Уйғониш фалсафаси

photo_2017-01-09_11-26-02

Сени ҳамиша кўнглимнинг тубида, дилимнинг кўшкида асраб, авайладим. Сен менинг наздимда тоғлар қоридек беғубор ва оппоқ, булоқ сувидек муаттар, киприкларим орасидан сизиб чиққан биллур томчилардек мунаввар эдинг…

Сенинг осмон қадар юксак ғуруринг олдида ўзимни ғариб ва мискин сезсамда, ботиний туйғуларим сенинг қаршингда бош эгмас, боқишларинг замирида мендан кутаётган «ўша» сўзларни сендан қизғанар эдим. Чунки у сўзлар менинг унсиз изтироб, соғинч ва оғриқларимнинг мурғак фарзанди, менинг менлигим, менинг сенсизлигим ва менинг сен учун мавжудлигим эди…

Сен бамисоли ниманидир сўзлай олмаётган имконсизлик шарпаси, ғурур ёйига тортилган камондек ғафлатнинг япроғи эдинг. Сен бамисоли юрак буҳронимда қолган ҳижрон шуъласи, фироқ йўлларини кесиб ўтолмаган андуҳлар узори, қалб ришталарини улай олмаётган дийдорлар озори эдинг…

Мен сени хаёлан ҳокистар кўнглимнинг ганжи-равоғидаги сархуш хаёлларим партўшакларида аллалаб, руҳим беланчакларида эртаклар сўйлар, нигоҳларим  саҳросида етаклар эдим. Сени соғинчлар сабосидек суюб, хаёллар либосига чирмаганча сарафроз дил хиёбонларида жонимни қўлингга тутардим… Аммо сен буни пайқамасдинг ҳам. Сен таънаю маломат тошларию миннатли нигоҳинг ила кўнглимнинг нозик ойнасини чил-чил синдириб, офтоб оташидек мени ҳижрон кулбасига қамаб қўйгандинг.

Ҳа, сен юрагимдан ўксиб чиқаётган қуёш, кўнгил ситамларидан нураган армон, илинж осмонида осилган бир тилим ҳилол каби дилозор эдингки, сабрим сенга ситамкор, қурбатим итоаткор, бошим ҳоку-пойингга эгилган камондек қулга айланган эди. Мен сенинг хотира ва ёдинг, висолинг учун зору гирён, парвонаи- паймона эдим. Фақат сен буни билмасдинг ва бепарво эдинг…

Сенга ҳар дуч келганимда капалак қувлаб юр­ган жажжи қизалоқдек юрагим ҳаяжондан бўлакланиб кетар, тунда ногоҳ чақнаган юлдузлар каби қорачиқларим оловланиб сўнар, киприкларим эса  беҳол юракнинг тепиши каби пир-пир учарди…

Ҳа, мен учун сен тириклик дунёси, ситамлар озори, андуҳлар узори, соғинчлар овози эдинг. Сен гўё зу-у-ув–зу-у-влаб югураётган болакай овозидек ёқимли ва уз-зу-у-ун, хаёллар мезонидек тўзғин ва қизғонч эдинг…

Сени учратганимда қалқиб-қапқиб тушадиган юрагим гурс-гурс этиб одимлаётган жангчидек камолинг сари ошиқар, хаёлларим эса офтоб тафтида жизғанак тупроқдек ловуллар, телба руҳим ўз маконини тополмаган capгардон қалдирғочдек  ҳовлиққанча ҳаволар эди…

Сенсиз оғочга айланаётган мен учун  сен эрка маёқ, оқшом навоси каби бетимсол сабо, дардкаш дунёимга дорию даво эдингки, муҳаббатим руҳинг дайрида ҳижо, висолинг чашмимга соғинчу ридо эди…

Кўзларимиз тўқнаш келганда гўё вужудимизда томирларимиз аро жимирлаб оқаётган қон оловланар, гуллар нектаридан бол йиғаётган боларилар мисоли гувиллаган ҳисларим шода-шода маржондек ситилиб, оёғинг остида думалар, ўзимга бўйсунмаётган вужудим висолинг шаъмидан карахт илинжга айланар эди.

Мен ана шундай ноқис ва талотўп ҳис-туйғулар уммонида оққуш мисоли парвозлаб, товусдек товланиб, ҳилол янглиғ жамолимни кўз-кўз қилардим.

Ногоҳ тонг палласи чўчиб уйғониб кетдим… Уйғонганимда, сенинг видолашувинг ва йўқлик сари инаётган соянгдан сесканиб, кўзларимни катта-катта очганча турардим.

Афсуски буларнинг ҳаммаси ёлғончи, менинг хом хаёлларимдан тўқилган маккор ва тийиқсиз туш экан. Тушки, эсласанг энтикадиган, унутсанг куйдирадиган, таъми тахиру шўришлари шўр туш экан.

Шунда мен ўзимнинг самовий ором қаъридан узилиб тушган иложсиз қурбат эканлигимни англаб, бошимни чангалладим, кўзларим нурсиз ўртанди, нигоҳларим оғриқдан бужмайди.

Мен уйғонган эдим. Мен ёлғончи дунёнинг ҳавосидан нафас олаётгандим ва ундан энди сен томон бора олмасдим. Чунки сен саробга айланган туш эдинг…

Кўзларимни очганда эса ғижирлайвериб меъдамга теккан эски ўриндиғу пахтаси чиқиб ётган эски болиш, шифтида болорлари қорай­ган пастак ва кўримсиз кулбада димиққан ҳаводан нафас олганча, ястаниб ётардим. Тепамда эса узун беланчаклар тўқиб, арғимчоқ учаётган қора ва сарғимтир ўргимчаклар устимдан кулганча тўрдан кўйлаклар тўқир эдилар. Кулбанинг сарғайган оҳакли девори, ўйдим-чуқур сувалган  пахса девордаги сарғайиб кетган суратлар эса менга хумрайиб-ҳурпайиб боқар эдилар…

Менинг ёлғончи хаёлларим ва тушларим ана шундай ширин, борлигим ва тириклигим ҳақиқат эди. Ҳақиқат эса жуда аччиқ ва совуқ. Ҳақиқат меҳрли ва бемеҳр. Ҳақиқат душман ва дўст эди. Асосийси, яшаш ана шундай мураккаб ва алғов-далғовли, курашмоқлик, енгмоқлик бахт эди. Бахтга эришмоқ учун фақат уйғониш ва яна уйғониш  лозим эди…

Марям АҲМЕДОВА,

7-Миллий “Олтин қалам” танлови совриндори.

Мақола 630 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*