Туйғу ҳамма тушунадиган тилда ифодаланади

скачанные файлы (3)Инглиз адиби Уильям Сомерсет Моэм номи кўпчилик адабиёт ихлосмандларига таниш. Ёшлигидан илм олишга қизиққан, ўқиб-ўрганиб, шифокор бўлган ижодкор адабиёт оламига кириб келгач, ўз касбини ташлайди, бор куч-ғайратини ижодга бағишлайди. Бирин-кетин чоп этилган асарлари унга шуҳрат келтира бошлайди.

Ёзувчининг ўзи эътироф этганидай, “Ой ва сариқ чақа” романи ҳақиқатан ҳам унинг шоҳ асарларидан бири бўлиб, асар муаллифи ўткир нигоҳи орқали кўз ўнгида содир бўлган ҳаётий воқеликни бадиий талқинда очиб берган. Шу  билан бирга, воқеа ичида воқеанинг ривожланиб бориши, асар қаҳрамони Чарльз Стрикленднинг қирқ ёшидан кейин рассомликка муккасидан кетиши, у ва унинг дўстлари атрофида кечган инсоний муносабатлар, мўйқалам соҳибининг  фожиавий қисмати ўқувчини чуқур фалсафий мушоҳадага ундайди, ҳаёт ҳақидаги тасаввурини бойитади.

Қуйида асардан олинган парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Санъат туйғуларни намойиш этиш шакли, туйғу эса ҳамма тушунадиган тилда ифодаланади.

* * *

Агар одам дарёга тушиб кетгудай бўлса, яхши ёки ёмон сузишидан қатъи назар, сув қаъридан қутулмоғи шарт, акс ҳолда, дарёга ғарқ бўлади.

* * *

Инсон табиатида афсоналар тўқишга иштиёқ кучли бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар ўзларига ўхшаган кишиларнинг ҳаёти тўғрисида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ва сирли ҳикоялар тўқишга интилишади. Кейинчалик ўзлари тўқиган афсоналарга ўзлари ҳам ишониб қолишади. Бу ўртамиёна ҳаётга қарши романтиканинг исёнидир.

* * *

Инсон шуҳратга ўч бўлади, баъзида шуҳрат учун ёвуз душманга эшикни очиб беришга ҳам тайёр туради. Душман эса бундай одамни ялтоқилик билан ўз тарафига оғдиради, тўдадан ажраб инсон бўлиб шаклланишига йўл қўймасликка интилади.

* * *

Чинакам инсон жамият фаровонлиги шахсий фаровонликдан юқори туришини англай бошлайди.

* * *

Инсонни инсоният, жамият билан боғлаб турган ришталар жуда мустаҳкам ришталардир.

* * *

Изтироб одамни олижаноб қилади, деган гапга кафиллик бериб бўлмайди. Бахт гоҳида одамда шундай туйғулар уйғотиши мумкин. Лекин изтироб аксарият ҳолларда одамни майдакаш ва қасоскорга айлантиради.

* * *

Гўзаллик ғаройиб ва ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган, санъаткор аҳли оғир руҳий изтироблар туфайлигина дунёга келтирадиган ноёб ҳодиса. У кашф қилингандан кейин ҳам ҳамманинг тиши унга ўтавермайди. Гўзаллик — санъаткор бизга чалиб берадиган куй. Юрагимизда бу куй акс-садо бериши учун билим, ҳиссиёт, фантазия керак одамга.

* * *

Умрингда  сен кўрмаган, сени мутлақо танимайдиган одамлар қўлларинг билан яратган мўъжизани кўриб ҳаяжонланишлари, ўзларини қўярга жой тополмай қолишларини кўриш ғоят лаззатли бўлса керак. Шуҳрат кимга ёқмайди? Одамлар юрагида қўрқув ва изтироблар уйғотадиган туйғудан кўра шуҳрат афзалроқ бўлса не ажаб?

* * *

Мен учун энг муҳими – кўнглим кўриб турган нарсамни чизиш.

* * *

Севги бу ғамхўрлик ва  назокат дегани… Севгида раҳмдиллик, ёқтирган одамини авайлаш, ҳимоя қилиш туйғуси, унга яхшилик қилиш, хурсанд этиш истаги мавжуд. Ҳарҳолда бу туйғуда усталик билан пардага ўралган худбинлик ҳам яширинган, шу билан бирга, унда маълум даражадаги журъатсизлик ҳам бор.

* * *

Мен ўзимни ҳаммавақт ҳам ахлоқий камолот учун курашувчи сифатида кўрсатишдан ийманганман. Агар шундай қилинса, одам ўзига бино қўйган кимсага айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Юмор туйғусидан маҳрум бўлмаган одам учун бу ғоят ёқимсиздир.

