Нега «Тоҳир ва Зуҳра» мажмуасидаги тиканларни чопиб, ерни текислаб ташлашса ҳам яна тикан чиқаверади?

скачанные файлы (1)Тоҳир ва Зуҳра, Қоработир ҳақидаги афсона узоқ йиллар оша тилдан тилга кўчиб, халқимиз онгу шуурига гўё ҳаёт ҳақиқатидек сингиб кетган. Кексаю ёш Алпомиш, Гўрўғли, Кунтуғмиш ҳақидаги достонларни қанчалик севиб тингласа, Тоҳир ва Зуҳра ҳақидаги афсоналарни ҳам шунчалик меҳр, қизиқиш билан эшитади. Момолари Тоҳир ва Зуҳранинг бир-бирига вафодорлигини айтишдан чарчашмайди, ёшлари эса севишганлардаги садоқатга ҳавас қилиб улғайишади.

Вилоятимизнинг Ғузор туманидаги Қоратикан қишлоғида  қадимдан Зуҳратепа, Тоҳиртепа деган манзиллар бўлиб, шу ерлик аҳоли бу тепаликларни эъзозлаб келишган. Ривоятларга қараганда, Тоҳир ва Зуҳра шу ерда яшаб ўтган экан. Айтишларича, Тоҳирнинг қабри устида ҳар баҳорда бир туп оқ гул, Зуҳранинг қабри устида эса қизил гул, уларнинг ўртасидан қора тикан ўсиб чиқар экан. Яна бир ҳайратланарли жиҳати, гул новдалари икки қабр ўртасида бир-бирига туташиб, чирмашиб кетар экан.

Мустақиллик шарофати билан худди шу манзилда — Қарши-Шаҳрисабз катта йўли ёқасида Тоҳир ва Зуҳра мажмуаси — хиёбон барпо этилди. Бир  вақтлар қаровсиз, тиканзор бўлиб ётган жойнинг бугунги қиёфаси кўзларни қувонтиради. Юртбошимизнинг ташаббуси билан бунёд этилган мажмуа обод гўшага айлантирилди. Бу ерга қадам ранжида қилишингиз билан сизни энг ширин туйғулар чўлғаб олади. Аввало, мажмуадаги манзара ҳар бир кишини хаёлан Тоҳир ва Зуҳра даври билан боғлайди. Воқеалар кўз ўнгингизда намоён бўла бошлайди. Моҳирона ишланган ҳайкалчалар Тоҳир ва Зуҳра ҳақида ҳикоя қилади гўё.

Хиёбоннинг бир четида қишин-ёзин бир хил турадиган, шу ерлик аҳолининг таъбири билан айтганда, мангу чангалзор бўлиб, ҳар баҳорда унинг ўртасида икки жуфт лола очилар экан.

Ана шу чангалзор ёнида севишганлар шаънига ёнма-ён улкан рамзий  мармар қабртош ўрнатилиб, кошинлар билан безатилди. Меҳр ва муҳаббатга қўйилган бу тимсол неча йилдирки, ошиқ дилларга энг тоза туйғуларни  улашиб, кўнгилларни афсонавий ошиқ-маъшуқларнинг улуғ ишқий изтиробларига ошно этиб келаяпти.

— Бу сирли манзил жуда қадимдан қишлоқ одамлари томонидан асраб келинади, — дейди Ғузор тумани ҳокимлиги мутахассиси Дилбар Хўжақулова. — Ҳайратланарли жиҳатлари кўп. Мисол учун, ҳамма жой дарахтзор, обод. Аммо  тиканзор ҳеч ўзгармайди. Тиканларни чопиб, ерни текислаб ҳам кўришди, лекин яна тиканзор пайдо бўлиб қолаверади. Бундан ташқари, бу ердаги дарахтлар ҳам ўзи униб чиқади, ҳеч ким атайлаб экмайди.

Айтишларича, қабристон ўрни бир вақтлар дарёнинг сўл қирғоғи бўлган экан. Қадимда Қашқадарё суви Амударёга қуйилганини, ўша даврларда қишда қор, баҳорда ёмғир кўп ёққани туфайли Қашқадарёда сув пишқириб оққани, достонларда куйланганидек подшонинг қасри дарё ёқасида жойлашгани, шу манзилда Қоработирга нисбат берилган Қоратикан қишлоғининг мавжудлиги ва бу маскандан қадим шаҳристон қолдиқлари топилганини ҳисобга оладиган бўлсак, балки афсона замирида ҳақиқат яшириндир, деган фикрга келасиз.

Бугун хиёбон гулларга бурканган. Гўё мангу уйқудаги ошиқларни сийлаётгандек. Тоҳир ва Зуҳранинг ишқ достонини сўйлаётгандек.

Шу ерда ошиқ диллар аҳду паймон қилишади. Келин-куёвлар севгисига садоқатли бўлишни, бахтли ҳаёт кечиришни, бир-бирларини умрларининг охиригача ҳурмат-иззат қилишни юрак-юракларидан ўтказишади. Балки шундандир қишлоқда ёшликдан кўнгил боғлаб, турмуш қуриб, бугунги кунда пиру бадавлат бўлиб яшаётганлар кўп.

 

Санобар БОЙМУРОДОВА.

«Qashqadaryo» газетаси архивидан олинди.

Мақола 834 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*