Товламачи Роза

Johnny-Depp-domestic-abuse

Жон Эскотт

“Яшил қушча” қаҳвахонасининг орқасида катта автопарк бор. Бу қаҳвахона тунда жуда гавжум бўлади ва ҳар кеч автопаркка кўплаб машиналар туради. Бу кеч ана шу автопаркда бир қиз дарахтнинг орқасида кимнидир пойлаб турибди. Унинг исми Роза ва ёши йигирмада. У бир меҳмонхонада ишлайди. Душанба кунлари эса дам олади. Бугун душанба. Ана шу душанба кунларида Роза бошқа иш билан шуғилланади.
У палтосининг чўнтагига қўлини тиқиб атрофга аланглади. Ҳаво совуқ бўлишига қарамай у калта кўйлак кийиб олган чунки бу жуда муҳим. Бироз ўтиб қаҳвахонадан бир аёл чиқди ва автопаркка келиб кўк рангли Форд машинаси томон юрди. Бу аёл эллик ёшлар атрофида бўлиб секинлик билан юриб борарди. Ўзича қўшиқ айтиб куларди.
– У ичган! деди Роза ўзига ўзи.
Аёл машинасининг олдига борди. Унинг сочлари сариқ ва эгнига яшил палтоси бор эди. Роза чўнтагидан кичкина шиша идишни олди. Шиша идиш ичида қизил суюқлик бўлиб Роза уни оёқларига сепди. Кейин тезлик билан халиги аёлнинг машинаси орқасига ўтди. Аёл машинасининг эшигини очиб рулга ўтирди.
– Оҳ, Дороти Бёрнс бугун кўп ичиб юбординг! деб кулди ўзича. Машина жойидан қўзғалиб орқага юра бошлаши билан Роза ўзини машинанинг орқасига ташлади ва “тақ” этган товуш эшитилди.
Машина тўхтади ва Роза ерга йиқилди. Йиқилаётиб у атайлаб қизил суюқлик теккан қўлини машинанинг орқасига теккизиб олди. Дороти Бёрнс дарров машинадан тушиб ортига қаради ва ерда ётган Розани кўриб юзлари оқариб кетди.
– Вой! Нима бўлди? деб қичқирди у.
– Оёғим! Оҳ оёғим! деб додлашни бошлади Роза.
– Оёғингиз қонаяпти? деди Дороти Бёрнс унинг оёғидаги қизил суюқликни кўриб.
– Ҳа, чунки сиз мени уриб юбордингиз! деди Роза ўзини жаҳли чиққандек қилиб кўрсатиб.
– Мен сизни кўрмадим-ку! деди Дороти Бёрнс.
– Албатта кўрмайсиз-да чунки сиз мастсиз! деб бақирди Роза.
– Мен.. мен деб каловланиб қолди Дороти Бёрнс.
– Сиздан ароқ ҳиди келяпти мен ҳозироқ полиция чақираман!
– Йўқ! деди қўрқиб кетган Дороти Бёрнс.
– Тўғри озгина ичгандим.
– Шунақа денг? Буни полицияга айтасиз деб Роза оёғини судраб ўрнидан турди.
– Йўқ! Илтимос фақат полицияни чақирманг! Сизга ёрдам бераман. Таксига ўтириб касалхонага боринг. Бунинг учун сизга пул бераман! деб ялинишга тушди Дороти Бёрнс.
– Қанча берасиз? деди Роза. – Ммм… йигирма фунт етадими?
– Эллик.
– Ўттиз берсам-чи?
– Эллик.
– Аммо ҳозир менда бунча пул йўқ.
– Майли унда полицияни чақираман! деб Роза чўнтагидан қўл телифонини чиқарди.
– Бўпти, бўпти деб Дороти Бёрнс машинадан сумкасини олди-да ундан эллик фунт чиқариб Розага узатди.
– Мана олинг.
Роза пулни олиб ундан узоқлашди. У кўчанинг охирида турган ўзининг оқ рангли, эски Фиат русумли машинасига ўтириб уйига жўнади.
