Узук

photo_2017-01-09_10-03-30Кнут ГАМСУН,

Нобель мукофоти совриндори, Норвегия

Кунларнинг бирида зодагонлар даврасида ёшгина бир аёлни учратдим. Унинг мовий кўзлари ёниб турар, нигоҳлари ҳам бошқаларникидан кўра анча тийрак эди, назаримда. Қизиқ, унинг навбатдаги кўзлагани ким экан? Дераза олдида турган ҳарбий либосдаги овози бамисоли арслоннинг наърасидек важоҳатли хўжайиннинг ўғлими ёки анави ёш жанобми? Аёлни  синчиклаб кузатиб, унинг бу гал ёш жанобни нишонга олганини сездим.

Мен бу аёл билан яхши танишман. Ярим кечада зиёфатдан уй-уйимизга тарқалар эканмиз, унга:

– Ҳаво жуда очиқ, бу тун нақадар ажойиб-а? Оқшоминг кўнгилли ўтдими? – дедим. Ва бармоғимдаги никоҳ узугини ечиб олдим-да, сўзимда давом этдим: – Қара, сен берган узук менга тўғри келмаяпти, бармоғимни сиқяпти. Балки, уни заргарга кенгайтиришга берарсан?

У қўлини мен томонга узатиб, аста пичирлади:

– Уни менга берақол, кенгайтирса бўлади, албатта.

Узукни унга тутқаздим.

Орадан бир ойча ўтиб, у билан яна учрашдим. Узук ҳақида сўрамоқчи бўлдим, аммо сўрамадим.

Ҳали вақт бор, дея ўйладим, уни шошириш ярамайди, яна бирор ой ўтсин.

Шу пайт унинг ўзи сўз бошлаб қолди:

– Ҳа, айтгандай, узук. Биласанми, жуда бемаъни бир кўнгилсизлик юз берди, узукни қаергадир яшириб қўйгандим, энди сира тополмаяпман. – Аёл шу тахлит менинг жавобимни кутарди.

– Бундан жаҳлинг чиқмадими? – безовталаниб сўради у.

– Йўқ, – дедим мен.

Орадан яна бир йил ўтди. Мен яна ўша қадрдон манзилга қайтдим ва бир куни оқшом чоғи менга таниш, жудаям таниш йўлак бўйлаб сайрга отландим.

Тасодифни қарангки, рўпарамдан у, ҳа, ҳа айнан ўша аёл келарди!

У узоқданоқ менга қараб гапира бошлади:

– Узук, сенинг никоҳ узугинг! Уни топдим, севгилим! Ниҳоят, топдим ва кенгайтиришга бердим. Энди у бармоғингни сиқмайди.

Унга аввалгидан ҳам синчиклаб қарадим. Энди у ҳеч кимга кераксиз, даҳани кенгайиб, лабларининг ранги ўчган бир аёл эди.

– Эҳ, – дедим унга тавозе билан эгилиб таъзим қиларканман. – Шу узук борасида ҳеч омадим юришмади-юришмади-да! Ахир бу узук энди ҳаддан зиёд кенгайиб кетибди, бармоғимга катталик қиляпти!

Аёл бир сесканиб тушди. Назаримда у қўнимсиз, бесабр, гоҳ чиройдан, гоҳ бойликдан бахт изловчи аёлнинг никоҳ узуги туйғулари турғун одамга лойиқ келмаслигини англади, чоғи…

 

Рус тилидан Нодира АБДУЛЛАЕВА таржимаси

 

Мақола 703 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*