Тортинчоқлик фазилатми ёки иллат?

«Негадир ҳамма менга қарагандек туюлаверади. Дарсга тай­ёрланиб келганману,ҳамманинг олдига чиқиб гапира олмайманда. Дугоналарим билан учрашишга ваъдалашиб қўйганмиз, аммо отаонамдан рухсат сўрашга менда журъат йўқ…»

14817831218-1

Бу каби хилма-хил хаёллар, одамлардан ўзини олиб қочиш, бирор бир хижолатли вазиятга тушиб қолганида дув қизариб кетиш каби хусусиятларни тортинчоқликка йўямиз. Хўш, тортинчоқлик ўзи қандай хусусият? У нима сабабдан пайдо бўлади? Бу хусусият инсон учун фойдалими ёки зарарли?

— Аввало, оиладаги муҳит ва ўқитувчиларнинг ноўрин ёндашуви сабаб бола ўз фикрини баён этишдан қўрқиб қолиши мумкин, — дейди Қарши шаҳридаги 10-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Маърифат Назирова. — Мактаб ёшидаги болалар учун тортинчоқлик яхши хусусият эмас. Чунки бу вазият боланинг иқтидорини бўғиб қўяди. Аксарият ҳолларда ўқувчиларнинг тортинчоқлиги оиладаги ўзгаришлар, кучли руҳий кечинмалар, дўстлари олдида камситилишидан келиб чиқади. Бундай ҳолатда ўқитувчилар бола билан дилдан суҳбатда бўлиб, ота-онаси билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг ҳам фикрларини олиб, боладаги тортинчоқликни бартараф этиши керак. Аммо ўта маҳмадоналикни ҳам оқлаб бўлмайди. Бу одобсизликнинг илк белгисидир.

Ўқувчилар орасида учрайдиган бундай хусусиятга кўпинча ўқитувчилар ҳам сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Ҳар гал уй вазифасини тайёрлаб келган болани тингламаслик, «Сендан кўра ўртоғинг яхшироқ», қабилидаги боланинг нафсониятига тегадиган гаплар, «Сен бу вазифани бажаришни уддалай олмайсан, бизни кўпчиликнинг олдида уялтириб қўйишинг мумкин», сингари тазйиқлар боладаги журъатни йўқотиши мумкин. Бунда бола ўз-ўзидан тортинчоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Оиладаги муҳит ва берилаётган тарбия боланинг дунёқарашига, фикрлаш доирасига катта таъсир кўрсатади. Ота-она болага бефарқ бўлиши, уни тингламаслиги, фикрини баён этишга йўл қўймаслиги, боланинг саволига жавоб бермаслиги, унинг яхши ёки ёмон ҳолатини кузатмаслиги, ютуқларини рағбатлантирмаслиги натижасида бола одамлардан ажралиб қолиши, дўстларидан тортиниб, ўзи ёлғиз юришни одат қилишига олиб келиши мумкин.

— Болам ўта тортинчоқ. Уни кўпинча ёлғиз юрганини кузатаман, байрамларда ҳам ёдлаган шеърини айтиб беришга қийналишини кўриб хафа бўлиб кетаман, дегувчи ота-оналар ҳам учраб туради, — дейди психолог Барчиной Жўраева. — Бундай ҳолат, аввало, тарбия нотўғри йўлга қўйилганидан келиб чиқади. Бу вазиятда ота-она, аввало, бола билан дилдан суҳбат қуриши керак, секин-секин у нималардан тортинаётгани ва бунинг сабаби нима эканини билиб олиши лозим. Ундан кейин болани кўпроқ одамлар орасига қўшиш, шеър ёки қўшиқлар ёд олдириб, бошқаларга ҳам айтиб беришга ундаш, ўртоқларини уйга таклиф қилиб, боласини улар билан фикр алмашишга ўргатиш керак.

Бундай ҳолатларда ишни болаларга баланд овозда китоб ўқиб бериш, шеър ёдлаб бериш билан бошлаш мумкин. Кўзгуга қараб баланд овозда гапириш ҳаяжонни йўқотишга ёрдам беради. Бошқалардан ўзининг кучли эканини англаш, қилган ишлари билан ғурурланиш ҳиссини ошириш ҳам яхши самара беради. Сабаби, ҳар бир инсоннинг ўзига хос истеъдоди бор. Ўша имкониятни ўзида кўра олган инсонгина бундай ҳолатдан чиқиб кетиши мумкин. Атрофдаги гўзалликни бошқалар билан сўз орқали баҳам кўриш, яқинларига тез-тез яхши гаплар айтиш бу йўлдаги самарали усуллардан биридир. Тортинчоқликни бартараф этишнинг энг самарали усули олдинга аниқ мақсад қўйиб, шу мақсади томон дадил ҳаракат қилишдир.

Соҳиба СУЮНОВА ёзиб олди.

od-press.uz

Мақола 778 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*