Тарбиянинг узилиш нуқтаси

9469Тарбия — бу ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир.

А.Авлоний

Инсон тарбияси — унинг бошқа тур жонзотлардан ажратиб турадиган белгиларидан биридир. Халқимизда тарбияли, маданиятли ва маърифатли инсонлар ниҳоятда қадрланадилар. “Ўзбеклар” деб номалнишимиз ҳам бежиз эмас. Бизнинг миллат доимо ўз беклигини, ўзлигини англаб яшаган. Аммо бугунги кунда бу сўзларимизга зид ҳолатлар учраб турмоқда. Бу танланган кўп қиррали мавзуни қайси тарафдан ёритиб беришга бошим қотди тўғриси. Келинг, яхшиси умр баҳори бўлган болаликдан бошлайлик.

Инсоннинг келажакда комил инсон бўла олиши қисман ёшликдан намоён бўла бошлайди. Сизнингча, болаларимиз биз кутгандек тарбиялими? Ҳа, бошқа болаларга нисбатан жуда одобли, ақлли, ҳеч кимга озор бермайдиган, гап қайтармайдиган болакай. Аммо, уни кўча-кўйда қандай хулқ-атвор билан юргани бизга мутлоқ қоронғу. Унинг дўстларига бўлган муносабати, дарс тайёрлашнинг асил моҳиятини тушуниши, оилада ўз аҳамиятини дилдан ҳис этиши жуда муҳим.

Инсон бу дунёга нима учун келади? Ким учун ҳаётини бағишлаб, ким учун барча қувонч-у, истаклардан кеча олади? Албатта, фарзанд учун. Шундай экан нима учун фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларга қарши курашмаяпмиз? Майда-чуйда кўринган ушбу ҳолатлар болаларимизнинг психологиясига, тарбиясига, маданиятига, умуман олганда келажакда қандай инсон бўлиб етишишига ниҳоятда катта таъсир кўрсатишини ўйлаб кўрайлик!

Тез орада янги ўқув йили бошланади, маълумки деярли барча мактаб учун бозорликлар қилиб бўлишган. Сиз фарзандингиз учун қандай ўқув қуролларини танладингиз? Албатта сифатли, чидамли яна қулай аммо, кўринишига гап келганда нима дея оласиз? Аслини олганда атрофимиздаги барча буюмлар ўз кўриниши билан бизнинг руҳий шаклланишимизга таъсир кўрсатади. Болаларимизнинг атрофини ўзимиз билмаган ҳолда унинг онгига ёд бўлган ғояларни сингдирувчи буюмларни қалаштириб ташламаябмизмикин? Сиз олиб берган ўқув қуролларинг деярли барчасида чет эл маданиятига хос бўлган белгилар учраши табиий чунки, хўрозқанд чет элники деса ётиб олиб ялашади.

Бунга сабаб нима? Чуқур мулоҳаза қилиб айтсак, ишлаб чиқариш. Бугунги кун тадбиркорлари қандай маҳсулот ишлаб чиқариш тўғрисида қаттиқ бош қотиришиб, ўзларига катта фойда келтирувчи дизайнлардан фойдаланмоқдалар. Болалар учун қизиқ бўлган, ёрқин рангли, аммо, маданиятимизга хос бўлмаган нусхадаги суратлар билан қопланган маҳсулотлар. Уларнинг болалар ривожланиши учун фойдадан зарари кўплигини унутманг!

Тасаввур қилинг, фарзандингиз дарс жараёнида ўтирибди, ўқитувчи унинг билимларини юксалтириш мақсадида машаққат билан маъруза қилмоқда лекин, фарзандингизнинг эътиборини айни шу чоғда ўзининг ёки дўстининг столи устида турган, очиқ- сочиқ, ранг-баранг кийимларда тасвирланган, қўғирчоқлар сурати тушурилган қаламдон тортади. Фикри бўлинади, ўзлашитириши анчайин пасаяди, баллар рейтинги кескин тушади. Сиз бунда унинг ўзини айблайсиз аслида, бунинг сабабчиси кимлигини ўйлаб ҳам кўрмайсиз.

Бунга биринчи навбатда сиз ота-оналарнинг эътиборсизлигингиз сабаб, иккинчи навбатда эса ўз манфаати йўлида шундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтираётган тадбиркорлар ҳам. Бунинг акси ҳолда маҳсулотларнинг сифатига катта эътибор бериб, ўз милий қаҳрамонларимизни акс эттирсак айни муддао бўларди. Бозорларга ҳарид учун борсам, бир ачинарли нарса мени хомушлантиради. Кийим кечакларнинг, сумкаларнинг, пояфзалларнинг катта фоизига Британия ва Америка байроқлари сурати тушурилгани нақадар ачинарли. Наҳотки, юз йиллаб машаққат чекиб, биз авлодларининг мустақиллиги учун жон фидо қилиб курашган ота-боболаримизнинг ҳурмати ҳаққи ҳам, ўйлаб иш қилмаймиз.

Миллий ғурур қаерда қолди? Кундек равшанки, тарозининг қайси палласига оғир юк қўйилса, мана шу палласи босади. Аслини олганда бундай маҳсулотлар кўпайиб кетишида биз ҳаридорларнинг ҳам катта ҳиссамиз бор. Мана шундай маҳсулотларни ҳарид қилганимиз сайин, унга бўлган талаб ошади ва ишлаб чиқариш янада кенгайиб боради. Яна буни оқ қоғозга ўраб, “мода” деймиз. Наҳотки, ўз байроғимиз “мода” бўлишга арзимаса?

Мен учун эса, давлат байроғимиз энг ёрқин ва нафис байроқ. Майли, буни қўя турайлик. Маҳсулотларга, айниқса кийим-кечакларга тушурилган инглизча сўзларчи, буни кўриб тўғрисини айтсам жуда ғазабланаман.

Безак беришда ишлатган сўзи маъносига эътибор бермайдиган ёки, миллатимизни оми дея масхара қилиш ниятида тадбиркорлик қилувчи ишлаб чиқарувчилардан ва ўз эгнига кийиб олган кийимидаги сўз таржимасини билмай туриб, ўзини кўз-кўз қилиб юрган юртдошларимдан қаттиқ ранжийман. Кийимларга бежирим ҳарфлар билан битилга бу сўзлар умуман маданиятимизга тўғри келамайди ахир: кисс ме (мендан бўса ол!), киллер (қотил), неедй (тиламчи), cреатуре (махлуқ), Америcан (америкалик) ва ҳоказо.

Борган сари бефарқ бўлиб кетаётганимиздан ўзим ҳижолат бўлиб кетмоқдаман. Фарзандлар тарбияси келажагимизни ҳал қилиш эмасми аслида? Нима учун бугунги куннинг ёш ота-оналари шундай масъулиятни ҳис қила олишмаяпти? Ахир бола оқ қоғоз каби, унга нима ёзсангиз, ўзида шуни акслантиради. Унга бошқалар ҳам истаган нарсаларини ёзиб кетаверишларига алсо йўл қўйманг! Зеро, бу дарахтнинг меваси ширинми ёхуд аччиқ, келажакда фақатгина ўзингиз баҳраманд бўласиз.

Мухамедова Нозима

«Mulohaza.uz» маҳорат мактаби аъзоси.

 

Шу ўринда мақолада юритилган фикрларга қўшилган холда, қўшимча қилмоқчиман. Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили мактаблар қошларида, бозорларда мактаб ярмаркалари ташкил этилади. У ерда ўзимизнинг сифатли маҳсулотлар арзонлаштирилган нарҳларда сотилади. Сифат даражаси ҳам яхшигина.

Мақола 273 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*