Уч дона олма

033015-health-applesКенагасликлар уни “Икромали боғбон” деб аташади. Чунки қишлоқда унинг олдига тушадиган пайвандчи боғбон йўқ ҳисоби.

Икромали дарахтни ҳафсала билан пайвандлайди. Уни кўндалангига кесиб, юзасини боғ пичоғи билан обдон силлиқлайди. Пайванд танасининг ўрта қисмини ёриб, унга пайвандуст бўлган дарахтнинг ҳар икки томони кертиб йўнилган қаламчаларни ўрнатади. Пайвандланган танани зичлаб боғлаб, сиртига лой малҳам суриб қўяди.
Узоғи йил баҳорда чорбоғидаги меваси майдалашиб, тахир бўлиб қолган тарам олмани қирқиб искана пайванд солганди. Бу йил ўша олма маржондек гуллади-ю, учтагина мева тугди.
Икромали куз салқини этни жунжиктира бошлаган саҳарлардан бирида боғини айланди. Ёш ниҳолнинг ҳар биттаси қарийб ярим кило чиқадиган меваси шабнамда йилтираб турарди. Икромали олмаларни узиб, уйнинг токчасига томоша кадидек териб қўймоқчи бўлди. Лекин узишга кўнгли бўлмади. “Майли, мезон шамолини есин, кейин болаларга биттадан тақсимлайман”, – деб ўйлади. Болаларнинг ёқут олмаларни карсиллатиб, ҳузур қилиб ейишаётганини кўз олдига келтириб ўзича жилмайиб қўйди.
Боғдан чиқди. Тўнини ечиб эгнига коржомасини кийди. Хотини сигир соғишга эндигина ўтирган шекилли, сутнинг бўш челакка даранглаб урилиши эшитилиб турарди.
– Онаси, мен кетдим ишга, – деди бостирма томонга қараб. – Пода чиқар маҳал бўп қолди. Адҳамларнинг Кўк кийигига ҳушёр бўласан.
Кўк кийик – қўшнининг эчкиси. Шохлари тикка ўсган, узун, кўк ёлларини селкиллатиб поданинг олдида юради, сиртига чанг юқтирмайди. Икромалининг чорбоғига оралагудек бўлса, узоқроқ қариндош атанган қўшнилар қизариб қолишади.
Дам олиш куни Икромали “семиренко” ва “қизил юлдуз” олмаларни узиб қазноқ-уйчанинг бир бурчагига жойлади. Лекин уч дона олмага тегмади. Чунки хотини учала ўғилни эргаштириб кекса онасидан хабар олгани кетган, отанинг нияти болаларига олмаларни шохидан узиб бериш эди.
Икромали катта гулзор ўртасидаги супага чиқиб лўлаболишга ёнбошлади. Куртак пайванднинг мўъжизаси бўлган турфа атиргулларнинг айни барқ уриб очилган маҳали. Майин шабада унинг димоғига садарайҳоннинг хушбўй атрини уфурди. Ёнбошлаб ётган кўйи кўзи илинган экан, олд оёқлари қийшиқ кучугининг қаттиқ ҳуришидан уйғонди. Болишдан бош кўтариши билан боғнинг бурчагидан катак кўйлакли бола отилиб чиқиб кетди.
Икромали ўғрини таниди. Бу Адҳам эди. Уни кеча шунақа кўйлакда кўрувди. “Баччағар, ҳусайни узумга ўғриликка тушган, – деган фикр ўтди миясидан. – Янаги йил уватдан сетка тортаман. На молинг бу тарафга ўтади, на жонинг”.
У шошилинч ишкомдаги ҳар бош узумни синчковлик билан кузатиб чиқди. Хайрият, ҳеч ким тегмабди. Боғни айланиб мевали дарахтларни текшираркан, америкача олманинг бироз эгик шохи мевасиз сўппайиб қолганини кўриб юраги увушди. Бугун бу безори олмани олган бўлса, эртага шиғил меваларини кўтаролмай турган кўк нок билан узумнинг ҳам ғоратини беради. Йўқ, буни шундайича қолдириб бўлмайди.