Кейинги уч душанбада Роза турли қаҳвахоналарга борди. У маст ёки озгина ичган хайдовчиларни пойлаб туради. Базида у соатлаб кутиб ўтиради. Кейин эса чўнтагидан қизил суюқлик солинган кичкина шиша идишни чиқаради ва бироз ўтиб “бахтсиз ҳодиса” содир бўлади. Ҳайдовчилар Розанинг полицияга қонғироқ қилишидан қўрқиб пул беришади. Бу пул миқдори базан эллик базида юз фунтгача бўлади. Ҳатто бир марта тилла тишли семиз эркак унга икки юз фунт берди.
Яна бир душанба куни Роза “Яшил қушча”дан унча узоқ бўлмаган бир қаҳвахонага борди. Тун жуда совуқлиги боис у машинасида кутиб ўтирди. Бир соатдан сўнг бир эркак қўлида бир шиша вино билан қаҳвахонадан чиқди. У машиналар тўхташ жойига қараб қолди.
– У машинасини топа олмаяпти. Демак у маст деди Роза ўзига ўзи.
Бир- икки дақиқа ўтиб эркак машина тўхташ жойидаги катта Ҳонда русумли қизил машинага қараб юра бошлади. У мастлигидан оёқда туролмасди. Машинасини олдига бориб эшигини очди. Роза оёғига суюқликни сепиб машинасидан тушди ва тезда ҳалиги эркакнинг машинаси орқасига ўтди.
– Ҳой, сен! деган овоз эшитилди қаердандир.
Роза атрофга аланглади ва у томонга бир сариқ сочли аёл югириб келаётганини кўрди. Бу аёл ўша, Роза бир неча ҳафта олдин чув туширган Дороти Бёрнс эди. Унинг қўлида фотоаппарат бор еди. Роза ўрнидан туриб қочиб қолмоқчи бўлди аммо Дороти Бёрнс ундан чаққонлик қилди. У Розанинг қўлидан махкам ушлаб олди.
– Сени тўрт ҳафта илгари “Яшил қушча”да учратгандим.
– Нима? Кимсиз ўзи? Нима ҳақида гапиряпсиз? Мен уйга кетишим керак. Қўлимни қўйворинг! деди Роза.
Қўлида вино кўтариб олган эркак уларнинг олдига келди. –
Ҳой! Бу ерда нима қиляпсизлар? Нима гап ўзи? деди.
Унинг юзи қизариб кетган, кўзлари юмилиб борарди.
– Манави қиз мени тўрт ҳафта аввал тушириб кетганди. У фирибгар ва товламачи. У машинангизни орқасига ўтиб ўзини уради. Кейин сизга уни уриб юборганингизни айтиб шантаж қилади. Сиз мастсиз ва табиийки полициядан қўрқиб бу товламачига пул беришга мажбур бўласиз деб тушинтиришга уринди Дороти Бёрнс.
– Нимааа? деб Розага қаради эркак ҳеч балони тушинмай.
– Унинг оёғига қаранг! деди Дороти. – У оёқларига қизил рангли суюқлик сепиб олган. У бу ишни гўёки машинангиз уни уриб юбориб оёғини жароҳатлагандек қилиб кўрсатиши учун қилади. Аслида эса унга жин хам урмаган бўлади! Бу қиз фирибгар!
Ниҳоят эркак гап нимадалигини тушинди. Унинг юзи баттар қизариб Розага қаради.
–Ҳей сени…! деб ғазаб билан Розани итариб юборди.
Қиз ерга йиқилди. Эркак уни урмоқчи бўлганди Дороти Бёрнс уни тўхтатиб қолди.
– Йўқ шошманг! деб эркакка ёпишди Дороти. Эркакнинг қўлидаги шиша ерга тушиб чил- чил бўлди ва ичидаги вино Розанинг юзи ва палтосига сачради.
– Менинг вином! Уни хотинимга олгандим! деб бақирди эркак.
