Узоқ умр кўриш сири

uzoq umr ko'rish siriИнсониятни доимо бир муаммо ўйлантиргани-ўйлантирган: қандай қилиб узоқ умр кўриш мумкин? Ҳатто бундан икки минг йил муқаддам буюк Лукреций ўз асарларида, жумладан “Табиат ҳақида” номли китобида бу масала юзасидан мулоҳазалар билдирган. Хўш, одам узоқ яшай олмаслигига нима сабаб? Қариш-қартайишнинг боиси не?

Аввало, шуни айтиш керакки, ҳаёт ҳамма нарсани ўз измига солади. Инсоннинг кексайиши ҳам маълум қонуниятга асосланган. Қолаверса, олимларнинг таъкидлашларича, қарилик қатор касалликларнинг ривожланишига туртки бўлади. Ёши бир жойга бориб қолганлар кўпроқ атеросклероз, саратон, қандли диабет, артериал гипертония, юрак ишемияси хасталикларидан вафот этадилар. Бу касалликларнинг пайдо бўлиш механизмини тушуниш учун эса, қариш ва ёш патологияси (аъзолардаги касалликлар, ёш ортиб бориши билан организм ҳаёт фаолиятида бўладиган ўзгаришлар) ўртасидаги алоқани аниқлаш лозим. Бунда бир неча кўринишлар ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Тиббиётнинг отаси Гиппократнинг таъкидлашича, узоқ умр кўришга жисмонан машқ қилиш, тоза ҳавода айланишнинг ўрни бўлакча. У қарилик 70 ёшда бошланади, деб
ҳисоблайди. Пифагор эса қариш инсон ҳаётининг охирги 20 йилини — 60 дан 80 ёшгача бўлган даврни қамраб олади, деб таъкидлаган.
Бошқалар ёш кетишини эҳтимоллик жараёнига йўйиб, у организмга кўпдан-кўп ички ва ташқи омилларнинг таъсир этишидан, дейдилар. Менимча, генетик ўзгариш қариш эмас, балки организмнинг бузилиши билан боғлиқ моддалар алмашинуви жараёнидир. Ҳаёт ана шу қонуниятга асосланади. У ҳар қайси организмда турлича кечиши мумкин. Масалан, сичқон 2 йил, фил 100 йил яшаши аниқланган. Бундан битта хулоса чиқади: қариш қачон бошланади, деган гапга ўрин қолмайди. У жинсий хужайралар уруғланиши билан бирга ривожланади. Гап шундаки, табиатда баъзи мавжудотлар 300 йил, ҳатто минг йилгача яшаши мумкин. Аммо… нега инсон эмас?
Узоқ яшаш сирини кашф этиш ҳозирги даврнинг муҳим муаммоларидандир. Бу йўналишда анчагина ибратли ишлар амалга оширилаётир.
Олимларимизнинг тинимсиз изланишлари туфайли касалликлар, айниқса, юқумли хасталикларга қарши курашишнинг самарали усуллари ишлаб чиқилди. Кишиларнинг яшаш шароити ўзгарди, ижтимоий аҳволи яхшиланди. Аммо, шуниси ажабланарлики, бир неча минг йиллардан буён инсоннинг умр кўриш имконияти биологик жиҳатдан ошган эмас. Тадқиқотчиларимиз ҳозир бу ёшни 90 атрофида деб ҳисобламоқдалар. Аслида-чи? Ахир дунёда бундан ҳам узоқ умр кўрувчилар бор-ку!
“Ёшини яшаб, ошини ошаганлар” ҳақида гапирганда шуни айтиш керакки, улар жуда озчилик бўлиб, 115-120 ёшгача умр кўришган. Кавказда бу кўрсаткич бироз юқори бўлиши мумкин.
Шарқ халқларида игна билан даволаш кенг тараққий этганлиги ҳаммага маълум. Улар ичида узоқ умр кўриш нуқтаси деган тушунча айниқса шуҳрат қозонган. Бу ҳақда қатор афсона, ривоятлар мавжуд. Улардан бирида айтилишича, Кунчиқар мамлакатнинг подшоси энг кекса кишини саройга таклиф этибди. 242 ёшли Матле деган кекса инсон ташриф буюрибди.
