Телефон фойдалими ёки…

telefon zararlimiИхчамгина, қулай ва енгил матоҳ бўлган телефон узоқни яқин, кўнгилни хотиржам қилувчи, ҳар ердан, ҳар кимдан хабардор этгувчи дастёр ёнингизда.

Аммо кўп жиҳатдан ёшлар (ўқувчи, талабалар) тарбиясига ва саломатлигига жиддий зарар етказаётган, қимматли вақтини ўғирлаётган бу микротўлқинли анжом — алоқа воситасининг ижобий ва салбий хусусиятларини бир тарозига солиб кўрайлик.

Телефоннинг фойдаси: хоҳлаган одамингиз билан, истаган вақтингизда, у қаерда бўлмасин, алоқа боғлаб суҳбатлаша оласиз. Содир бўлган воқеадан огоҳ бўласиз. Кўнглингиз хотиржам бўлади. Ишингизни тезроқ ҳал қиласиз.

Лекин бу матоҳнинг юқоридаги фойдаларидан кўра, зарари кўпроқ бўлса керак? Аввало, телефондан чиқаётган нур инсон мия ҳужайраларига жиддий таъсир этиб, уни турли хавфли касалликларга гирифтор этади. Биламизки, мия инсоннинг энг асосий бошқарув органи ҳисобланади. Телефонни ишлатиш керак, фақат меъёрида ва зарурат пайтида. Аммо бугунги кунда телефон ўсмирларимиз ҳаётидаги муҳим воситалардан бирига айланган. Кўча-кўйларда юрганимизда ажиб ҳолатларни кўриб, ҳайрон қоламиз. Ёш йигит-қизларнинг қўлидан телефон тушмайди. Аллақандай ножўя сўзлар билан жамоат жойларида ҳам юзсизларча гаплашиб турадилар.

Сўнгги вақтларда «наушник», «блуте» деган матоҳларни қулоғига тақиб юриш «мода» бўлган. «Наушник» тақади-да, ташқи томондан келаётган овозни эшитмайди. Бу ҳолатда кўча-кўйда юрилса, бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин-ку.

Телевидение кўрсатувларида «СМС-ЧАТ», «Тилаклар ва табриклар бирлашган сарҳад» деб номланган танишув ойналари бор. Айланаётган «СМС»ларни кўрсангиз ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Тинимсиз равишда «Танишаман» деб исми, телефон рақами кўрсатилган ёзувлар чиқади. Буларнинг аксариятини ёш қизлар, йигитлар ташкил қилади. Битта «СМС»нинг нархи эса фалон сўм!

Бизнинг асл ўзбек йигит-қизларига шу хосми? Бу ўзини-ўзи ерга уриш, хор қилиш эмасми? Кўпинча, бир ҳолатнинг гувоҳи бўламиз: фарзандлар ота-онасидан телефони «мода»дан қолганлиги туфайли, янги русумдаги телефон олиб беришни талаб қилишади. Баъзи ота-оналар эса, «янгисидан бўлса, янгисидан-да», деб олиб берадилар-у, оқибатини ўйламайдилар. Ахир телефон болага нима учун керак?

— Мен мактабдаман, мана бу вақтда дарсдан чиқаман.

— Мен уйдаман, ёки дўконга чиққандим, — дейиш учун керак, холос. Бунга телефоннинг нима алоқаси бор? Аслида, авваллари телефонсиз ҳам ҳаёт бир текисда ўтган-ку? Тўғри, ҳозир техника асри, техника имкониятлари чексиз. Телефондан фойдаланиш керак. Аммо меъёрни унутмаслик лозим. Аввало, ўзингизнинг ва фарзандларингизнинг саломатлигини асранг!

Камолиддин ЭСОНАЛИЕВ

Интернет манбаларидан олинди.

Мақола 1 413 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*