Тарихни лол қилган аёллар

photo_2016-12-23_17-00-19

Шоир айтганидек, дунёда аёл мадҳига достон тугамайди. У – мушфиқ она, у – садоқатли ёр, у – меҳрибон опа, фидойи сингил. Инсоният тарихида муҳим бурилиш ясалишига сабабчи бўладиган буюк инсонлар – феноменларни дунёга келтирган оналар эса икки карра мўътабарроқ. Зеро, улар ҳар бир миллатнинг мангу ифтихори бўлмиш сиймоларга сабаби вужуд бўлганлар.

1. Эрамиздан аввалги VI аср. Аҳмонийлар ҳукмдори Кир Турон ерларига бостириб киради. Амударёнинг серўт, ҳосилдор ерларини макон тутган массагетларни бўйсундириш, ўлка бойликларига эгалик қилишни кўзлаган Кир қабиланинг қаттиқ қаршилигига дуч келади. Массагетларни жасур малика Тўмарис бошқарарди. Аҳмонийлар босқинига қарши мардонавор курашган Тўмарис бу жангда дилбанди Спарганиздан айрилди. Фарзанд доғида куйган малика Кирни очиқ жангда енгишга онт ичади. Икки ўртадаги аёвсиз жангда массагетларнинг қўли баланд келади.

2. Хоразмшоҳнинг келини Ойчечак Хотун. Жалолиддин Мангубердининг волидаси. Мўғул босқинчиларига қарши курашда сўнгги нафасига қадар ўғлининг ёнида бўлган. Маълумки, саркарданинг буйруғига кўра, унинг оила аъзолари — онаси, рафиқа ва вояга етмаган фарзандлари Амударёга чўктирилади. Бу қарорнинг моҳиятини чуқур англаган она қурбон бўлишга тайёр туради ва шаҳид мақомида бўлишларини айтиб, ёнидаги барча аёллар ва болаларга интиҳо олдидан руҳан далда бўлади.

3. Соҳибқироннинг севимли рафиқаси Сароймулкхоним. Асли исми Ўлжой бўлган бу доно аёл тарихда икки ном – Сароймулкхоним ва Туркон Хотун номлари билан шуҳрат қолдирди. Гарчи тақдир ўзига фарзанд кўриш бахтини раво кўрмаган бўлса-да, темурий шаҳзодаларнинг кўпчилиги унинг бағрида ўсдилар. Соҳибқирон суюкли невараси Мирзо Улуғбекнинг тарбиясини ҳам унга ишониб топширган эди.

4. Қутлуғ Нигорхоним. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек ноёб иқтидор эгасини дунёга келтирган бу мўътабар хоним чингизийлар авлодидан эди. Умрининг охирига қадар у Бобур Мирзонинг суронли, бетиним юришларида содиқ ҳамроҳ бўлди. Ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ўғлидан айро яшашга кўнмаган бу сабрли, оқила аёл миллат оналарига хос фидойилик намунасини кўрсатгани билан машҳур ва ардоқли.

5. Нодирабегим. Андижон ҳокимининг қизи Моҳларойим Қўқон хони Амир Умархонга муносиб рафиқа, ўз замонасининг ҳар жиҳатдан мукаммал, фозила аёлларидан эди. Эрининг вафотидан кейин ўғли Мадалихонга мамлакатни идора қилишда энг яқин кўмакчи бўлган. “Қассоб хон” деб ном олган Насруллохон фармони билан Нодирайи даврон ўғиллари, неваралари билан биргаликда қатл эттирилган. Шаҳзодалар ва норасида неваралари онанинг кўз ўнгида ваҳшийларча ўлдирилган. Аммо бу қисматга мардонавор дош берган маликанинг қони билан қўлларини бўяган Насрулло тақдири азалнинг жазосидан қочиб қутула олмайди, сал ўтмай, ўзи ҳам шармандаларча интиҳо топади.

6. Жаҳон отин Увайсий. Нодирабегимнинг устози ва яқин ҳамфикри бўлган шоира ўз ғазаллари билан ўзбек адабиётига улкан ҳисса қўшди. Икки фарзандидан бевақт жудо бўлган Увайсий невараси Қуёшхоннинг тарбиясига катта эътибор қаратади ва қолган умрини унинг камолотига бағишлайди. Марғилоннинг машҳур мактабдор отинларидан бўлган Увайсий кўплаб шоира-ю фозила қизларга устозлик қилган.

7. Қурбонжон додхоҳ. Тарихимиздаги энг саботли, мардона шижоат эгаси бўлган она. Унинг асл исми Қурмонжон Мамат қизи бўлиб, Қўқон хонлиги вазири Олимбек додхоҳнинг рафиқаси эди. Нодирабегим ва Увайсийлар даврасида, сарой хонимлари қаторида турган бу аёл беш ўғил ва икки қизнинг онаси эди. Эрининг вафотидан сўнг бир муддат Андижонга ҳоким этиб тайинланган Қурбонжон кейинчалик фарзандлари билан ўзи туғилган овулга қайтади. Олой маликаси сифатида донг таратган Қурбонжонга Бухоро амири Музаффархон фармонига кўра додхоҳ унвони берилган. Рус босқинчиларига қарши мардонавор курашган Қурбонжон додхоҳ рус генералларини анчагина таҳликага тушириб, ўзи билан музокаралар ўтказишга мажбур қила олган. Кенжа ўғли Қамчибек Ўшда дорга осиб ўлдирилади. Она қатл олдидан ўғлига қарата “Сен юртинг учун шаҳид бўляпсан, болам, душманларингга асло бош эгма!” дея хитоб қилади.

8. Баҳри ая Акрамова. Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекона бағрикенглик намунасини кўрсатган Баҳри ая ва унинг турмуш ўртоғи темирчи уста Шоаҳмад Шомаҳмудов Ўзбекистонга кўчирилган етим болалардан 16 нафар турли миллат вакиллари бўлган ўғил-қизларни қарамоғига олиб, ўз фарзандларидек тарбиялаб вояга етказишди. Уларнинг бу инсонпарварлиги, жасорати Раҳмат Файзийнинг “Ҳазрати инсон” романига асос бўлган ва роман асосида “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан “Сен етим эмассан” фильми суратга олинган.

Манбалар асосида Х.ҚИЛИЧЕВА тайёрлади.

Оставить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *