Улуғбек расадхонаси қандай топилган?

photo_2016-12-10_10-48-44

Олим, одил ғолиб ҳимматли подшоҳ Улуғбек Кўрагон… юлдузлар илмида осмон қадар юксалиб борди, маоний илмида қилни қирқ ёрди.

Давлатшоҳ САМАРҚАНДИЙ.

Соҳибқирон Амир Темурнинг туркларга қарашли Мордин қалъасига ҳужум қилиши арафасида (16.04.1394) узоқ Султониядан хушхабар келди: жумадил-аввал ойи ўн тўққизида, якшанба кунида (22.03.1394) кенжа фарзанди Шоҳруҳ мирзо ўғил кўрди. Соҳибқирон набира кўрганидан бениҳоя мамнун бўлиб, унга бўйсунишни истамай қаттиқ қаршилик кўрсатган қалъани бутунлай хароб қилиш шаштидан қайтиб, унинг аҳлининг гуноҳларидан кечди.

Мунажжим ва донишмандлар Мирзо Улуғбекнинг келажагини шундай башорат қилдилар:

Асад толеъи ва ўзи чун офтоб,

Бўлур салтанат амрида камёб,

Топубтур шараф офтоб ва ҳамал,

Анга илм бўлғай насиб ва амал.

Набираси келажагининг порлоқ бўлишига умид қилган бобоси Амир Темур уни еру кўкка ишонмай, ҳали бешикда ётган чақалоқни Ширвон ва Арманистонга қўшин тортганида ўзи билан бирга олиб кетди. Ёш Улуғбек бобоси билан унинг Ҳиндистон юришида, етти йиллик урушда қамраб олинган мамлакатларда бўлди.

Суюкли энагаси Сароймулкхонимнинг ҳам Улуғбекка меҳри бўлакча эди, у волидаи муҳтарамаси Гав-ҳаршодбегимнинг ўрнини билинтирмай, болани оқ ювиб, оқ таради.

Биринчи муаллими ва қиссахони Ҳамза ибн Али, унинг ўз сўзи билан айтганда, бир неча шаҳзода билан гўдаклик ва ўсмирликнинг нашъу намосини бирга тотди.

Улуғбек гўдаклик чоғидан бошлаб, ҳамма нарсага қизиқиб қарай бошлади. Айниқса, тун кириши билан кўкка тикилганча осмонда турган юлдузларга ҳайратланиб боқар, ҳудудсиз коинот сирларини билишни истарди. Унинг бу қизиқишини сезган Сароймулкхоним ва Ҳамза ибн Али Улуғбекка само ва юлдузлар билан боғлиқ ҳикоя ҳамда ривоятлар сўзлаб беришарди.

Улуғбекнинг ёшига ёш қўшилган сари унинг бу қизиқиши кучайиб бориб, кўнглида эзгу ниятлар куртак ота бошлади. Мадрасада ўқиши даврида риёзиёт (математика), илми нужум (астрономия), ҳандаса (геометрия) илмларини зўр иштиёқ билан ўрганишга киришди. Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Кошоний каби Амир Темур саройида хизмат қилаётган, илм-фаннинг деярли ҳамма соҳаларини мукаммал эгаллаган алломалардан дарс олди. Бобоси Амир Темур кутубхонасидаги китобларни мутолаа қилди. Натижада ҳандаса, риёзиёт, илми нужум, тарих, адабиёт, мантиқ, мусиқа, фиқҳ каби фанлардан чуқур билимга эга бўлди. Замондош олимларнинг фикрича, Улуғбек, айниқса, риёзиёт ва илми нужумда тенги йўқ олим бўлиб етишди.

Йиллар ўтиб, Мирзо Улуғбек ёши улғайиб, камолга етди. Падари бузруквори Шоҳруҳ мирзо унга Самарқанд тахтини топширгач, пойтахтда ва бошқа шаҳарларда масжиду мадрасалар, халқ учун зарур бошқа   бинолар қурдирди.

Мирзо Улуғбекнинг энг олий орзуси Самарқандда расадхона қурдириб, ўзи ва бошқа олимлар билан бирга сайёралар, юлдузлар ҳаракатини ўрганиш ва илмий хулосаларини чиқариш эди.

Мирзо Улуғбек 1428 йилда — ўттиз тўрт ёшида расадхона қурилишини бошлаш ҳақида фармон берди ва қурилишнинг боришини ўзи назорат қилиб борди. Улкан цилиндр шаклидаги расадхона икки йил ичида қурилди. Унда ўндан ортиқ астрономик қурилма ва асбоблар ўрнатилди. Улардан энг асосийси радиуси 40,2 метрли қўшалоқ ёйдан иборат квадрант (секстант деб номланувчи бурчак ўлчаш асбобига яқин) қурилма ҳисобланади. Ички деворда    осмон ва ер шари тасвирланди, юлдузлар харитаси ишланди, тоғлар, денгизлар, мамлакатлар белгиланди.

