Тоғ қизи

 

tog qiziУ тоғлик эр-хотин Соно ва Жаденинг қизи эди. Бир йили деҳқончиликда уларнинг омади чопмади, Котгар яқинидаги Сатле водийсида экилган озгина экинни ҳам айиқлар пайҳон қилиб кетди.

Тоғлик эр-хотин бундай талофатни ўз худоларининг марҳаматсизлигига йўйишдими, бошқа сабабданми, ўша йили қишда улар масиҳийлик динини қабул қилишди ва қизларини Котгарга, насронийлар қишлоғига чўқинтиргани олиб боришди. Котгар роҳиби қизга насронийча Элизабет исмини берди. Қабиладагилар эса қизни Лисбет дея талаффуз этиб чақира бошладилар.

Кўп ўтмай Котгар водийсига вабо тарқалди. Машъум ўлат Соно ва Жадени олиб кетди. Қизча эса руҳонийнинг қарамоғида қолди. Котгар роҳибининг аёли уни ўзига хизматкор, жория қилиб олганди. Лисбет руҳоний хонадонида шу тариқа улғая бошлади.

Ўз қабиласининг маъбудалари қизни аввалдан сийлашганмиди ёхуд насронийлик унинг чиройини очдими, Лисбет ҳақиқий соҳибжамол бўлиб бораётганди. У ҳар куни сайр қилгани чиқар, шунчаки атрофнинг гўзаллигидан баҳра олиш учун эллик мил чамаси йўл босарди. Унинг юзларидек жозибадор чеҳрани одатда фақат сувратларда, камдан-кам ҳолларда ҳаётда учратиш мумкин эди. Қизнинг бутун вужуди фил суягидек оппоқ рангда эди. У ўз қабиладош­ларига қараганда анча баланд бўйли, кўзлари эса ҳайратланарли даражада чиройли эди. Агар сиз уни тоғ қўйнида танҳо учратиб қолсангиз, маъбуда Диананинг ўзи ов қилгани чиқибдимикин, деган хаёлга борардингиз.

Лисбет насронийлик эътиқодига осонгина кўникди. У бошқа қизларга ўхшаб улғайиб, эсини танигач, ўз динига ўтиб кетмади. Қабиладошлари шунинг учун ҳам уни жуда ёмон кўришарди.

Бу пайтда роҳибнинг хотини қиз билан қандай муомала қилишини билмай қолганди. Ахир, бундай хушсурат, бокира фариштага идиш-товоқ ювишни буюришга ким ҳам ботина оларди. Шунинг учун ҳам Лисбет роҳибнинг болалари билан эмин-эркин ўйнаб юрар, якшанбалик мактабга қатнар, уйда қанақа китоб бўлмасин, барчасини қизиқиш билан ўқиб чиқарди. Роҳибнинг хотини қизни Симлага юбориб, унга муносиброқ иш топиб бериш ҳақида кўп гапирарди. Лисбет ўзига бошқа жой қидиришни хаёлига ҳам келтирмасди. У Котгардан кетишни умуман истамасди.

Бир сафар Котгарга сайёҳлар келишди. Улар бу томонларга камдан-кам ташриф бўюришарди. Лисбет эса улар мени Симлага ёки шунга ўхшаган нотаниш томонларга олиб кетиб қолишади, деб ўйлаган, шу боис хонасидан ташқари чиқишга ҳам қўрқиб қолганди.

Ўшанда у ўн етти ёш бўсағасида эди. Кунларнинг бирида сайр қилгани тоққа жўнади. Қиз ярим мил пиёда юриб ортига фойтунда қайтадиган инглиз хонимларига ўхшамасди, албатта.

У ўзининг “қисқагина” саёҳати давомида Котгар атрофини тўлиқ айланиб чиқар, 20-30 милча йўл босар, ҳатто Наркундагача бориб келарди. Нафаси оғзига тиқилиб, юкнинг оғирлигидан бурни ерга теккудек ҳолатда уйига кириб келганида, роҳибнинг хотини меҳмонхонада ухлаб ётарди. Қиз елкасидаги “юк”ни диван устига қўяркан, очиқчасига гап бошлади:

– Бу менинг эрим. Мен уни Багига борадиган йўлдан топиб олдим. У қоядан қулаб тушганга ўхшайди. Биз уни даволаймиз. У тузалиб кетса, роҳиб бизни никоҳлаб қўяди.

Шу пайтга қадар Лисбетни бундай вазиятда кўрмаган роҳибнинг хотини бирдан даҳшатга тушди. Бироқ ҳозир биринчи навбатда диван устида беҳуш ётган йигит ҳақида ўйлаш лозим эди. Бошидан жароҳат олган ёшгина инглиз йигити ҳамон диван устида ҳушсиз ётар, билинар-билинмас нафас оларди, холос.

