Тўхтанг! Кимларга кўр-кўрона эргашяпсиз?

photo_2016-10-19_14-27-18“ЮРАКЧА”НИНГ МАЪНОСИ БЎЛАКЧА…    

Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида шундай “пост” ҳавола этилди:

“Дунёда ҳамманинг кўзи ўрганган бир шакл бор, уни севги тимсоли дейишади. Диққат, саволлар: ким, қачон биринчи марта уни севгига тимсол деб муомалага киритган? Ўша шакл аслида юракми? Юрак бўлмаса, ниманинг расми?”

Ёзилган шарҳларда турлича фикр, муносабат билдирилди. Кимдир аниқ жавоб айта олди, яна кимдир умуман билмаслиги, бехабарлигини, бошқа биров эса асл жавобга яқинроқ далилларни эшитгани, ўқиганини, бироқ моҳиятни англамаганини баён этган. Ишончимиз комил, буларни ўқиб, сиз ҳам севги-муҳаббат “рамзи” саналган, сизу биз учун “юракча” ҳисобланадиган ўша машҳур, ҳозирги кунда ҳатто беш яшар бола ҳам нима эканлигини яхши англайдиган шаклнинг келиб чиқиш тарихи, қачондан бошлаб “истеъмол”га киргани билан қизиқаяпсиз. Хўш, у аслида ниманинг шакли?

Бугун бу шакл дунё миқёсида жуда кенг тарқалиб улгурган: бир вақтлар ошиқона мактублар сўнгида қоқ ўртасига камон ўқи қадалган ол тусдаги “юракча” неча-неча сулувларнинг кўнглини ром этган, баъзида қоғоздан боғдаги ошиқ зорини тинглаган тераклар танасига кўчган, яъни ўйиб чизилган бўлса, кейинроқ буткул экранга ўтди: мультфильмларда, севимли хонандаларимизнинг клипларида унга тез-тез кўзимиз туша бошлади, ҳатто кўникиб ҳам кетдик; чўғдай алвон рангли “юракча” турли табрикномалар, китоблар, совғалар, болалар ўйинчоқларини ҳам забт этди: қўғирчоқлар, айиқчаю қуёнчаларни шу шаклсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Уяли алоқа воситалари кашф этилиб, истеъмолга кириб келгач эса дил изҳорини улар хотирасидаги турли-туман смайликлар орқали ифодалаш имкони туғилди. Энди телефон ва интернет ҳам “юракча”ли белгилар билан тўлиб-тошди. Гўё бу инсоннинг энг нафис, инжа туйғулар маскани ҳисобланган, руҳоният, илоҳийлик билан боғлиқ ҚАЛБ тимсоли, КЎНГИЛ рамзи. Рост-да, муҳаббат ахир қалбда туғилади, кўнгилни макон тутади. Шу боис, бу шаклни севилган, ардоқдаги одамга илинадилар… Бироқ…

АҚШнинг Виржиния штатида жойлашган Роаноке коллежи руҳшуноси Гальдино Пранзароне Валентин кунининг келиб чиқиш тарихига оид изланишлари чоғида қадимги дунё адабиёти, мифология ҳамда бошқа манбаларни ўрганиб чиқди ва ҳайратланарли (ҳатто даҳшатли, деб атаган бўлардим!) далилларга дуч келди. Маълум бўлишича, қип-қизил юракча шакли қадимги юнон мифологиясига кўра гўзаллик маъбудаси саналган Афродитанинг тана қисмидан, айнан орқа томонининг хунук алфозидан олинган экан! Ушбу маъбудага атаб сарой қурган юнонлар уни айнан бўкса қисми чиройли аёл сифатида тасвирлашган ва шу маънони англатадиган Афродита  Каллипигос деган ном билан аташган. Кейинроқ шакл қисқарган, яъни бел ва оёқлар олиб ташланиб, фақат орқа бўкса қисми чизиқлари қолдирилган ва бугунги кўринишга келтирилган. Энг ёмони, юнонлар бу белгини ўз даврида исловотхона, фоҳишахона белгиси сифатида қўллашган! Ваҳоланки, тиббиётчиларнинг таъкидлашича, бу шаклнинг анатомик аъзо – инсон юраги билан ҳеч бир боғлиқлик ёки ўхшашлиги йўқ: одам юрагининг ранги қип-қизил тусда ҳам эмас ва қиррали, ботиқ чизиқлари ҳам бўлмайди унинг… Хулоса қилсак, бугунги ошиқлар маҳбубасига ўз қалбининг рамзи деб Афродитанинг бўксасини совға қилишади, демак…

— Биринчидан, бу расм шаклан ҳеч қачон юрак эмас, ўхшамайди ҳам, — дея фикр билдиради мунозарани бошлаб берган таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. — Иккинчидан эса, биз шарқликлар  бундай ҳолатни тубан, деб ҳисоблаймиз, асл севги-муҳаббатни эса олий деб тушунамиз. Шуларни билгандан кейин ёшларимиз аслида бузуқлик тимсолини севги деб эътиқод қилишдан шоядки, тўхтасалар…