— Қандай қилиб сиз бундай табаррук ёшга кирдингиз? — дея сўрашибди ундан.
— Бунинг ҳеч қандай сири йўқ, — деб жавоб берибди қария, — Мен ҳар тўрт кунда жисмимдаги узоқ яшаш нуқтасини куйдириб тураман.
Сўнгра Матле йиғилганларга ўша нуқтани кўрсатибди.
Бу, эҳтимол, афсонадир, аммо олимлар ҳозир узоқ умр кўриш нуқтасини қўзғаш организмни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатишига, инсоннинг узоқроқ умр кўришига имконият туғдиришига ишонч ҳосил қилмоқдалар.
Бунда икки йўл мавжуд. Аввало, организм касаллик ривожланишига қарши кураша олиши лозим. Бу шунинг учун ҳам муҳимки, қариш пировард натижада хасталик пайдо бўлишига олиб келади. Борди-ю, биз фақатгинасаратон ва юрак, қон-томир касалликларини тугатган тақдиримизда ҳам инсон умрини 10-11 йил узайтиришга эришган бўлардик. Қолаверса, менимча, қариш жараёнини сусайтирадиган қандайдир малҳам яратиш зарур. Зеро, бу борада дунёда неча минг йилдан буён ҳаракат қилинади. Аммо… минг афсус, ҳозирча натижа йўқ…
Овқатланишни тўғри йўлга қўйиш ҳам узоқ умр кўришнинг бирламчи омилларидан ҳисобланади. Жисмонанчиниқиш, спорт билан шуғулланиш бу жиҳатдан янада самарали натижалар бериши мумкин. Бундан ташқари, олимлар ҳозирги пайтда узоқ яшашнинг янги форма ва усуллари устида тадқиқотлар ўтказмоқдалар. Масалан, энтеросорбция йўли билан ошқозон-ичакдаги тиқилмалар ва қонни заҳарли моддалардан тозалаш бўйичабошланган тажриба, генинженерия шундай хайрли ҳаракатлардандир.
Ҳозир геронтология — қариш ҳақидаги фан олдида жуда катта муаммолар турибди. Уларни ҳал этиш инсоният келажагида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Ўшанда балки ёш ўтган сайин кишининг интелектуал кучи ва ижодий иш билан шуғулланиши камайиб боради, деган гапларга ҳожат қолмас. Бинобарин, ўтмишда, “буюк қариялар” бу фикрни инкор этадиган даражада ишлашган: Гёте, Пикассо, Стравинский, Рубенштейн 80 ёшларида энг бебаҳо асарларини яратишган. И. П. Павлов шу ёшда илмий ишлар ёзган.
Вольтер бежиз айтмаган: “Қарилик — нодон учун қиш бўлса, олимга айни ўрим-йиғим давридир”.
Хуллас, узоқ яшаш сири ҳозирча муаммолигича қолмоқда. Бироқ олимларимизнинг изланишлари мазкурсоҳада анчагина ютуқларга эришиш мумкинлигидан далолат беради. Бизнинг ҳозирги энг муҳим бурчимиз яшаб турган умримизни қисқартириб қўймаслик. Бунинг учун машҳур олим, академик И. П. Павловнинг яна қуйидаги ўгитларига амал қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди: “Инсон 100 йил ҳатто ундан ҳам кўп яшаши мумкин. Лекин биз ўзимизнинг тийиқсизлигимиз, пала-партишлигимиз, ўз организмимизга нисбатан шафқатсизлигимиз туфайли бу муддатни кўп йилларга қисқартириб борамиз”.

Қурбонмурот Пиримов, шифокор

“Ҳуррият” газетасидан олинди.

 

Мақола 1 478 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*