Расадхона ишга туширилгач, давлат ишларидан бўш пайтларида Мирзо Улуғбек дарҳол шу жойга отланарди. У илми нужумни ўрганувчи сафдошлари билан осмон жисмлари ҳаракати устида илмий кузатувлар олиб борди. 1018 та юлдуз ўрганилди ва бу юлдузларнинг фалакдаги ўрни белгиланди, уларнинг ҳаракати мукаммал жадвалларда қайд қилинди. Бунинг учун Мирзо Улуғбек ним-қоронғи расадхонада қанчадан қанча тунларни бедор ўтказди, унинг пастки ошёнасида тубсиз фалакка қаратилган прибор ва ускуналар ёрдамида кўкка тикилиб, само сирларидан воқиф бўлди. Фалакиёт соҳасида олиб борган ана шу кўп йиллик илмий изланишлари натижаси ўлароқ, унинг «Зижи жадиди Кўрагоний» номли машҳур асари дунёга келди.

Мирзо Улуғбекнинг расадхона қуриши, фалакиёт сирларини ўрганишга кўп олимлар ва шогирдларини жалб қилиши жоҳил уламоларга ёқмади. Улар бу ишни куфр, ислом динига зид деб ҳисоблаб, ҳокимиятни эгаллаган Абдулатифни падари бузруквори Мирзо Улуғбекка қарши қўйишди. Оқибатда у эллик тўрт ёшда, айни  камолга етган пайтда ўлдирилди.

Шу билан расадхона фаолияти ҳам тўхтади, Мирзо Улуғбекга илми нужумни ўрганишда кўмаклашган шогирдлар ҳар жойга тарқалиб кетишди. Унинг севимли шогирди Али Қушчи устозига тегишли катта кутубхонани ишончли жойга яширди. Мирзо Улуғбек ёзган асарлардан, шу жумладан, «Зижи жадиди Кўрагоний»дан уч нусхадан олиб, Туркияда илмий фаолиятини давом эттирди ва 1474 йилда вафот этди.

Европалик олимлар Мирзо Улуғбек расадхонаси, у ёзган «Зижи жадиди Кўрагоний» асари ҳақидаги маълумотлар билан XVII асрда танишдилар. Улуғбекнинг мазкур астрономияга оид машҳур асари турли тилларга таржима қилинди, дорилфунун ва расадхоналарда ўрганилди.

Бу вақтга келиб Улуғбек расадхонаси қаровсизликдан нурай бошлаган эди. Секин-аста расадхона тупроққа кўмилиб, кўздан йўқолди.

Ушбу расадхона Шайбонийлар даври бошларида остида олтин кўмилган деган фикрда буздирилган. Аммо ҳеч нима чиқмагач, шу ҳолатда қолдирилган, деган фаразлар ҳам  тарқалган эди. Аммо ҳаётининг кўп йиллари Самарқандда кечган атоқли ёзувчи Садриддин Айний бу ҳақда бошқача фикр билдирган. «Агар расадхона Шайбонийлар даври бошларида буздирилган бўлсайди, — деб ёзади Айний, — бу хабар Шайбонийларнинг душмани бўлган Бобур Мирзо қаламидан қутулмас эди. Мен ҳам расадхона бир ўзбек хони томонидан остида олтин кўмилган гумони билан буздирилганини ёшлик чоғларимда бир китобда кўрган эдим. Аммо хоннинг оти, у китобнинг қайси китоб эканлиги эсимда қолмаган. Ҳар ҳолда бу номаъқул ҳаракатнинг қаҳрамони Шайбонийларнинг биринчи даврасида бўлмаса керак».

Ўз ҳудудларини бошқа ўлкалар ҳисобига кенгайтириб, уларнинг бойликларини талон-торож қилишни кўзлаган рус чоризми босқинчилик йўли билан 1865 йилда Тошкентни, уч йил ўтиб Самарқандни босиб олди. Шундан сўнг Самарқанднинг бой тарихи, жаҳонга машҳур архитектура ёдгорликларини ўрганиш учун Россия ва чет эллардан олимлар кела бошладилар. Улар орасида номи бору, ўзи тупроқ остида ётган Мирзо Улуғбек расадхонасини излаб топишни ният қилганлар ҳам бор эди. Аммо уларнинг изланишлари зое кетди, фақат археолог-қадимшунос Василий Лаврентьевич Вяткинга омад кулиб боқди. Бу ҳақдаги мақолалар ва манбаларда Мирзо Улуғбек расадхонасининг топилиши Вяткин фаолияти билан боғлиқлиги эътироф этилган бўлса-да, унинг тафсилотлари ёритилмаган эди.

Бундан бир неча ой муқаддам «Восток свыше» журналидаги шарқшунос Валерий Германовнинг «Об именах забытых и не очень» («Унутилган ва унчалик унутилмаган номлар ҳақида») мақоласи эътиборимни тортди.

Муаллиф мақолада келтирган маълумотларга қараганда, Мирзо Улуғбек расадхонасини излаганлар орасида икки чет эл фуқароси — британиялик А.Бёрнс, венгриялик А.Вамбери ҳам бўлган. Улар Самарқанднинг қоқ маркази — Регистон майдонидаги Тиллакори мадрасаси қошидаги масжид гумбазини кўтариб турган ҳалқанинг қулаб тушган бўлагини расадхона қолдиқлари деб ҳисоблаганлар. Улардан кейин бу хатони бошқа археологлар ҳам такрорлаган.

