Умид кишини бардошли қилади

photo_2016-12-26_09-29-34

“Инсоннинг биринчи эҳтиёжи, биринчи ҳуқуқи, биринчи бурчи бу — Озодликдир”, деган буюк сиймо — француз ёзувчиси, шоир ва драматург, давлат арбоби Виктор Гюго йигирма йил давомида чет мамлакатларда муҳожирликда яшашга мажбур бўлди. Аммо у ўзининг инсонпарварлик ғоялари ва қарашларига содиқ қолди. Гюго гуманизм ғояларининг тарғиботчисига айланди, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб ҳамки инсон ва унинг ҳуқуқлари чекланишига қарши чиқди, хўрланган, камситилганларни ҳимоя қилди. Ўз асарларида ҳам шундай ғояларни илгари сурди. Унинг фикрлари ҳозир ҳам халқчил ва ибратомуз.

Қуйида Виктор Гюгонинг турли асарларида келтирилган фикрларидан сараладик.

 

Кекса бўла олиш – буюк санъат… Янада катта санъат – ёш бўла олиш, ёшликнинг, етукликнинг кексаларга қандай муносабатда бўлишини билишдир.

* * *

Инсоннинг буюклиги бўйи билан ўлчанмаганидек, халқнинг буюклиги унинг сони билан ўлчанмайди; ягона мезон – ақллилик ва маънавият даражасидир.

* * *

Бахтсизларга раҳмдил бўлинг, бахтлиларга илтифотли бўлинг.

* * *

Инсоннинг ички дунёсидаги меҳр – бу қуёшдир.

* * *

Айбдор ўз айбини тан олганида, у қутқариши мумкин бўлган ягона нарса – ўз ор-номусини қутқаради.

* * *

Журъат! Журъат билан тараққиётга эришилади. Барча дабдабали ғалабалар журъат учун катта ёки кичик мукофотдир.

* * *

Болалар бахтга дарҳол ва тортинмасдан кўникади, зеро улар табиатига кўра – ўзлари қувонч ва бахтдир.

* * *

Тириклар курашади… Қалбини юксак орзуларга бахшида этганларгина тирикдир.

* * *

Чиройли ифодалар чиройли фикрларни безайди ва уни сақлайди.

* * *

Дангасалик – бу она. Унинг ўғли – ўғрилик, қизи – очлик.

* * *

Ҳамма ишнинг ўз баҳоси бор.

* * *

Адабиёт инсон онгининг инсон зоти учун дастуриламалидир.

* * *

Келажакни яратишга ҳеч нарса дадил орзулардек хизмат қилмайди. Бугунги хаёл – эртанги рўёдир.

* * *

Одоб – ҳақиқатнинг гуллашидир.

* * *

Халқни ўқитиш – уни яхшироқ қилишдир; халқни маърифатли қилиш – унинг одобини яхшилашдир; саводхон қилиш – камол топтиришдир.

* * *

Ҳаётимиз – сайр, ғоя – йўл бошловчидир. Йўл бошловчи бўлмаса, ҳамма нарса тўхтайди. Мақсад йўқотилса, қувват ҳам кетади.

* * *

Ер юзида боланинг бижир-бижиридан тантанаворроқ мадҳия йўқ.

* * *

Ҳаётда энг катта бахт – сени севишларига ишончдир.

* * *

Зиё! Ҳамиша зиё! Ҳамма ёқда зиё! Унга барча муҳтож. У китобдадир.

* * *

Инсон онги ҳамма нарсанинг қулфини очадиган уч калит: рақам, ҳарф, нотага эга. Билиш, ўйлаш, орзу қилиш. Ҳаммаси уларда мужассам.

* * *

Ҳуқуқни англаш бурчни англашни ривожлантиради. Умумий қонун – бу ўзганинг эркинлиги бошланадиган жойда сенинг эркинлигинг тугашидир.

* * *

Китобнинг ижодкори – муаллиф, китоб тақдирининг ижодкори – жамиятдир.

* * *

Бурчга садоқатни англаш ўз манфаатларини ёддан чиқаришни талаб этади.

* * *

Қилични синдириш мумкин, лекин ғояни йўқ қилиб бўлмайди.

* * *

Келажакнинг бир нечта номи бор. Ожиз киши учун у имкониятсизликдир, иродасиз учун – мавҳумлик, сермулоҳаза ва шавкатли учун – идеалдир.

* * *

Сукут – инсоний қайғунинг бутун тубини ҳис этаётган жайдари қалб қўнимгоҳидир.

* * *

Ёлғон – ёвузликнинг мужассамидир.

* * *

Муҳаббат – дарахт сифатдир; у ўзи ўсиб чиқади, бутун вужудимизга чуқур томир ортади ва кўпинча ҳатто қалбимиз вайроналарида ҳам гуллаб-яшнайверади.

* * *

Ҳамиша бир-бирингизни бутун қалбингиз билан яхши кўринг.  Дунёда муҳаббатдан ўзга деярли ҳеч нарса йўқ.

* * *

Оилани парчаламоқчи бўлган ҳар қандай ижтимоий таълимот яроқсиз, бунинг устига уни қўллаб бўлмайди. Оила – жамиятнинг биллури.

* * *

Олий одил судлов – бу виждондир.

* * *

Бундан буён келажак одамларнинг икки тури: сермушоҳада инсон ва меҳнаткаш инсонга тегишлидир. Моҳият жиҳатидан улар яхлит, зеро фикрлаш – меҳнат қилиш демакдир.

* * *

Ҳалоллик – буюкликка энг яқин турганидир.

* * *

Адолатдан юқори нима бор? Одиллик.

* * *

Ҳаёт бу гул, муҳаббат эса унинг ширасидир.

* * *

Тараққиёт – бу ижтимоий ҳаётнинг моддий базаси.

* * *

Меҳрибон бўлиш жуда осон. Адолатли бўлиш – жуда қийин.

* * *

Ҳар бир одамнинг кўзида доим унинг тафаккури акс этиб туради.

* * *

Шон-шуҳрат ва нафрат ҳамиша елкама-елка юради.

* * *

Табиат инсонни яратиш чоғида унинг тархини ёмон чизган, тарбия эса тархдаги нуқсонларни тузата олмади.

* * *

Умид кишини бардошли қилади.

* * *

Меҳнат – бу ҳаёт, фикр – эса ёруғлик…

Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади.

Мақола 378 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*