизни шаънига, мухолифатнинг айрим вакиллари сингари ноўрин сўзлар айтишингиз мумкиндир. Бу билан бутун халқни хақоратлаган бўласиз. Бундай маънавиятли халқни хақоратлаб бўлмайди.

Айни дамда тарих такрорланмоқда. Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ижобий ишлар сизларнинг радиоларингизда қора бўёқларда талқин қилинмоқда. Илтимос ҳодисага холислик билан ёндашинглар. Ниҳолни синдириб қўйиш керак эмас. Айни дамда Ўзбекистон ўзгаришлар арафсида. Буни биз кўриб турибмиз.

Яна бир гап. Касбим тақозо қилгани боис Ўзбекистон давлати (аввалига иттифоқдош, кейинчалик мустақил республика) ташкил этилган 1924 йилдан бери ўтган 92 йил давомида раҳбар бўлган биринчи котиблар, Олий кенгаш ва хукумат раҳбарларининг фаолияти билан танишишга тўғри келди. Бирор бир арбоб Шавкат Мирзиёев сингари Ўзбекистонни кезиб чиқмаган экан. Шавкат Мирзиёевни эса ватанимизнинг ҳар бир бурчагини пиёда кезиб чиққан десак янгишмаган бўламиз. У қадам босмаган бирорта ҳам туман қолмаган. Мирзиёев ватандоши бўлмиш Ҳамид Олимжоннинг “Водийларни яёв кезганда бир ажиб ҳис бор эди менда. Чаппар уриб гуллаган боғин, ўпар эдим Ватан тупроғин” деган сатрларини амалда исботлади.

Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси халқ дардига дармон бўлмоқда. Бу ҳам ўзига хос янгиликдир. Бу тажрибани ҳам кимдир танқид қилди.

Ўзбеклар ҳақида Эркин Воҳидов ва Ўткир Хошимов куйиниб ёзган эди.

Бир грузиндан “Фалон этикдўзнинг уйи қаерда?” дея сўрашибди. У хафа бўлиб, қанақа этикдўз, у ахир профессор-ку” дебди.

Бир ўзбекдан Фалон профессорнинг уйини сўрашибди. Ўша ўзбек “Қанақа профессор. У ахир ўғри муттахамку”, дебди. (Эркин Воҳидовдан)

Бир арман Москвада номзодлик диссертациясини ёқлабди. Еревандан қучоқ-қучоқ гуллар келибди.

Бир ўзбек Москвада докторлик диссертациясини ёқлабди. Тошкентдан қучоқ-қучоқ имзосиз хатлар борибди. (Ўткир Ҳошимовдан)

Хориж радиолари материаллари билан танишар эканмиз, мана шу хикоятлар эсга тушаверади, тушаверади.

Радиоларнинг қирғиз, тожик, қозоқ хизматлари миллат манфаатлари учун ишлайди. Туркман ва Ўзбек хизматларида эса фақат салбий фикрлар берилади. Сал инсофли бўлайлик.

Ўзбекистон янги ҳукуматининг Россия билан муносабатларини ҳам бўрттириш керак эмас. Ўзбекистон маҳсулотларининг бозори Россия эканини унутиб бўлмайди. Бунинг устига Россия жаҳон майдонида (Сурия мисолида, Молдова, Болгарияда бўлиб ўтган сайловларда) қўлга киритаётган ютуқлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

АҚШ эса Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, Украинада нималар қилаётганини халқимиз кўриб-билиб турибди. Шунинг учун ҳам тинчлик-хотиржамлик деган шиорни Ислом Каримов кўп такрорларди, Шавкат Мирзиёев ҳам шунга амал қилмоқда.

5 декабрь — душанба куни эрталаб ишга автобусда келар эканман, йўловчиларнинг якшанба куни бўлиб ўтган сиёсий жараён – президент сайлови ҳақидаги фикрларига беихтиёр қулоқ солдим. Ҳамма ажиб бир завқ, ажиб бир шавқ билан сайловга чиққанини айтишарди. Энг қизиғи, барча-барча сайловда шахсан ўзи иштирок этганини таъкидларди. Ҳақиқатдан ҳам, кечаги сайловлар мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий маданияти янада юксалаётганидан далолат берди.

Ўзим мисолида айтадиган бўлсам, ишда бўлганим сабабли, тушга яқин сайлов участкасига бордим. Унгача оила аъзоларимнинг ҳаммаси овоз бериб бўлган экан. Олти ёшли набирам билан сайлов участкасига йўл олар эканман, набирам менга у ерда нималар қилишимни – қоғоздаги каттакка + белгисини қўйишим лозимлигини ўргатиб борди. Мен сайлов бюллетенини олиш учун, набирам эса болалар хонасига йўл олдик. Овоз бериб бўлгач уйга қайтар эканман, набирам мендан нималар қилганимни сўради. Унинг маслаҳатига амал қилиб сайлов қоғозидаги ўзим хоҳлаган номзодим исми шарифи қаршисига + белгисини қўйганимни айтдим. Уйга келгач набирам фахр билан, унинг ўргатганини қилиб сайловда иштирок этганимни мақтана бошлади. Олти ёшли қизалоқнинг сайловда “иштирок этгани”нинг ўзи Ўзбекистоннинг келажаги буюклигидан далолатдир.