У икки аёлга ғазаб билан қаради ва яна қаҳвахонага қайтиб кетди. Роза секин ўрнидан туриб қочишни бошлади.
– Тўхта! деди Дороти Бёрнс.
– Нега тўхташим керак деб кулди Роза.
– Шундай қилишга мажбурсан. Қўлимда сени фош қилувчи суратлар бор! деди Дороти.
Роза тўхтаб унинг олдига борди.
– Мени қандай топдингиз? деди.
– Мен тунда бир нечта қаҳвахона олдидаги машина тўхташ жойларида пойлаб юрдим ва ниҳоят шу ердан сени топдим. Сен бу ерда кичкина товламачилигингни қилмоқчи эдинг.
– Бу товламачилик эмас! деди Роза қизишиб.
– Хўш, унда нима экан? деди Дороти Бёрнс.
– Бу эркак маст. Сиз ҳам ўша куни маст эдингиз.
– Лекин сени уриб юбормагандим!
– Буни қаердан билдингиз? деди Роза секингина.
– Ўша куни уйимга бориб яхшилаб ўйладим. Сен ўша эллик фунтни жудаям ҳохладинг. Бу шунчаки товламачилик эканини кейин фахмладим. Билсанг мен ҳам бир марта шундай иш қилганман.
Роза унга хайратланиб қаради.
– Нима қилгансиз? деб сўради.
– Болалигимда деб гап бошлади Дороти. – Ота-онам турли хил тадбирлар ва зиёфатлардан бўшамасди. Улар менга энага ёллашарди чунки ўша вақтда ўн ёшда эдим. Энагалар одатда ўн саккиз- ўн тўққиз ёшли талаба қизлар бўлишарди. Талабалар доим пулга ўч бўлишади. Мен ҳам пулни яхши кўрардим. Энагаларимга менга иш ҳақингизни ярмини берасизлар бўлмаса ойимга сизларни мени уради, қўлимга қайноқ сув қуяди, сочларимдан тортади, қорунғу хонага қамаб қўяди деб айтаман деб уларга товламачилик қилардим. Албатта уларга қўйган айбловларимнинг барчаси ёлғон эди лекин қизлар онамдан қўрқишарди. Чунки онам ёзувчи эди. У болалар ҳақида китоблар ёзарди ва доим телевизорда чиқарди. Шу сабабли бечора энагаларим иш ҳақларини тенг ярмини менга беришга мажбур бўлишарди.
– Ажойиб қизча бўлган экансиз-да! деди Роза кесатиб.
– Унчалик эмас. Одам улғайиб ақли кираркан. Ҳозир товламачилик қилмайман деди Дороти Бёрнс.
– Мендан нима истайсиз? деди Роза.
– Албатта эллик фунтимни қайтариб беришингни истайман деб Дороти Бёрнс унга термилди.
Уч дақиқадан сўнг Роза машинасига ўтириб уйига жўнади. У жаҳлдан ўзини қўярга жой тополмасди. Ғазаб билан машинасини юқори тезликда хайдаб борарди. Икки километр юрганидан сўнг Розанинг машинаси бирдан катта йўлдан чиқиб кетди ва бир деворга бориб урилди. У тирик қолди бироқ бир қўли ва бир оёғи синганди. Боши билан ҳам қаттиқ урилганди. У қимирлай олмасди. Бир соат ўтиб икки полициячи Розанинг машинасини топишди ва тез ёрдам чақиришди. Розанинг ранги оқариб кетиб гапира олмасди. Полициячилар унга ачиниб эмас жаҳл билан қарашди.
– Ундан вино ҳиди келяпти деди биринчи полициячи.
– Яна битта маст хайдовчи! деди иккинчи полициячи. –Нега одамлар ичиб олиб машина бошқаришади-а?

Инглиз тилидан Феруз Зиёдуллаев таржимаси

Мақола 1 141 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*