Виртуал оламда вақт ва бахтнинг қадри борми?

photo_2016-12-29_10-02-01

Бир ўқитувчини биламан. Ўттиз йилдан буён мактабда ўзбек тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келади. Шеъриятга жуда ошуфта. Ўзи ҳам вақти-вақти билан шеърлар машқ қилиб туради.

Яқинда домла билан учрашиб қолиб, бироз суҳбатлашдик. Менга гапираяпти-ю, кўзи телефонида. Айтишича, ўғли уни ижтимоий тармоқлардан бирига “қўшиб” берибди. Бу тармоқнинг миридан-сиригача ўрганиб олибди.

— Ҳақиқий адабиёт майдони шу ерда экан, — деди танишим мақтаниб. — Шеърларимни қўяман, мухлислар ўқиб, фикрларини ёзишади. Жуда яхши қабул қилишаяпти. Ўзим ҳам қизиқиб кетдим, кунига иккита, учтадан шеър ёзаяпман.

Муаллим гапини исботлаш мақсадида янги ёзган шеърини тармоққа жойлаштирди. Ишонсангиз, зум ўтмасдан “жуда зўр”, “зўр чиқипти” “ижодингизга омад”, “жуда таъсирландим”, “ўқиб маза қилдим”,  ҳатто “браво”, “окей” каби фикрлар ҳам кела бошлади. Муаллиф эса бундан хурсанд, уларга жавоб ёзишга тушиб кетди.

Аммо ҳали шеърнинг мағзини чақадиган ва ҳатто уни ўқиб чиқадиган фурсат ўтгани йўқ эди. Умуман фикр ёзаётганларнинг шеърни ўқиганига ҳам ишонмадим. Ёши элликдан ошган домла эса мана шу сохта “олқиш”лар таъсирига тушиб қолибди.

Энди ўйлаб кўринг, катта ҳаётий тажрибага эга, оқ-қорани яхши таниган ўқитувчи инсон ижтимоий тармоққа шу қадар боғланиб қолибдики, ёшларимиз учун унинг таъсири қандай? Аксарият вақтини ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларга, фото ва видео алмашувларга сарфлаётган ёшларимиз бундан қандай маънавий озуқа олади?

Маълумотларга кўра, бугунги кунда ижтимоий тармоқ аъзоларининг ўртача ёши 14–21 ёшни ташкил этар экан. Рақамлардан кўриниб турибдики, айни ўқиш, илм олиш ёшидаги ўғил-қизлар ўзларининг аксарият вақтини бекор ўтказаяпти. Чунки ижтимоий тармоқда бу ёшдаги ўғил-қизларга фойдадан кўра кўпроқ зарар берадиган маълумотлар кўп.

— Коллежда ўқиётган ўғлим рус тилини ўрганишим учун керак, дегани боис унинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига рухсат берган эдим, — дейди  мубораклик Санобар Нарзуллаева. — Бир куни телефонини текшириб кўрсам, маъно-мантиқсиз гапларга тўлиб кетибди. Ҳатто ёзишмаларининг ичида ёшига умуман мос бўлмаган, одоб-ахлоқ доирасига тўғри келмайдиган сўзларни ўқиб, хато қилганимни англадим. Ҳозир ўғлимнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлаб қўйганман.  Интернетдан эса фақат ўзига керакли маълумотларни олиши учун назоратим остида фойдаланади.

Бу каби фикрларни жуда кўпчиликдан эшитиш мумкин. Баъзи ота-оналар фарзандининг ижтимоий тармоқларга кириши, у ерда нималар билан шуғулланаётганини назорат қилиб боришар, лекин бунга бефарқ бўлганлар ҳам йўқ эмас. Айнан назоратни ҳис этмаслик ўсмир ёшдаги боланинг виртуал дунёда хоҳлаганимни қилавераман деб фикрлашига, хаёлига келган ишни амалга оширишига сабаб бўлади. Турли хилдаги бузғунчи кучлар ғояларига эргашиб, уларнинг тузоғига тушиб қолаётганлар ҳам ана шундай ёшлардир.

Тўғри, техника асри дея таърифланаётган бугунги кунда ёшларимизга бу борада чеклов ўрнатиш қийин ва ўринсиз иш бўлади. Аммо уларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш лозим. Масалан, ота-оналар интернетда ишлашни фарзандларига тақиқлагандан кўра, вақтини беҳуда сарфламасликка, мавжуд имкониятлардан ижобий мақсадларда фойдаланишга, миллий қадриятларимизга зид, сиёсий бўҳтон ва ёлғон ғояларга йўғрилган ахборотларга, видеороликларга эътибор қаратмасликка ўргатишлари ўринлироқ бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетганларда маънавий мулоқотнинг ўрни, қадри йўқолади. Натижада улар ҳақиқий ҳаётдан узоқлашиб, бефарқ инсонга айланиб қолади. Улар на ўз келажаги ҳақида ўйлайди, на жамият ҳаёти. Бундай инсонлар вақтнинг ва бахтнинг қадрини унутадилар.

Мамлакатимизда ёшлар учун жуда катта имкониятлар яратиб берилган, уларнинг ўз иқтидорларини, қобилиятларини намойиш қилиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган бугунги кунда бу каби “овунчоқ”ларга вақт совуриш ўз келажагини  нурсизлантиришдан бошқа нарса эмас. Ахир дунё  ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтараётган, ўзининг интеллектуал салоҳияти, турли соҳаларда эришган ютуқлари билан жаҳон аҳлини лол этаётганлар ҳам бизнинг ёшларимиз. Улар интернетдан фойдаланишмайди, дейсизми? Фойдаланишади. Фақат мақсадли, зарур билимга эга бўлиш мақсадида унга мурожаат қилишади. Аслида ҳамма гап ҳам мана шунда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Мақола 360 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*