Узилган гул сабоғи

скачанные файлыИстеъдод — Аллоҳ берган неъмат. Бу неъмат айни вақтда масъулият ҳамдир. Халқ дардини англаш, одамларни қийнаётган муаммоларга жавоб топиш, энг асосийси, маънавий қувват бериш учун яратилган қисмат — ижодкор қисмати. Айни шу жиҳатлар буюк адиб Лев Толстойнинг тақдири, таржимаи ҳолидир. Унинг ҳар бир  асари замирида ҳақиқат деб аталмиш буюк куч яшайди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов шундай деган эди: «Истеъдодли ёзувчи десам, кўз олдимга биринчи бўлиб Лев Толстой келади. Пушкин, Достоевскийлар ҳам буюк. Лекин Толстойга етадигани йўқ. Унинг меҳнаткаш, ҳақиқатгўй бўлганига, тамасиз яшаганига ҳавасим келади. Кўнглидагини баралла, гўзал қилиб айта олган. Эшитишимча, Лев Толстойга Нобель мукофотини бермоқчи бўлишганида ўзи рад этган экан. Бунинг учун унинг маънавий ҳаққи бўлган. Худо берган истеъдодни шон-шуҳрат, бойликка алишмайдиган ёзувчи ана шундай бўлади».

Қуйида адибнинг «Ҳожимурод» қиссасидан парчалар сараладик.

* * *

Зовурга тушдим-да, гулнинг ўртасига ёпишиб олиб, қаттиқ уйқуга кирган тукдор арини ҳайдаб, уни узишга тутиндим. Аммо бу иш жуда қийин бўлди, гулнинг тиканаклари ҳар тарафдан, ҳатто қўлимга ўраб олган рўмолдан ҳам ўтиб, найзадек санчиларди, бугина эмас, у шу қадар чайир эдики, мен унинг дастасини титиб, ипларини бирма-бир узиш учун беш минутча овора бўлдим. Ниҳоят гулни узиб олган пайтимда унинг пояси тамом титилиб тўзғиган эди, гулнинг ўзи илгаригидек гўзал кўринмасди. Бундан ташқари, у ўзининг дағаллиги ва беўхшовлиги билан гулдастанинг нозик гулларига қовушмас эди. Мен ўз тупида яшнаб турган гулни узиб беҳудага жувонмарг қилганим учун ўкиндим, кейин уни ерга ташладим. «Ажабо, ҳаётнинг нақадар ғайрат ва кучи бор,- дея мен гулни узаётганимдаги чеккан машаққатимни хотирладим,- у ўз ҳаётини жуда зўр куч билан ҳимоя қилди ва осонликча жон бермади».

* * *

Шохнинг бир банди синган ва унинг ярмиси, ифлос гули билан пастга осилиб, бошқа бири гарчи лойга беланган бўлса-да, ҳамон юқорига қараб диккайиб турарди. Бутун бутани ғилдирак босиб ўтганлиги, сўнг яна кўтарилганлиги маълум эди, худди унинг танасидан бир парчасини юлиб олганлар, ичак-чавоғини ағдариб ташлаганлар, қўлини суғуриб, кўзларини ўйиб олганлар, лекин у ҳамон қаддини кўтариб турар ва атрофидаги барча биродарларини маҳв этган инсонга таслим бўлмас эди.

* * *

Ҳожимурод ўз бахтига доимо ишонарди. У бирор нарсани бошласа, албатта муваффақият қозонаман деб ўйларди, шунинг учун ҳам ҳамма нарса унга кулиб боқар эди.

* * *

Унинг тасаввурида уруш хавфу хатардан, бемаҳал келган ўлимдан ва шунинг натижасида қўлга киритилган мукофотлару обрў-эътибордан, рус дўстларининг ҳурматларидан иборат эди. Урушнинг бошқа томонлари, қирғин, солдатларнинг, офицерларнинг, тоғликларнинг жароҳатланишлари унинг хаёлига ҳам келмаслиги жуда қизиқ эди. У ҳатто шуурсиз, ўзининг уруш ҳақидаги шоирона тасаввурини сақлаш учун ўлганларга, ярадор бўлганларга ҳеч қачон боқиб қарамасди.

* * *

Бутлер мана шу тоғларга кўз ташлади, ўпкасини тўлдириб нафас олди ва мавжудлигига, шунингдек, шу гўзал оламда яшаётганлигига хурсанд бўлди. Чунки ҳақиқий ҳаёт бахти  ­ тириклик.

* * *

Ўтмишга қараб келгуси ҳақида муҳокама юритинг.

* * *

Ўқ, сен қайноқсан, сен ўлим олиб келасан, лекин менинг содиқ қулим сен эмасмидинг? Қора ер, сен мени бағрингга оласан, лекин сени от билан топтаган мен эмасмидим? Ўлим, совуқсан, аммо мен сенинг хўжанг эдим. Жасадимни тупроқ олади, жонимни эса осмон қабул қилади.

* * *

…ит эшакка гўшт берибди, эшак эса итга хашак берибди, натижада ҳар иккаласи ҳам оч қолибди. Ҳар бир халқ учун ўз одати яхши.

Замира РЎЗИЕВА тайёрлади.

Мақола 413 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*