Улуғ ёзувчининг француз хоними

Turgenev_by_Repin

Улуғ ёзувчининг француз хоними.

Улуғ рус ёзувчиси Иван Сергеевич Тургенев француз қўшиқчиси Полино Виардони севиб қолади. У шу аёл ишқи билан ёниб ўтди ва у туфайли ҳаётининг асосий қисмини чет элда ўтказди.

Ёзувчининг кўплаб гўзал асарларининг ёзилишига шу француз хоним сабабчи бўлган. Париж яқинидаги Буживаль шаҳарчасида ёзувчининг дала ҳовлиси севиклиси уйи билан ёнма-ён эди. Тургенев ўзининг энг бахтли кунларини ана шу дала ҳовлисида ўтказди. Ёзувчи маъшуқаси учун барча нарсага тайёр эди. Таниқли, анча-мунча сармояга эга, келишган, чиройли, қадди-қоматли ёзувчи бутун ҳаётини шу француз аёлига бахшида этди.

Полино Тургенев юрагини забт этиши учун аёллар орасида бирон бир мавқега эга бўлиши керак эди. Таниқли ёзувчини бу аёл қандай мафтун этдийкан? Гўзаллиги билан деса, Полино унчалик гўзал эмас, аксинча хунук эди.

Полино Виардо таниқли испан қўшиқчиси Мануэл Гарсиянинг қизи эди. Отаси опера қўшиқлари билан дунёнинг кўплаб давлатларига танилганди. Полинонинг катта опаси ҳам таниқли қўшиқчи бўлган. У узоқ умр кўрмади, 28 ёшида вафот этди. Шундан кейин Полино қўшиқчилик йўлини танлади. У халққа тез танилди. Айниқса, Италия опера театри директори Луи Виардога турмушга чиққандан сўнг омади юришди. У умр бўйи бундан рози бўлиб юрди. Тургенев Виардо ҳақида илк маротаба 1843 йил туркум опера қўшиқларини ижро этганда эшитди. Ўша лаҳзалардаёқ уни севиб қолди.

Шундан кейин 25 ёшли ёзувчи Полино Виардо қатнашган спектаклларнинг барчасини кўриб борди. Ёзувчи дастлаб қўшиқчининг эри Луи Виардо билан, кейинчалик унинг ўзи билан танишди.

Ёзувчи бу ҳақда «Кўклам сувлари» асарида ёзганди. П.Виардо қаерга гастролга бормасин Тургенев ҳам изма-из боради. Ёзувчи шу тарзда Францияда узоқ қолиб кетди.

Полино Виардо тўрт нафар фарзанд кўрган. Ўғли таниқли скрипкачи бўлиб етишади. Бу бола Тургеневнинг ўғли, деган миш-мишлар пайдо бўлади. Бола эса, ҳақиқатан ҳам худди қуйиб қўйгандек ёзувчининг ўзи эди. «Зодагонлар уяси», «Оталар ва болалар» асарлари ўша муҳит таъсирида ёзилганди. Ёш ёзувчи аёллар ҳақида кўпроқ сўзлашни ёқтирган.

Қирқинчи йилларда Тургенев таниқли рус анархисти Татьяна Бакунинанинг синглисига кўнгил қўяди. Бироқ, бу танишув узоққа чўзилмайди. Шундан сўнг ёш ёзувчи «Тонгги туман, оқиш туман» номли шеър ёзди. Тургенев ҳаттоки, ўзининг узоқ қариндоши О.Тургеневага уйланмоқчи бўлди. Ниҳоят ёзувчи уйида ихтиёрий ёлланган тикувчи аёл Авдотью Ермолевага уйланади. Улар фарзанд кўришади, Полино деб исм қўйишади.Тургенев қизини саккиз ёшидан Францияга Полино Виардо тарбиясига жўнатади. Ёзувчи бу ҳақда «Зодагонлар уяси» романида эслаб ўтади.

Полино Виардо ҳам муҳаббатда беқарор бўлади. Виардо илк бор фортепьяно ўқитувчиси, бастакор Шарль Гунони ёқтириб қолади. Тургенев Полинони Шарль Гунодан ўта рашк қилган. Полино Виардо қўшиқчи Жорд Санднинг ўғлини ҳам севиб қолган деган миш-мишлар ҳам тарқалган.

Ҳар қандай шароитда ҳам ёзувчи учун Полино Виардо энг азиз инсон бўлган. Шунинг учун ҳам Тургенев ҳар доим унинг ёнида бўлишга ҳаракат қилган. Ёзувчи учун энг муқаддас кун севгилисининг туғилган куни эди.

Виардо ўз даврининг энг машҳур аёли эди. У нафақат яхши қўшиқ айтган, балки вокал санъати машҳурларини ҳам лол қолдирган. Тургеневнинг онаси Варвара Петровна ўғлининг қалб торларини тушунмай Полинони «лўли» деган бўлса-да, бироқ кейинчалик унинг санъатини тан олишга мажбур бўлди. Қўшиқчи фортепьянони яхши чалар, расм чизишда ҳам тенги йўқ эди. У чизган Тургенев портрети энг яхши суратлардан бири саналади.

У бутун ҳаётини мусиқага бағишлади. Моцартнинг «Дон Жуан» операси кўп қисмли мажмуасини яратиш учун катта миқдорда маблағ сарфлади. Бу опера Франциянинг Миллий кутубхонасида ҳозир ҳам сақланмоқда. П.Чайковский ушбу опера мажмуасини варақлаётиб, бу асарни гўёки «Моцарт ёзганга ўхшайди», деб юқори баҳолаган.

Етмишинчи йилларнинг ўрталарида Тургенев Виардо учун Париждан Буживаль шаҳарчасидан ҳовли сотиб олади. Тургеневнинг ўзи ҳам ўша дала-ҳовли яқинида яшайди. Ёзувчи бу ерда ёзда яшаган. Кузда улар Париждаги уйларига кўчиб келишган.

Буживалда ёзувчи ўзининг сўнгги асарларини ёзди. Ёзувчи «Денгизда ёнғин» очеркини оғир бетоблигига қарамай француз тилида П. Виардога айттириб ёздирди. Ўлимидан бир ой олдин «Ҳаммаси тугади» ҳикоясини ёзиб тугатди. Ёзувчи жуда қийналиб, рак касалидан вафот этди. Полино Виардо бир дақиқа бўлса-да, хаста ёзувчини тарк этмади. Дастлаб Луи Виардо, ундан кейин эса И.Тургенев оламдан ўтди.

Тургенев бўйнида осиғлиқ медалнинг бир тарафида ўзининг фамилияси бўлса, иккинчи тарафида Полино Виардонинг сурати бор эди. Ҳозирги кунда ўша медаль ноёб буюм ҳисобланади.

Полино Виардо Тургенев вафот этганида аввал Дарю кўчасидаги рус черковида, сўнгра Шимолий вокзалда мотам маросимини уюштирди. Унда ёзувчини сўнгги манзилга кузатиш учун жуда кўп таниқли француз ва рус адабиёти ҳамда санъат намояндалари иштирок этишди.

Бироқ, Полино Виардо И.Тургеневнинг дафн маросимига Россияга ўзи келмай қизи Клоди ва куёвини юборгани ҳамон сирлигича қолмоқда. Полино ёзувчи учун азиз инсон бўлганини тушунарди, аммо унинг ҳамюртларини ноқулай вазиятга қўйишини истамасди.

«Муҳаббат шароби» китоби асосида

У.АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.

Мақола 478 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*