– Аммача, ўв, аммача, – қўшни ҳовлидан ҳеч қандай садо чиқмагач, беихтиёр “чегара” ариқдан ҳатлаб қўшнисининг уватидан оҳиста юриб кела бошлади.
– Аммача, ҳов…
– Ҳув-в, э, кел, Икромалижон, – амма кенг кўйлагини липпа урган экан, шошилинч тузатди, ёқасини чангаллаб, хижолат аралаш сўрига таклиф қилди.
– Кел, бугун ҳордиқ қилдингми? Балла яхшими?
– Шукр, – деди, лекин сўрига чиқишга тайсаллади, томоқ қирди, ўнғайсизланиб илжайди. – Бу дейман, аммача, Адҳамбой каникулда юриб сал бевошроқ бўлиб кетган эканми дейман.
“Кўк кийик Икромнинг меваларига бирор шикаст етказган, йўқса, катта бошини кичик қилиб, Адҳамнинг устидан шикоят қилиб келмасди”, – ўйлади аёл. Кейин:
– Болаларга қўшилволиб ўйинқароқлигини қўймаяпти-да. Тинчликми, ўзи, нима гап? – деди ҳадиксираб.
– Болалар энасиникига кетишганди, ҳовлида ётиб сал мизғиган эканман, американски олманинг бор-буд мевасини шилиб кепти, – тўнғиллади Икромали.
– Вой, жувонмарг ўлмагур, – бирдан бўшашди аёл. – Бунақа қилиғи йўқ эди-ку, нима жин чалдийкин? Ўзи қайга йўқолди экан? Адҳам-ув, Адҳам!
Адҳам уйнинг орқасидан чиқиб келди.
– Ассалом, келинг тоға, – деди.
Қўллари қоп-қора мой бўлгани учун тоғаси билан билагини тутиб саломлашди. Онасининг ғайритабиий важоҳатини кўриб бироз ортига тисарилди.
“Олган экан, – ўйлади Нарзия хола. – Кўзлари айтиб турибди, шу олган”.
– Қани олмалар?!
– Қ-қ-қанақа олмалар? – тили тутилди Адҳамнинг.
– Американски олма! – Икромали боланинг катак-катак кўйлагига кўз ташлади. – Ҳаммани пайҳон қилгунча ўзимга айтсанг олиб берардим, бек. Сенки, шундай қилсанг, бошқалардан нимани кутиш мумкин?
– Ман ол-ол-олма олмадим, – баттар довдиради бола.
– Ўз кўзим билан кўрдим-ку, тағин ҳеч нарса кўрмагандай ўзингни иш билан чалғитиб турибсан-а!
– Ҳу ўғирлик олма еган тишларинг тўкилсин, сан жувонмаргни, – амма бодом танасига тиргович қилиб қўйган таёқни олди.
– Бир каминг шпаналик эди, шуниям қилибсан-да. Ман санга бировнинг чорбоғига кириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман, – деб шашт билан таёқни ўқталди.
Адҳам икки қадам ортга тисарилди. Бироқ орияти келиб қочмади.
“Отасига ўхшаш ўжар бу гарданғавс, Сайфулло ўртоғи отаси ҳайбат қилиши билан ўзини том-тошларга уриб қочиб кетади. Бу зарғалдоқ калтакка елкасини тутиб тураверади”, – ўйлади Икромали.
Хола аламидан ўғлининг орқасига таёқ билан туширди. Адҳам аясининг уришини кутмаган эди, оқ-сариқ юзи шолғомдек қизариб кетди. Хўрлиги келиб, ҳўнграб йиғлади.
– Мен оганамасман, билдийизми? Икром ака бекор айтибди.
– Нима дединг? Тағин яна бир қайтар, тилгинангни суғириб олай сен қулоқсизни.
Аёл Икромалининг “ҳай-ҳай”лашига ҳам қарамай Адҳамнинг ўнг келган жойига таёқ билан тушираверди.
