Тошга битилган қисса

photo_2017-01-03_17-40-34Қадимги тарих ўз тилсимлари сир-синоатларини бирма-бир очар экан, қалбимизда бир олам ҳайрат ва таассурот уйғонади. Мозийдан садо берувчи қадим обидалар бағрида жо бўлган маълумотлар бизга аждодларимиз маданияти, турмуш  тарзидан шоҳидлик беради.

Вилоят ўлкани ўрганиш музейида сақланаётган  экспонатларни кузатар экансиз, улардаги сир-синоат, бири бошқасини такрорламайдиган мўъжизалар ҳайратингизни оширади. Хусусан, осори атиқалар орасида қадимий битиклар битилган қабр тоши эътиборга молик. Маълумотларга кўра,  ушбу  экспонат  1963 йили Кожортепадан  топилиб, ёш  ўлкашунослар томонидан музейга тақдим қилинган.

Л.Ю.Маньковскаянинг “Қашқадарё воҳасининг архитектура ёдгорликлари” рисоласида ҳам ушбу ашё ҳақида сўз юритилган бўлиб, унда сағана қопламасининг XIV аср ўрталарига оид ва у Марказий Осиё меъморий хаттотлигининг ноёб намунаси эканлиги таъкидланади.

Қабр тоши билан боғлиқ қуйидаги севги афсонаси ҳали-ҳануз халқ орасида тилдан-тилга кўчиб юради. Қадимги Кожорда ҳуснда тенгсиз Гулгуной исмли қиз бўлган экан. Кунларнинг бирида қишлоққа  созанда йигит келибди. У Гулгунойни кўриб, севиб қолибди. Гулгуной ҳам йигитга кўнгил қўяди. Фурсат ўтиб  йигит  қизга совчи юборади. Аммо Гулгунойнинг отаси созанда йигитга қизини узатишни хоҳламайди. Йигит қишлоқдан бутунлай кетади. Ўз севгилисидан айрилган, отасининг раъйига қарши боролмаган Гулгуной хасталаниб, оламдан кўз юмади.  Бундан  хабар топган йигит “Хазон бўлган гул” достонини ёзиб, севгилисининг қабри устига  ушбу сағанани ўрнатган.

Халқ орасидаги бу афсона қанчалик ҳақиқат ёки тўқима, билмадиму, аммо сағана тошида эрта оламдан ўтган қизга бағишланган изтиробли сўзлар битилган.

Бу тошнинг  бошқа сағана тошларидан      фарқи шундаки, у кулолчилик анъанаси асосида лойдан тўртбурчак шаклда ясалган бўлиб, хумдонда пиширилган ва сирланган. Тошнинг  юзаси мовий рангда бўлиб, битиклар оқ рангда битилган. Анъанага мувофиқ сағанатошларга диний мазмундаги матнлар, яъни Қуръон оятлари  ва ҳадислар битилса, ушбу сағанада шеърий байт битилган. Битик  шарқшунос олим А.К.Арендс томонидан форсий тилдан қуйидагича таржима қилинган:

“Сен улуғликнинг буржида, поклик кўланкасида ўтирган эдинг, Қуёш каби жамолингсиз хонумонлар қоронғиликка айланди. Умринг мавсуми, ҳаётинг қуёши ҳар қанча сабзалик баҳор ойи буржида бўлса-да, фалак сени тезлик билан куз ойига етказди, хазонга айлантирди.

Гул вақтида очилиб, гуркирамаган эй гул, нима учун наргис каби кўзингни жаҳон боғидан юмдинг. Қачонки фалакнинг жабру жафолари дилингга аён бўлгач, сен бу меҳр-вафосиз оламдан кўнглингни уздинг”.

Қай мақсадда битилганидан қатъи назар ушбу ёзувлар аждодларимизнинг сўз қўллаш, бадиият бобидаги маҳоратини акс эттиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

 Жобир ИСМАТУЛЛАЕВ

Мақола 382 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*