Уни тўшакка ётқизишди. Тиб илмидан оз-моз хабардор роҳиб беҳуш йигитнинг ярасига малҳам қўйиб боғлади. Лисбет эса эшик олдида ҳар қандай топшириққа шай бўлиб турарди. Қиз роҳибга ҳам ўз қарорини билдирди. Роҳиб ҳам, хотини ҳам қизни намойишкорона андишасизликда айблади. Уни инсофга чақирмоқчи бўлишди. Лисбет эса уларни жимгина тинглаб, бояги гапини такрорлади. У тушунмасди: ахир қандай қилиб кўнглингдагидек йигитни учратганингда ҳам у ҳақда ҳеч кимга оғиз очмай юравериш мумкин! Шу сабабли аҳдида қатъий туриб олди. Йигит оёққа тургач, у билан турмуш қуради.

Қиз йигитнинг оёққа туриши, уйланадиган даражада куч-қувват йиғиши учун ҳар қандай ишга тайёр турарди.

Икки ҳафтада йигитнинг бошидаги жароҳатлар битиб кетди. У бундай меҳрибонлик учун роҳибга, унинг хотинига, ҳаммадан кўпроқ Лисбетга миннатдорлик билдирди. У Шарққа (ўша пайтларда бу томонларга саёҳат қилиш у қадар оммавий тус олмаганди) саёҳат қилиш умидида келганини, Дера-Дундан тоғларида турли хил гиёҳлар ва капалаклар йиғиш учун чиққанини айтди. Шу сабабли Симлада уни ҳеч ким танимас экан. Ўзининг айтишича, баланд қояда ўсган аллақандай гиёҳни узмоқчи бўлиб чиққанда мувозанатни йўқотиб, пастга қулабди. У соғайиб кетиши билан Симлага қайтишини айтди. Энди тоғлар уни ўзига мафтун этмасди.

У қишлоқни тезроқ тарк этишни истар, бироқ ҳали бунинг учун етарлича мадор тўплай олмаганди. Лисбет эса ҳеч кимнинг гапига қулоқ солишни истамасди. Шунинг учун роҳибнинг хотини Лисбетнинг миясида қанақа бемаза хаёллар чарх ураётганини йигитга айтиб берди. Йигит қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди ва бу шунчаки соддагина Ҳимолай қизининг ўзига ўхшаш содда ва беғубор хаёлоти эканини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Ватанида қаллиғи кутаётганмиш. Шундай бўлса-да, йигит ўзини ўта хушмуомала қилиб кўрсатарди.

У қиз билан суҳбатлашишни, бирга саёҳат қилишни, ширин сўзлар билан эркалаб кўнг­лини кўтаришни шунчаки кўнгилхушлик деб билар, аслида эса қиз билан бир умрга хайрлашиб, юртига қайтиш учун куч йиғаётганди. Бу суҳбатлару сайр-саёҳатлар йигит учун ҳеч қандай маъно касб этмас, қиз учун эса катта аҳамиятга эга эди. У севиши мумкин бўлган одамни топганидан бахтиёр сезарди ўзини.

Ёввойитабиат қизнинг ўз ҳиссиётларини бош­қара олмаслиги инглизнинг кулгусини қистатарди. Йигит қайтишга отланганида, олам кўзига қоронғи бўлиб кетган Лисбет уни Наркундагача кузатиб борди. Қиз йўл-йўлакай йигитдан албатта қайтиб келиб унга уйланишга ваъда беришини қайта-қайта илтимос қилди.

– Кўраяпсизми, у шунақа тентак, тарбиясиз қизки, нима деяётганини ўзи ҳам билмайди, – деди уларга ҳамроҳлик қилиб бораётган роҳибнинг хотини.

Йигит кета-кетгунча қизнинг нозик белидан оҳиста қучиб борди. Қайтиб келишига ва у билан никоҳдан ўтишига қизни ишонтирди. Улар Наркундага кираверишда айрилдилар. Қиз йиғлаб юборди. Мутианига буриладиган жойда кўздан йўқолгунча инглизнинг ортидан термулиб қолди.

Қиз алам билан кўз ёшларини артди. Улар яна Котгарга киришаётганда Лисбет роҳибнинг хотинига юзланди.

– У қайтиб келади. Кейин менга уйланади. У қариндошларини шу гапдан огоҳ қилиш учун кетди.

Аёл Лисбетни тинчлантирган бўлди:

– Ҳа, у албатта қайтади, қизим!