– Яна шу қилғиликни қиласанми? Яна бошимга даъвогарни сургаб келасанми? – дерди ҳансираб ҳар калтак кўтарганда.
Тоғасининг олдида ҳамияти лат еган Адҳам шашт билан аясининг қўлидан таёқни тортиб олиб, бедапояга ирғитди. Юзларини ювиб оқаётган кўзёшларини қорамой юқи қўллари билан яширганча, ариққа томон кетди.
Ая чарчади. Хўрлиги бўғзига тиқилди. Адҳамига юраги туздек ачишди. “Мана, адабини бердим, энди келган жойингга жўна!” – дегандек Икромалига қарамай, уйга кириб кетди.
Бола эмас, худди ўзи калтак егандек Икромалининг бирдан оёқ-қўли бўшашди, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди.
“Аслиям, аммачам мана шунақа далли-девона, жангари эди. Кап-катта хотин бўлиб ҳам феълидан тушмабди-я. Болага яхши гап билан тушунтирса бўларди. Йўқ, аммачам менга нимагадир кудурат сақлаб юрган экан, бугун шу аламини олди. Энди Маҳкамбой поччамга ундоқ эди, бундоқ бўлди деб менинг ғийбатимни ипга маржондек тизиб етказади”.
Ариқдан ҳатлаб, томорқасига ўтаркан, Адҳамнинг уватга чўнқайиб юзини юваётганига кўзи тушди. Боланинг елкалари силкинар, тинмай ҳиқилларди.
Икромалининг юраги сиқилди. Арзга борганига минг пушаймон қилди. “Шу уч дона олма одамдан азиз бўптими? Олса бегона эмас, ўзимнинг қариндошим олган экан. Менгаям феъли торлик касали юқаяптими, нима бало?” – деди ўзича.
Ҳовлига сиғмади. Яктагини ечиб, кўчалик кўйлагини кийди. Бир гузарга чиқмаса, юрагининг тубидаги қоронғилик тарқалмайдигандек эди. Қўлбола “харак”ка ўтириб, ҳафсаласизлик билан латта этигини кийди. Бироқ боғни қаровсиз ташлаб чиқишга кўнгли бўлмай чўккан жойида қимирламай ўтираверди.
– Икромали, ҳов, Икромжон! Уйдамисиз, болам?
Темир дарвозанинг бир табақаси даранглаб очилиб, мошгуруч соқолли чол журъатсизгина ичкарига кирди. Номига йўнилган ғадир-будур ҳассасини нуқиб, киришдан бош тортиб турган набирасини ҳам ичкарига олди. Эшик боягидай даранглаб кетмаслиги учун оҳиста ёпди.
Икромали таажжубланиб, ўрнидан турди.
– Тинчликми? – деди.
– Шу денг, биззи Сайфуллавой айб иш қилиб қўйибди. Ўзиям отасидан эшитадиганини эшитди. Сиз ҳам бу галча кечира қолинг, амакиси, бу номақулчиликни қайтиб қилмайди.
Икромалининг рўпарасида шалпангқулоқ, хумкалла бола турар, нуқул бурнини тортарди. Калта шимига қистирилган катак-катак кўйлагининг остидан уч дона катта-катта олма дўппайиб кўриниб турарди.
– Хайрият, Гунноз неварача кўрган экан, ўша айтиб қолди. Бўмаса бехабар қолардик. Энди бола бўмаса, уйда ер билан битта бўлиб олма тўкилиб ётса-ю…
Чол узоқ эзмаланди. Лекин Икромалининг қулоғига гап кирмасди. Кўз ўнгида титраб-қақшаб таёқни итқитиб юборган Адҳам гавдаланар, назарида у ҳамон юзларини сувга чайиб ариқ бўйида йиғлаб ўтирар эди.

Ҳуснинисо АҲМЕДОВА

«Sharq yulduzi» журналидан олинди.

Мақола 604 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*