Турмуш қуриш — бу ҳали бахтли бўлиш дегани эмас

14770347967-2Ёш оилаларнинг кутилмаганда ширин турмушига якун ясаётганини тезтез эшитиб қоламиз.Шунда улар ажрашишга қарор қилишдан олдин бу ишининг оқибати нималарга олиб келишини ўйлаб кўришганми,умуман, улар оила қуришга тайёрмиди, деган саволлар туғилади.

Оила бузилса, қанча одам азият чекади, болалар етим қолади, ота-она ва фарзанд, оиланинг бошқа аъзолари ўртасида турли келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар пайдо бўлади. Тинч хонадонлар уриш-жанжал, можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон қуда-андалар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади. Уларнинг касрига эса, инсонийлик, одоб-ахлоқ қоидалари поймол қилиниб, жамиятнинг осойишталигига путур етади. Хўш, бунга сабаб нима?

Оилавий муносабатлар ҳақида сўз борар экан, уни инқирозга олиб борувчи омил ва сабабларни ҳар ким ўзича шарҳлайди. Кимдир куёвни ғўр деса, яна кимдир келинни тарбиясизликда айблайди. Айримлар эса, асосий жанжал моддий етишмовчиликдан, қўл калталигидан келиб чиқади, деб ўйлайди.

Бугун оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган йигитларимиз аксарияти оила таъминоти борасидаги мажбуриятларини унутиб қўймоқда. Уйларида эрка, тантиқ, ишёқмас бўлиб ўсган қизларимиз эса, келин бўлган жойларида дарров «фош» бўлиб қоляпти. Ўз камчилик-нуқсонларини тузатиш, билмаганларини ўрганиш ўрнига дарров «ҳуқуқларини» талаб қилишга ҳаракат қилишяпти. Билишмайдики, турмуш қуришнинг ўзи бахтли бўлиш, фаровонликнинг асоси эмас. Оила, турмуш, рўзғорнинг минг бир машаққати, синови бор, унга сабот, қаноат, фидойилик билан эришилади.

Бугун негадир аҳил оила, бахтли турмуш ҳақидаги тушунчалар ҳам ўз моҳиятини йўқотаётгандек. «Сиз қандай йигитга турмушга чиқишни хоҳлайсиз?» деган саволни оила қуриш ёшидаги йигит-қизлардан кўп сўрайман. Кўпинча қизларимиз бўлажак турмуш ўртоғининг қомати келишган, актёрларга ўхшаган, пулдор каби фазилатларга эга бўлишини, йигитлар эса, келин бўлмишнинг фақат ва фақат гўзал бўлишини исташини айтишади. Афсуски, «Турмуш ўртоғим ақлли, эсли-ҳушли, одобли, диёнатли, вафодор, меҳрибон бўлишини истайман», деган жавобни деярли учратмадим. Умр йўлдошини фақат ташқи кўринишига қараб танлаган йигит-қизларимиз келажакда бахтли турмуш кечириши — қийин масала. Қани энди янги ҳаётга қадам қўйишдан олдин оила қуриш ёшидаги йигит-қизларимиз юқоридаги камчиликларини йўқотса. Шу ўринда яна бир ўринли савол туғилади: аслида бу камчиликларни йўқотиш кимнинг вазифаси, уларни пайдо бўлишининг олдини олиш-чи?

Шундай ота-оналар борки, бола тарбиясига эътиборсизлик қилгани туфайли у улғайганида энди бунинг азобини тортаётганидан зорланади, ўзлари тарбияга муҳтож бўлишса-да, фарзандимиз тарбиясиз, ахлоқсиз чиқиб қолди, дея изтироб чекади. Бундан кўринадики, маслаҳатгўйларнинг ўзи тажрибасиз, маслаҳатга муҳтож, фикри тор кишилардир. Уларнинг берган тарбияси оила қурган фарзандига фойда келтириш ўрнига унинг тотувлиги ва фароғатига рахна солади.

Агар ота-оналар йигитларга турмуш синовларига тайёр бўлишни, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини ўргатиб, қизларга эса, муроса илмини, беҳуда уриш-жанжаллар қилмасликни уқтириб боришса, икки ёшнинг бахти завол топмайди. Шунингдек, оиладаги катталар, айниқса қайноналар ёш келин-куёвларга нисбатан сал бағрикенгроқ, сабрлироқ, адолатлироқ бўлишса, ёшлар ўртасидаги муросасизликнинг олди олинган бўларди.

Муқаддам ШАЙЗОҚОВА,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси

od-press.uz

Мақола 420 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*