* * *

Одамлар кўпинча ўз бошларига турли фалокатларни ёғдириш учун қўлларидан келган барча ишларни амалга оширишади-да, кейинчалик ўз ақлсизликларининг касофатидан бир амаллаб қутулиб қолишади.

* * *

Ҳаёт ғоят шафқатсиз. Ҳеч ким бу дунёда не сабабдан юрибди-ю, қаёққа кетаётганини билмайди. Итоаткорлик ҳаммамизга хос хусусият. Биз хотиржамликнинг ғаниматлигини қадрламоғимиз керак. Токи қисмат бизни топмагунча ҳаётда ҳам хотиржам ва тинчгина яшашни ўрганмоғимиз лозим. Оддий одамлардаги севгининг қадрини билмоқ жоиз. Уларнинг омилиги бизнинг билимдонлигимиздан яхшироқ. Бамайлихотир, Яратганнинг берганига шукрона қилиб, итоаткорлик билан яшамоқ керак. Ҳаётнинг бутун фалсафаси шу.

* * *

Теран ва ёрқин яратилган разил одам характери ёзувчини кўпроқ ўзига жалб этади. Менимча, Шекспир ой нуридай мусаффо Дездемонага қараганда, Ягони яратаётганда кўпроқ лаззатланган бўлса керак. Эҳтимол, ёзувчи аҳли товламачи ва ярамас одамларнинг образларини яратаётганда табиат томонидан ўзига жойланган, лекин маданий дунё урф-одатлари ва қонунлари туфайли онг остига яширинган туйғуларни қаноатлантиришга ҳам ҳаракат қилади. Фантазияси орқали яратаётган образларига ўзидаги “мен”нинг бир қисмини ҳам ҳадя этади. Унинг бу қувончи озодлик қувончи ҳамдир. Ёзувчи ҳукм чиқаришдан кўра кўпроқ ўрганишга даъват этилган.

* * *

Мен лоқайдликни кўксига қалқон қилиб олган одамни нишонга олиб, дабдаласини чиқаришни мўлжаллардиму, лекин афсуски, унинг сўзларида ҳақиқат учқунлари ҳам бор эди. Ахир биз бошқалар устидан ҳукмронлигимизни кўпроқ онгсиз равишда уларнинг бизнинг фикримизга қандай муносабатда бўлишларига қараб белгилаймиз, таъсиримизга тушишни истамайдиганларни ёмон кўра бошлаймиз. Инсон ғурури учун бундан кўра шафқатсизроқ алам йўқ.

* * *

Одамларнинг қандайлиги ишларида аён бўлади. Кўпчилик ўртасида эса ўзини қандай кўрсатишни хоҳласа, шундай кўрсатишга ҳаракат қилади.

* * *

Ўзига ниқоб кийиб юрадиган одам вақт ўтиши билан бу ниқобга ўрганиб қолади ва ҳақиқатан ҳам аввалига қандай кўринмоқчи бўлса, ўшанга ўхшаб қолади. Лекин ўз китоби ва расмларида у ўзини ҳимоя қила олмайди. Унинг даъволари эса ҳавойилигини кўрсатади. Тараша тарашалигича қолади-да.

* * *

Ҳеч қандай кучанишлар ўртамиёна асарни олий асарга айлантира олмайди. Дидли заршунос эскиздаёқ уни яратган рассомнинг қалбини кўра олади.

* * *

Одамлар гўзал сўзини шу қадар бепарво талаффуз этадиларки, натижада бу сўз ўз маъносини йўқотади-да, фикр юритилаётган нарса гўзаллиги ва улуғлигидан маҳрум бўлади.

* * *

Биз бошқалар билан ўз қалб хазинамизни зўр бериб баҳам кўрмоқчи бўламиз, лекин улар бундан қандай баҳраманд бўлишни билишмайди. Зеро, биз ҳаётда улар билан биргаликда елиб борамиз. Лекин уларни доимо ҳам тушунавермаймиз, улар ҳам бизни тушунавермайди. Биз бегона юртда бу ердагиларнинг тилини деярли билмасдан яшаётган одамларга ўхшаймиз. Улар бизга жуда кўп ажойиб теран фикрларни айтмоқчи бўлишади-ю, аммо биз тушунишимиз учун энг содда сўзларни гапиришади. Уларнинг миясида бир-биридан қизиқроқ ғоялар ғужғон уради-ю, бироқ ўта содда сўзлар билан чекланишади.

* * *

Назаримда, шундай одамлар бўладики, улар туғилишлари керак бўлган жойдан бошқа масканларда таваллуд топишади. Тасодифият уларни муайян ўлкага итқитиб ташлайди-да, умр бўйи ўзлари кўрмаган ватанлари фироқида азоб чекадилар… Туғилган юртида бегоналар билан яшайди, ўзлари ҳам бошқаларга бегона бўлиб қолишади.

Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади.

Мақола 254 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*