Ухлаганда ҳордиқ оласизми?

Ухлаганда ҳордиқ оласизми?

«Уйқу- бу кичик ўлим», деган гап бор. Лекин ҳар доим ҳам бу ҳақиқат бўлавермас экан. Чикаго университети олимлари 1953 йили ўтказган тадқиқотларида биз ухлаётган пайтда миямиз ишлаб туришини исботлаб берганлар.

Уйқу жараёнида инсон организмининг фақат тана мускуллари «ўлиб», қолган аъзолар ҳаракатда бўларкан. Бу албатта, тунги уйқу ҳолатида.

Уйқунинг бир неча босқичлари мавжуд.

Биринчи босқич — Бедорликдан уйқу ҳолатига ўтиш, яъни мудраш. Мудроққа кетган одамни уйғотсангиз, у ухламагани, шунчаки ётиб, хаёл суриб қолганини айтади.

Иккинчи босқич — Уйқу элитиб, мудраб қолгандан кейин 20 дақиқа ўтгач ҳосил бўлиб, бутун уйқу жараёнининг ярмини ташкил этади. Бундай ҳолатда мия фаолиятида нималар содир бўлиши ҳақида мутахассисларда қатъий бир фикр йўқ ҳозирча. Айрим мутахассислар бу босқични ўтиш уйқуси, дея таъкидлайдилар. Уларнинг айтишича, бу босқичда ухлаётган одамни уйғотсангиз, у уйғонади ва яна уйқуга кетади. Бу ҳолат тун давомида бир неча маротаба қайталаниши мумкин.

Учинчи босқич — ортодоксал, яъни осойишта, сокин уйқу. У уйқу вақтининг чорак қисмини эгаллайди. Айнан мана шу тинч, осуда уйқуда бизнинг миямиз дам оларкан. Фақат бу миянинг нисбатан ором олиши, негаки, шундай ҳолатда ҳам мия организмимизнинг бошқа аъзоларини назорат қиларкан. Яна шу босқичда кундузги фаолиятимиз учун зарур модда ва унсурлар вужудимизда қайта тикланади, иммунтизим мустаҳкамланиб, ҳужайралар қайта тикланаркан. Кун давомида парчаланадиган, тери соғлом бўлиши учун муҳим бўлган А ва Н витаминлар ҳам шу босқичда терига сўрилади.

Тўртинчи босқич — «шиддатли» ёки парадоксал уйқу. У энг қисқа бўлиб, айнан шу вақтда биз туш кўрарканмиз. Агар биров сизга ҳеч қачон туш кўрмаслигини айтса, ишонманг. У кўрган тушини эслолмайди, холос.

Инсон саломатлиги, жисмонан соғлом кўриниши учун қанча ухлаши даркор?

Мунтазам равишда уйқуга тўйинмаслик иммунтизимга салбий таъсир кўрсатади. Гормон ишлаб чиқарилишини сусайтириб, натижада асаб фаолиятининг ёмонлашувига сабаб бўлади.

Қизиқарли маълумотлар. Агар инсон уч кун муттасил 5- 5,5 соат ва ундан кам ухласа, унинг организмида худди бутун бир уйқусиз тунни ўтказган каби оқибатларга олиб келаркан. Уйқуга тўймаслик натижасида кўзлар нурсиз, соч ва тери қуруқ, мўрт бўлиб қолади. Болалар ва ўсмирлар ўсишини жадаллаштирувчи гормонлар, катта ёшдагилар учун муҳим ёғ безлари айнан тунда ишлаб чиқарилади. Шу боис ёшлик, гўзаллик ва саломатликни сақлаш учун ўзингизни уйқудан бенасиб этманг. Ҳордиқ ва қайта куч-қувват тўплаш учун зарур бўладиган уйқу муддати ҳар бир инсоннинг ўзига тааллуқли.

Энди юқоридагиларга кўра, инсон соғлом бўлиши учун қанча ухлаши ва қандай ухлаши биз учун муҳим. Инсон шундай ухлаши керакки, уйғонгач, ўзини бардам-бақувват, енгил сезсин. Нормал уйқу узоқ ва давомлидир.

Санаб ўтилган тўрт босқичдан ўтиб, тўла ҳордик чиқаргандай уйғонган киши уйқудан ором топган, ҳақиқий дам олган ҳисобланаркан. Уйқу тополмаслик, тез-тез уйғониш ва ухлаб тургандан кейинги ланжлик ҳисси — бу уйқу ҳолатининг бузилишидан далолат. Бунга асосан учта сабаб бўлади:

  1. Вақтинчалик уйқусизлик- ҳаётда бўладиган ўзгаришлар, стресс ҳолатлари, жой алмашинувидан бўлиши мумкин.
  2. Вақти-вақти билан пайдо бўладиган уйқусизлик- руҳий зўриқиш, зиқлик, тушкунлик ва алкоголизмдан юзага келади.
  3. Давомий уйқусизлик — жисмоний ва руҳий омиллар таъсирида. Масалан, хуррак отиш, бирор хасталик билан касалланиш, бунда нафақат бемор, унинг ёнидаги одам ҳам уйқусизликдан жабрланади.

Уйқусизликдан, албатта, шифокор муолажаси, керак бўлса, руҳшунос маслаҳати орқали қутулиш мумкин.

Аммо бошланишига қуйидаги тавсияларимиз ҳам фойдадан ҳоли эмас.

* Ухлашдан олдин ётоқхонангизни шамоллатинг. Хонанин мўътадил ҳаво ҳарорати Қ18 даража бўлсин.

* Қулай ва қаттиқ каравотда ётинг. Ўта юмшоқ, қалин ва синтетик паркўрпа-тўшак ва яхши ишланмаган парёстиқлардан фойдаланмаганингиз маъқул.

* Ёстиқжилд ва чойшабларни ҳаво ўтказадиган табиий газламадан тикилганини танланг.

* Ётоқхона қоронғи бўлсин. Табиий уйқу чақирувчи мелатонин гормони ишлаб чиқилиши бевосита ёруғлик бор — йўқлигига боғлиқ.

* Ҳар куни айнан бир вақтда ухлашга одатланинг. Ўзингизни уйқуга тайёрлашга ўрганинг. Масалан, бир неча дақиқа очиқ ҳаводан нафас олинг, кейин илиқ ванна (асло иссиқ эмас, у организмни қўзғатади) қабул қилинг. Бу муолажалар ҳар куни амалга оширилса, ўз-ўзидан организмимиз уйқуга тайёрланишга кўникади.

* Ётоқхонадан телевизорни чиқариб ташланг. Агар мия фаолиятини тинчлантиришни хоҳласангиз, сокин мусиқа тингланг.

* Ухлашдан олдин бир қошиқ асал, банан ёки бир пиёла илиқ сут фойдали. Негаки, булар уйқу чақирувчи табиий неъматлар.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА тайёрлади.

Мақола 906 марта ўқилган

1 Комментарий для Ухлаганда ҳордиқ оласизми?

  1. bu chindanam qiziq ekan
    albatta o’qib chiqish kerak.
    Maslahatlarga amal qilaman!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*