СИРҒА ТАҚҚАН ЙИГИТЛАР

Сирға фақат аёллар безаги эмас. Бу фикрга ҳам кўникдик. Ёшларимиз севадиган санъат ва спорт юлдузлари бўлган машҳур эркакларнинг қулоғида сирғаларни кўриб, бугун ҳайрон ҳам бўлмаймиз. Ёшларга хос хусусият — тақлид туфайли йигитлар орасида сирға тақиб юрганларини кўча-кўйда баъзан учратамиз. Сирға билан боғлиқ айрим маълумотлар эса “оммавий маданият” тарғиботчиларининг асл мақсадларини рўйи рост очиб берса, эҳтимол…

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, ўрта асрларда черков қулоқ тешиш ва сирға тақишни тақиқлаб қўйган. Боиси эса ўғри-каззоблар билан боғлиқ. Улар қулоқларига сирға тақиш орқали черковдан ҳам, давлатдан ҳам қўрқмасликларини ифода этишган. Қадимда эса эркак қуллар сирға билан тамғаланган. Айрим мамлакатларда сирға тақиш билан эркаклар ўзларининг ўзгачароқ жинсий майллари борлигини ва шу истакни амалга ошириш учун шерик қидираётганини англатишган. Айни шу майлга ишора билан боғлиқ яна бир одат борки, у бугунги кунда “оломон маданият”и намояндалари томонидан урфга айлантирилди ва ёшлар билиб-билмай ундан фойдаланишаяпти. Кўча-кўйда белдан қуйироқда турадиган, осилтириб тикилган шим кийиб юрган йигитларга кўп марта кўзингиз тушган. Шимнинг бу тахлит кўриниши қамоқхонадаги маҳбусларнинг ўз жинсдошларига бўлган ҳирсий майли ва ўзига ўхшаганларни таниб олиши учун қилинган шартли ишора бўлган.

Ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак…

ҚОРА КЎЛАНКАЛАР

— Баъзан ўзим учун керакли маълумотларни излаб, интернет сайтларига кирганимда, готлар ва эмолар каби гуруҳларни тарғиб қилаётган сайтларга кўзим тушиб қолади, — дейди Косон хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зарина Худойқулова. – Беихтиёр ўйлаб қоламан: наҳотки, тенгдошларим орасида шу бемаъни гуруҳларга қизиқадиганлар бўлса?! Чунки кўчада баъзи ҳолларда айнан уларга тақлидан кийинаётган йигит-қизларни кўриб қоламан. Шахсан мен учун улар мутлақо тушунарсиз, мақсадсиз бир одамлар, холос. Ҳаётни севмайдиган, бошқаларни ҳам шунга чорлайдиган гот ва эмолар на ташқи кўриниш, на дунёқараш жиҳатидан бизга ўрнак бўла олади.

Готлар, яъни қоронғуликни севадиган, ҳаётнинг қора томонларини кўришни истовчилар гарчи ХХ асрнинг 70-йилларидан бошлаб, жамиятда ўз ўринлари борлигига даъво қилиб келаётган бўлса-да, уларнинг тарихи, келиб чиқиши  ҳам қадим замонларга бориб тақалади. Қон сўрувчи махлуқлар – вампирлар билан готлар орасида боғлиқлик борлигини манбалар тасдиқлайди. Ҳозирги готлар қора ва оқ рангларни уйғунлаштирган кийимлари, эркагу аёл учун бир хил бўлган ва қилиниши шарт саналган пардози билан ажралиб туришса, эмоларнинг бир кўзни тўсиб, буруннинг учигача тушиб турадиган сочлари, ёрқин, ўзаро уйғунлашмаган кийимлари кўзга яққол ташланади. Улар учун гўё атрофдагиларнинг фикри, муносабати муҳим эмас. Агрессив, тушкун кайфиятга берилувчан бу икки гуруҳ аъзолари орасида охир-оқибат ўз жонига қасд қилиш кўп учрайдиган ҳолат экан. Уларнинг жамиятга ўз таъсирини ўтказишга уринишларидан мақсад эса аслида одамни одамкушлик, худкушликка даъват этиш, қонхўрликни тарғиб қилишдан иборат.

Демак, ёшларимиз бу икки гуруҳнинг маълум белгилари: ҳурпайган ёки кўзни тўсган сочлар, қоп-қора кийиму турли қўрқинчли шаклдаги ҳамда қўпол тақинчоқларидан узоқроқ юрганлари маъқул…

ХУЛОСА ЎРНИДА

Кўр-кўрона тақлид, билиб-билмай эргашиш тўғри эмаслигини бугун ҳамма яхши билади, замоннинг ўзи бу ҳақиқатни исботлаб бераяпти. Мафкуралар ўртасида шиддатли жанглар кетаётган бир паллада, атрофга янада ҳушёрроқ боқиб, кимга, нимага эргашиш мумкину кимдан, нимадан қочиш, эҳтиёт бўлиш кераклигини ўйлаб кўрадиган, нафақат ўйлаб кўрадиган, балки бу ёт ғояларга қарши турадиган ва эзгу фикр, амал билан қуролланган бўлсак, юртнинг эртаси, халқ, миллатнинг ёруғ келажаги, маънавиятимизни асрай оламиз.

АНДИША.

Мақола 428 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*