Телефонда бақириб гаплашган аёл

9115Техника тараққиёти ривожланиб бораётган бугунги кунда мобиль телефон алоқасидан фойдаланмайдиган кишини учратиш мушкул. Қисқа фурсатда жуда кенг оммалашган ушбу алоқа воситасидан фойдаланиш аёллар ўртасида ҳам шу даражада урфга айландики, мобиль телефон уларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилаётган дастёр бўлиб қолди. Бироқ, вақт ўтган сайин ундан фойдаланишнинг ижобий томонлари қатори салбий жиҳатлари ҳам аён бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, мия саратони хасталигининг келиб чиқишига уяли алоқа воситасидан тарқаладиган тўлқинлар ҳам қайсидир даражада сабаб бўларкан. Айниқса, тиббиёт олимлари хомиладор аёлларнинг мобиль телефондан имкони борича камроқ фойдаланишлари зарурлигини кўп бор таъкидламоқдалар. Демак, бу «матоҳ» нафақат саломатликка, балки хомилага ҳам жиддий зарар кўрсатар экан.

Мен қуйида мобиль телефоннинг саломатликка таъсири хусусида эмас, балки ундан фойдлаланиш маданияти, кўча-кўйда, жамоат жойлари ва транспортда овозини баралла қўйиб, «сотка»да гаплашадиган, ибо, одоб-андишадан йироқ опа-сингилларимиз, бу ҳолатнинг нақадар хунук кўриниши, маънавиятимизнинг саёзлиги ҳақида сўз юритмоқчиман. Бу борада ҳаётий кузатишларимдан келиб чиқиб, дилни оғритаётган баъзи бир мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман.

Биринчи воқеа. Шаҳарлараро қатновчи «Дамас» автомашинасининг орқа ўриндиғида ўтирган гўзал бир қиз, кўринишидан талабага ўхшайди. Салкам ярим соатга яқин, яъни манзилга етгунга қадар қўл телефонида ким биландир гаплашиб кетди. Истаса-истамаса, суҳбат жараёнини эшитишга мажбур бўлган машинадаги йўловчилар у қизнинг кимлиги, нималарга қизиқиши, қачон қаерга боргани, дўсти, дугоналари, ҳатто севган кишиси кимлиги ҳақида етарли даражада маълумотга эга бўлдилар. Қолаверса, кўринишидан жуда чиройли бу қиз бемаъни «хингир-хингири» билан кўпчиликнинг ғашига тегди, балки ўзининг нақадар одобсиз, тарбиясиз, шарму ибодан йироқ эканлигини намойиш этганди.

Яна бир ҳолат. Шоҳбекатда бир аёл бақириб-бақириб гаплашиши билан барчанинг эътиборини ўзига тортди. Чор-атрофдагилар беихтиёр ўша аёлга қаради. Барчанинг диққатини ўзига жалб эта олганидан «илҳомланган» аёл янада бақириб, шанғиллаб гаплашарди.

— Эй, менга қара, эркакмисан ўзи? Сен билан нимага «договор»лашгандик. Э… (аёл шу ўринда уят сўзни айтди) экансан-ку..!

Суҳбат шу зайлда анча давом этди. Аёл шанғиллаб гапирганидан, ҳатто, уят сўзлар айтганидан заррача ҳижолат ҳам бўлмас эди, атрофида одамлар борлигига эътибор ҳам бермасди.

— Э, шу «сотка»ни чиқарганниям уйи куйсин, — норози оҳангда, деди ўриндиқда ўтирган бир отахон. — Шуям аёлми? Оғзидан боди кириб, шоди чиқади-я! Эссиз-эссиз…

Отахон бу аёлнинг шу қадар ҳаёсизлигига «ҳайф» демоқчи бўлдими ёки телефон ихтирочисининг маҳсулигами, буни билолмадим. Ён-атрофдагилар ҳам у аёлнинг нақадар фаросатсиз ва жирканч эканлигини кўриб, юзларини бошқа томонга бурдилар. Кўрганлари таъсиридан бошларини сарак-сарак қилишарди.

Яна бир воқеа. Катта йўл йўлакчасида кетиб борарканман, мендан сал олдинроқда чамаси бешинчи ёки олтинчи синф-да ўқийдиган қизалоқларнинг бир-бирларига «сотка»ларини мақтаниб кетаётганликлари эътиборимни тортди. Мактаби ўзи яшайдиган маҳаллада бўлган бу қизларга телефоннинг нима зарурати бор экан деган фикр хаёлимдан ўтди. Бу саволга жавоб топишга улгурмасимдан қизчалардан бирининг телефони жиринглаб қолди. Қиз ёнидаги дугоналарига «жим туринглар» деган ишорани қилиб, телефонни қулоғига тутди:

— Алло, ҳа, дада! Менми, ҳозир мактабдаман, дарсларим хали тугагани йўқ. Ўқитувчимиз дарсдан кейин қўшимча машғулот ўтаркан! Соат иккигача. Хўп, бўпти дедим-ку, дада.

Қиз телефонни ўчириб, «бопладимми» дегандай дугоналарига қаради. Ваҳоланки, қизча бу пайтда мактабда эмас, балки кўчада, дугоналари билан қаёққадир, отасини алдаган кўйи кетиб борарди. Кўринишдан на у қиз, на дугоналари бундай бўлганлигидан заррача ташвишланмасдилар, бу улар учун одатий ҳолга айлангандай эди.

Шу ўринда савол туғилади. Техника тараққиёти самараси бўлган, узоғимизни яқин қилиб, бизга дастёр бўлаётган қўл телефони аёл маънавияти, қизлар тарбиясига акс таъсир кўрсатмаяптими? Жамоат жойларида қўл телефонида гаплашиш қоидаларига, маданиятига нега амал қилмаяпмиз? Ахир ўзбек аёли учун умуман, ярашмайдиган сўзлашишни қаердан ўрганаяпмиз? Қизларга, ҳали мактаб партасида ўтирган ўқувчига қўл телефони шунчалар зарурми? Албатта, даврнинг бу қулайлигидан ҳамма ҳам бирдек фойдаланишга ҳақли. Бироқ меъёр, ҳар қандай ҳолатда ҳам одоб, ибо ва ҳаё биринчи ўринда турмоғи даркор эмасми? Бу масалада мулоҳаза билан, узоқни кўзлаб иш тутишимиз лозим. Акс ҳолда фарзанд тарбияси борасида тузатиб бўлмас хатога йўл қўйишимиз, бу эса бизга жуда қимматга тушиши мумкинлигини асло унутмайлик.

Шаҳло ТОШБЕКОВА

Интернет манбаларидан олинди.

Мақола 1 034 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*