Татуаж туфайли қовоқлари йиринглаган қиз ёки татуаж — ғарбнинг ғариб тарғиботи

photo_2016-12-01_09-27-44

Интернет сайтларидан бирида чоп этилган мақола диққатимни тортди. Унда ёзилишича, пойтахтимиздаги гўзаллик салонларининг бирида кўзларининг тепа қисмини татуаж қилдирган Сабоҳат исмли қиз орадан 4 кун ўтиб қовоқлари шишиб кетганидан шикоят қилиб ўша салонга боради. Аммо салончи қиз унга татуаж қилиш жараёнида ножўя ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини ёки уйига борганидан кейин айтилган меъёрларга риоя этмаганлигини таъкидлаб, бир ҳафтадан кейин келишини ва уни коррекция (қайта чизиш) қилишини айтади. Бир ҳафта ичида Сабоҳатнинг қовоқлари йиринглаш даражасигача боради…

Афсуски, бугун «body art», яъни «тана санъати» ишқибози бўлган боди қизлар талабига монанд таклиф ҳам бор. Яъни исталган гўзаллик салонида мазкур хизмат туридан фойдаланиш имкони мавжуд. Лекин татуаж қилдириш маъқул ишми?

— Кўпчилик аёлларнинг узоқ вақт кўзгу қаршисида туриб пардоз қилишга вақти йўқ, — дейди Қарши шаҳридаги «Маржон» гўзаллик салони раҳбари Юлдуз Шарипова. — Татуаж улар учун айни муддао. Бундан ташқари, у юздаги нуқсонлар, доғларни беркитади. Керакли асбоблар ёрдамида чиройли шаклга келтирилган лаб, қош ва кўз учун бозордан пардоз воситалари сотиб олиш шарт эмас.

Бу бир қарашда жуда маъқулдай. Лекин танганинг иккинчи томони кишини обдон ўйлаб кўришга ундайди. Татуаж қилдирган аёл танасининг ўша қисми ва унинг атрофига бир ойгача сув теккизмаслиги керак. Демак, юзнинг каттагина қисми бир ойгача ювилмайди. Демак, бир ой давомида нонушта, тушлик ва кечки овқат ювиқсиз юз билан тайёрланади ва тановул қилинади.

— Татуаж инсон саломатлигига ҳам катта зиён етказади, — дейди терапевт Бобомурод Рўзиев. — Жараён игна билан амалга оширилгани учун ҳам оғриқли бўлади. Бу эса албатта, юз асаб тизимига зиён етказади, кўзнинг кўриш қобилияти сусайиши, қовоқ терисининг сезувчанлиги пасайиши ва мимикаларда ўзгариш пайдо қилиши мумкин. Қош татуажи соч илдизининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Қошлар тўкилиши эҳтимолини оширади  ва янги қош туклари ўсишдан тўхтайди. Лаблар татуаж қилинганда, оғиз атрофида шишлар ва яралар кузатилади. Узоқ вақт битмаган бу яралар ортидан турли инфекцион касалликлар келиб чиқади.

— Ҳозирги кунда нотиббий пренатал йўл билан ОИТСни юқтирган беморлар сони, афсуски, ортиб бормоқда, — дейди вилоят  ОИТСга қарши курашиш маркази профилактика бўлими мудири Хўжамурод Баҳринов. — Турли гўзаллик салонларида гигиенага риоя қилмаган ҳолда қилинадиган татуажлар ортидан касалликни юқтириб олганлар йўқ эмас. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда марказимиз томонидан аҳоли орасида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, гепатитнинг Б ва С турлари, турли микроб ва инфекциялар юқтириб олиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Тери касалликлари — постравматик экземалар, контакт дерматитлар келиб чиқиши ва кўп ҳолларда бўёқларнинг кўзга аллергия бериши ортидан кўз кўрмай қолиши мумкин.

Ўзбек аёли табиатан мукаммал чирой соҳибасидир. Ўсма-ю сурмадан бўлак пардоз воситасини билмаган момоларнинг авлодимиз. Бу мукаммал гўзалликни ғарбнинг чиркин тарғиботига учиб бой бермайлик. Асли «бенаво», «беташвиш», «бедард» кимсаларнинг жиловланмаган хоҳиш-истаклари сабаб дунёга келган ва дунё кезаётган «оммавий маданият» унсурларидан фориғ бўлайлик. Ҳамиша теран нигоҳ, қатъий фикр билан унга қарши турайлик.

Зебунисо НАЗИРОВА.

Мақола 1 328 марта ўқилган

1 Комментарий для Татуаж туфайли қовоқлари йиринглаган қиз ёки татуаж — ғарбнинг ғариб тарғиботи

  1. БИР АЁЛНИ ЭШИТГАНДИМ. У ХАМ ҚОШИ ВА ЛАБЛАРИНИ ТАТУАЖ ҚИЛДИРИБ ЮРГАНДА ОНАСИ ВАФОТ ЭТАДИ. ШУНДА МАРАКАСИНИ ЎТКАЗИШ УЧУН БОРГАН ОДАМЛАР ОНАСИ ВАФОТ ЭТГАН КИШИНИНГ ҚОШ ВА ЛАБЛАРИНИ БЎЯБ ЮРГАНИ ХАЙРОН ҚОЛДИРАДИ.
    ЎЗИ ЭСА УНИ (ТАТУАЖНИ) КЕРАКЛИ ВАҚТДА ЎЧИРИБ БЎЛМАСЛИГИДАН АФСУСЛАНАДИ.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*