Икки ой ўтар-ўтмас, Лисбет хавотирга туша бошлади. Унга йигитнинг денгиз ортига, Англияга жўнаб кетганини айтишганди. Қиз Англия қаерда жойлашганини билар, бу ҳақда мактаб дарсликларида ўқиганди. Бироқ тоғлар орасида ўсган қиз денгиз нималигини қаердан билсин? Уйда алмисоқдан қолган дунёнинг сиёсий харитаси бўларди. Қиз кечалари ўша харитадан Анг­лияни қидирар, севгилисининг бармоқ билан босса кўринмай кетадиган ҳудудда эканини ҳис этиб, аччиқ кўз ёш тўкарди. У орадаги масофа, пароходлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, унинг тушунчалари ҳақиқатдан анча йироқ эди. Қолаверса, инглиз йигити тоғлик қизга уйланиши учун Котгарга қайтишини хаёлига ҳам келтирмаслигини билмас эди у. Йигит Ассамда капалак қувиб юрганидаёқ қизни унутиб юборганди. У охир-оқибат Шарқдаги саёҳатлари ҳақида китоб ёзди. Бироқ унда Лисбет тилга ҳам олинмаганди.

Учинчи ой ҳам интиҳосига етгач, Лисбет тез-тез Наркундага қатнайдиган одат чиқарди. У ҳар гал ўша ерда инглиз йигитнинг қайтишини кутиб ўтирарди. Айнан шу одатгина унга таскин берарди. Роҳибнинг хотини қизни илгаригидан шодонроқ кайфиятда кўриб, ёввойи эркаликларидан халос бўлаётир, деган хаёлга борди.

Кўп ўтмай бундай қатновлар ҳам Лисбетга ёрдам бермай қўйди ва у яна аввалги жиззакилигига қайтди. Бекаси, ниҳоят, бор ҳақиқатни очиқ-ойдин баён этди. Инглиз шунчаки қизни тинчлантириш учун уйланишга ваъда берганини, аслида бу ишни умуман қилмаслигини, Лисбетнинг “олиий ирқ” вакилига турмушга чиқишни орзу қилиши ҳам гуноҳ, уятсизлик эканини ва ниҳоят у ўзи тарафидан бир инглиз қизи билан оила қурганини тушунтирди  Лисбет эса бунинг ақлга зид экани, йигит уни муҳаббатига ишонтиргани, ҳатто бекасининг ўзи ҳам йигитнинг қайтишига ишонтирганини эслатди.

– Наҳотки, сиз ҳам мени алдаган бўлсангиз, – сўради у андуҳ билан.

– Қизим, сени фақат юпатиш учунгина шундай дегандим, холос.

– Демак, ёлғон гапирибсиз-да, – тўлқинланиб кетди қиз, – икковингиз ҳам мени алдабсиз.

Аёл шунчаки бош ирғаб қўя қолди. Лисбет ҳам анчагина жим турди-да, шаҳд билан югуриб насронийлар қишлоғидан чиқиб кетди ва кўп ўтмай Ҳимолай аёлларининг кийимида кириб келди. У тоғлик аёлларга хос тарзда бир томонга туширилган кокилларини қора ип билан боғлаб олганди. Фақатгина бурнига булоқа тақмаган эди, холос.

– Мен яна ўз эътиқодимга, халқим ёнига қайтаман, – деди у. – Энди Лисбет йўқ. Фақат қария Жаде ва қишлоқи Сононинг қизи қолди, холос. Сиз инглизлар ҳаммангиз ёлғончисиз! Сизларни кўргани кўзим йўқ.

Роҳибнинг хотини эс-ҳушини бир жойга тўп­лаб олганида, Лисбет аллақачон унинг ҳузуридан ғойиб бўлганди. У айтганини қилди: яна ўз қабиладошлари, ўз аждодларининг маъбудалари қошига қайтди, масиҳийлар қишлоғига бошқа қадам қўймади.

У ўз халқини чин қалбдан севарди, унинг ана шу муҳаббати алдоқчи инглизга бўлган ёввойи интилишларидан устун чиқди. У тез орада бир пайтлар қизни роса савалаган ўтинчи йигитга турмушга чиқди ва қариб-чиригунча бахтиёр ҳаёт кечирди.

 

Редьярд КИПЛИНГ

«Yoshlik» журналидан олинди.

 

Машҳур инглиз ёзувчиси ва шоири. Ҳиндистонда туғилиб ўсган, кейинчалик Англияда таълим олган ва умрининг охиригача Британияда яшаган. “Департамант қўшиқлари”, “Тоғ ҳақида оддий ҳикоялар”, “Уч аскар”, “Мингинчи инсон” сингари асарлари машҳур. “Мауглининг биродарлари” қиссаси билан шуҳрат қозонди.

 

Мақола 383 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*