Халқимиз жуда ҳам маънавиятли, жуда ҳам маданиятли. Маҳаллаларда овоз бериш жараёнидан кейин халфана усулида ош қилингани, яъни “тўй-тўйга улангани” ҳақида хабар топдик. Аёллар бир-бирларни чақириб, худди тўйга ёки бирор бир тадбирга борадигандек сайлов участкаларига келгани ҳам бор ҳақиқат.

Фуқароларимиз Ўзбекистон келажаги учун муносиб номзодга овоз берди.

Марказий Сайлов Комиссияси дастлабки натижаларни эълон қилди. Брифинг Ўзбекистон телеканаллари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайлангани маълум бўлди. Халқимиз танловда адашмади. Тан олиб айтиш керакки, сайловолди кампанияси адолатли бўлди. Барча номзодларга теппа-тенг шароит яратилди. Маъмурий ресурслардан фойдаланишга йўл қўйилмади. Буни тан олиш керак.

Айрим чет элдаги ғаламислар “Фалончининг, Пистончининг номзоди қўйилиши керак эди. Номзодларнинг дастури деярли бир хил” деган сўзларни айтиб, фитна қўзғашга уринди. Айрим журналистлар эса танлов бўлмади, дейишди. Бир гапни очиқ айтиш керак: Фалончининг ҳам, Пистончининг ҳам номзоди қўйилишидан қатьий назар халқимиз тинчлик, хотиржамлик, барқарорлик учун овоз берган бўларди. Яъни Фалончи ҳам, Пистончи ҳам етарлича овоз ололмасди. Бу аксиома бўлиб, исботнинг ҳожати йўқ, деб ўйлаймиз. Мен аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам қайтараман. Ўзбекистоннинг 92 йиллик тарихи давомида бирор бир арбоб (биринчи котиб бўладими, Олий Совет Президиуми раиси бўладими, ҳукумат раиси бўладими, оддий вазир бўладими) Шавкат Мирзиёев сингари Ўзбекистонни пиёда айланиб чиқмаган. Агар бу фикримга қўшилмаганлар бўлса, мисол келтирсин, икки қўлимни кўтариб мағлублигимни тан оламан. Бизга Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудини яхши биладиган Шавкат Мирзиёев сингари раҳбар керак эди, халқимиз бунга эришди. Русларда “халқига мос раҳбар” деган мақол бор. Шавкат Мирзиёев ўзбекларга хос ва мос раҳбар, дейишимизга тўла асос бор.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга чорак аср раҳбарлик қилган худди Шароф Рашидов ва Ислом Каримов сингари хайрли ишлар қилиб, халқимиз юрагидан жой олишига ишонамиз.

Ислом Каримов истиқлол асосчиси сифатида кўрилади. Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди шиорларидан бири “Истиқболни биргаликда қурамиз”. Келинг истиқболни биргаликда қуриш учун Шавкат Мирзиёевга камарбаста бўлайлик. Ҳар ким миллат манффатлари учун хизмат қилиши керак. Бу ҳар биримизнинг миллат олдидаги бурчимиздир.

Шавкатли ЎЗБЕКИСТОНнинг келажаги порлоқ ва халқи омон бўлишига ишончимиз комил.

Шарофиддин Тўлаганов

Мақола 1 429 марта ўқилган

8 Комментариев для Хориждаги радиоларнинг ўзбек хизматларига очиқ хат

  1. Yashang otaxon… xalqimiz xech qachon qaramlikka rozi bo’lmaydi. O’zbekiston kelajagi buyuk davlat…

  2. Жуда уринли макола Сизга рахмат !!!

  3. Ха жуда яхши филиалам.Рахмат бор булинг!

  4. Фикрлар

  5. Agar imkoni bo’lsa bu maqolani ingliz tiliga o’girib tarqatish kerak (yana noto’g’ri talqin qilmasinlar har safargidek)

  6. Ha to’g’ri. Ajoyib va kerakli maqola bo’libdi. (RahmaT)

  7. Timur ösha bizni yomonlab yozuvchi chet el radiolari bu maqolani ham teskari talqin qiladi. Ösha chet el OAV lari jurnalistlari jurnalist emas qiziqchi bölishlari kerak edi. Har narsani teskari tomonini topiwadi.

  8. Bu gapizam to’g’ri. Buni o’zimiz tarjima qilib tarqatsak , ana unda to’gri ish bo’ladi. Har xil odam bor, maqolani o’qib turib rost yolg’onligini farqlay olish kerak. Biz chet eldagi ko’pchilik ko’ziga yomon ko’rinib bo’lganmiz. Nega? Oddiygina bir jurnalistning noto’g’ri fikrlari bitilgan oddiy maqola sabab. Sha’nimiz va g’ururimiz uchun o’zimiz kurashishimiz kerak!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*