Расадхона изловчилар томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» ва Абу Тоҳирхўжанинг «Самария» асарлари ўрганилиши эса расадхона изларини бошқа томонга буриб юборди. Мазкур асарларда Мирзо Улуғбек қурдирган расадхона жойи аниқ тасвирланган эди.

Шундан сўнг археолог-олим В.Стратонов Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги йиғилишида сўзга чиқиб, Мирзо Бобур асаридаги маълумотларга асосланиб, расадхона Улуғбек мадрасаси ёнида, деган аввалги тахминларни рад этди. Шунингдек, у ҳамкасби В.Наливкиннинг бу ҳақдаги фикрларига ҳам тўхталди.

Наливкин расадхона қурилган жой масаласида жуда кўп маҳаллий одамлар билан гаплашган. Улардан эшитган маълумотларга таяниб, «Расадхона шаҳарнинг ҳозирги ерли аҳоли яшайдиган Сиёб ариғи орқасида Оби Раҳмат ариғининг Тошкентга олиб борадиган эски алоқа — почта йўлининг ўнг томонидаги тепалик этагида жойлашган. Бу жой тепалик кўринишида бўлиб, ичи бўшлиқ, туб жой одамлар томонидан ўтказилган қазиш ишлари излари кўриниб турибди», дея таъкидлаган.

Стратонов ва Вяткин, Наливкиннинг мулоҳазаларидан келиб чиқиб археологлар худди ўша жойда қазиш ишларини бошлаш зарурлигини айтишди. Аммо маҳаллий аҳоли томонидан тилга олинган бу жойнинг  муқаддаслиги рўкач қилиниб, қазиш ишларига киришилмади. Ўша атрофда яшовчилар эса бу ердан ўз эҳтиёжлари учун пишиқ ғишт қазиб олишни давом эттирдилар, бу эса, расадхона харобалари изларининг йўқолиб кетишига олиб келди.

Кейинчалик шарқшунос олим В.Бартольд саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан Ўрта ва Шарқий Осиёни ўрганиш бўйича Рус қўмитаси томонидан расадхонани археологик тадқиқ этиш учун 800 рубль ажратилди.

Расадхонани топиш учун катта жонбозлик кўрсатган археолог Василий Вяткин бўлди. 1869 йилда Еттисувда туғилган Вяткин Тошкентда ўқитувчилар семинариясини битирди. Ўша ерда озроқ вақт ўқитувчи бўлиб ишлаб, Самарқандга келди ва умрининг охиригача илмий фаолиятини шу қадим шаҳарда давом эттирди. Араб, тожик ва ўзбек тилларини мукаммал билган Вяткин Самарқанд тарихини, унинг моддий-маданият ёдгорликларини ўрганди, қадимий қўлёзмаларни йиғди. Кўпгина тарихий асарларни рус тилига таржима қилди. Рус мактаблари учун ўзбек тили дарслигини ёзди.

У кўп куч-ғайрати ва вақтини Мирзо Улуғбек расадхонасини топишга сарфлади. Бунинг учун турли хил зарур маълумотларни эринмай йиғди, бир-бирига солиштирди, таҳлил қилди. У ҳамкасблари Стратонов, Наливкин ва Михаил Ростиславовнинг расадхона қурилган жой ҳақидаги фикрларини ҳам ҳисобга олиб, изланишда давом этди. Шунда Вяткин XVII асрга оид бир вақф ҳужжатига деч келди. Унда Мирзо Улуғбек расадхонаси бунёд этилган жой тасвирланган бўлиб, «Бобурнома» ва «Самария» асарларидаги маълумотларга айнан ўхшаш эди.

Археолог энди ҳеч иккиланмай ишга киришди. Рус қўмитаси томонидан ажратилган маблағдан фойдаланиб, расадхона ўрнини топиш учун қазув ишларига ёш археологлар ва маҳаллий аҳолини жалб қилди. Бу иш 1908-1909 йилларда олиб борилди. Расадхона қолдиқлари аста-секин кўзга ташлана бошлади. Қазиш ишлари якунига етиб, тупроқдан тўла тозаланган расадхона бор бўйи-басти билан намоён бўлганда Вяткин хурсанд эди.

Мирзо Улуғбек расадхонаси харобаларининг топилиши дунё олимлари томонидан XX аср бошидаги энг ажойиб археологик кашфиёт сифатида эътироф этилди.

Истиқлолдан кейин Мирзо Улуғбек расадхонаси яхлит тарихий мажмуа кўринишида қайта тикланди. Расадхонанинг пастки ошёни реставрация қилинди, унинг ёнидаги айрономия музейи кенгайтирилиб, янги маълумотлар билан бойитилди. Ҳозир мазкур тарихий, қутлуғ гўша чет эл ва мамлакатимиз сайёҳлари билан гавжум севимли жойга айланган.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист.

Мақола 1 160 марта ўқилган

1 Комментарий для Улуғбек расадхонаси қандай топилган?

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*