Тараққиёт китобнинг душмани бўла олмайди, бироқ…

скачанные файлы (1)Бугун дунё миқёсида китобхонлик муаммоси юзага келгани бор гап. Айниқса, янги асрда инсоният бу борада рекорд натижа қайд этаяпти, десак фикримизни асослашга етарли далиллар ҳам топилади.

Айни муаммо, эҳтимол, умумий миқёсда аср табиати ҳамда одамларнинг вақтга муносабати билан боғлиқ. Ўйлаб кўрайлик, XIV-XVII аср одами эҳтиёжлари ва ташвишлари, қувончлари ва муаммоларини ўз елкасига, нари борса от араваларга юклар, макон ва замонни мана шу тарзда ишғол этар, шунда ҳам унинг вақти бемалол эди. Оила аъзолари, қариндош­уруғлари, дўстлари ҳолидан хабар олиш, юзма-юз мулоқот қилиш, хусусан, китоб ўқишга, ҳам вақт топарди. XVIII­XX асрларда одамлар велосипедни, машинани, поезд ва самолётни, компьютерни ихтиро қилишди, “юк”ларини шу каби замонавий техника воситалари “елка”сига ортишди. Натижада сўз ва ҳаракат тезлиги олдингидан ўнлаб баробар ошди. Мантиқан қараганда, бундай натижа инсоннинг вақтини тежаши, тежалган вақт эса одамгарчилик, маънавият, маърифат йўлида хизмат қилиши керак эди.

XX асрнинг сўнгги чораги, XXI аср бошларига келиб, инсоният макон ва замон устидан мислсиз ғалабаларга эришди. Аввал бирор ишга соатлаб, ойлаб, йиллаб вақт сарфлаган бўлса, энди ўша вақт бирликлари сония дақиқаларга айланди. Бугун у замонавий информацион технологиялар ёрдамида дунёнинг хоҳлаган нуқтаси билан вақтнинг энг кичик бирликларида боғланиши, авваллари ҳатто йиллаб вақт талаб қиладиган ишини бир зумда битириши мумкин. Аммо шундай бўлса-да, одамларнинг кундалик одатий ташвишларидан орттирган, маънавият учун иқтисод қилган вақти кун сайин, соат сайин қисқариб бораяпти. Китобхонликнинг дунё миқёсида айтилаётган аҳволга тушганининг бирламчи сабаби шу.

Иккинчи сабаб шундай улкан издаҳом ичидан юлқиниб чиқиб, самовий юксакликларга кўтарила олишга имкон топа олмаётган ижодкор билан боғлиқ. У аввало айни шу издаҳомдан баландда бўлиши шарт. Бу романтика эмас, ижоднинг бирламчи шарти. Тўфонда чирпирак бўлиб кетаётган одам, у қанчалик истеъдодли, ижодкор бўлмасин, ўша тўфонни сўз билан таърифлаши мумкин эмас. Бугунги ёзувчи, шоирларнинг, айниқса, модернизм адабиёти вакиллари ёзган асарларнинг таҳлили шундай хулосага келишга имкон беради. Шу жиҳатдан кейинги аср адабиёти ҳам том маънода одамлардан узоқлашди. Чигаллик шундаки, макон ва замон ҳамда оломон ичида ҳаракат қилаётган ижодкор ҳам, у ёзган асар ҳам одамзоддан бегоналашди. Буни кейинчалик модернизм назариётчилари “санъатнинг гуманизмдан айро тушиши” дея, мужмал жумлаларда талқин этдилар. Аммо номи талқин бўлгани билан асарнинг  оддий одамларга тушунарли жойи йўқ эди. Оқибат нафақат одамларнинг китобхонлик даражасига, балки инсонийлигига ҳам путур ета бошлади. Бугун китобхонлик борасида туғилаётган кўламдор ташвишлар фақат адабиётга эмас, юксак маънавий тушунчаларга ҳам дахл қилишга ўтди.

Дунё билан қиёслаганда бизда вазият бир қадар яхши. Бунинг икки сабаби бор. Аввало, ўзбек жамияти ва маънавияти ҳали тўлалигича жаҳон миқёсидаги ижтимоий­маданий тўполон оқимига тушиб улгурмаган. Аммо бундай хавф йўқ, дейиш ҳам нотўғри. Бунинг айрим нишоналари кўринаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо бизнинг минг йиллик маданий, адабий анъаналаримиз бор. Бундай анъаналар бир томондан ғайримаънавий оқимга қарши маълум қалқон вазифасини бажараётган бўлса, бошқа томондан унинг ўзи ҳам антигуманистик тўполон хавфи остида турибди. Яқин йилларгача мавжуд бўлган “навоийхонлик”, “бедилхонлик”, “фузулийхонлик”, “машрабхонлик”, “қодирийхонлик” анъаналарининг йўқолиб бораётгани кишини шундай хулоса қилишга ундайди ва  ташвишга солади.

XX асрнинг 60­80 йилларидан бошлаб ўзбек китобхонлари орасида оммавий тарзда Ғарб адабиётига ружу қўйиш кузатилади. Ушбу факт бир томондан жаҳон адабиётини англаш маъносида ижобий аҳамият касб этса, иккинчи томондан миллий китобхонлик анъаналарининг сусайишига олиб келди. Чунки замонавий Ғарб адабиёти намуналари ўта шахсий масалалар ҳақида баҳс олиб борар, миллий колорит (ўзига хослик) эса бундай асарларни оммавий тарзда ўқишни қабул қила олмасди. Натижада ўзбек китобхонлари орасида бўлиниш юз берди.  Анъанавий китобхонлик оқими ожизлашди. Аммо ожиз бўлса­да, таъсир қувватини сақлаб турибди.

Яна бир ачинарли жиҳат шундаки, айримлар учун адабиёт тирикчилик манбаига айланиб қолган. Бугун оммавий тарзда ўқилаётган хусусий газеталарга нисбатан олсак, фикримиз ўз тасдиғини топади. Кимдир айнан тирикчилик учун олди-қочди  асарлар ёзаётгани ҳам, бошқа биров уни нашр этиб, мўмайгина даромадга эришаётгани ҳам бор гап. Энг ёмони, бундай “асар”лар ўз ўқувчиларига ҳам эга. Бу ўринда “ёзувчи” ва “ношир”нинг мақсадлари аниқ ва уйғун ­ моддий манфаат кўриш. Аммо бундан ўқувчи нима олади? Фойдами ёки зарар? Айни шу масала энг долзарб. Бу борада ҳеч ким китоб савдосига ёки унинг нашр қилинишига қарши эмас. Қанийди, китоб савдоси, бизнеси мамлакатимизнинг муҳим иқтисодий соҳасига айланса. Афсуски, бизда айни шу нарса ­ китоб савдоси суст. Китоблар савдоси бизнес даражасига кўтарилган жамиятда эса уч томонлама манфаат бўлади: иқтисодга, халққа ва ёзувчига.

Аввало, маблағининг маълум улушини китоб сотиб олишга сарфлаётган кишининг маънавий савияси, маърифати юксак бўлади. Кейин ижодкор, ёзувчи ҳам одам. Унинг ҳам барчамиз каби қилаётган ишининг моддияти қизиқтириши табиий. Бунда энг муҳими, ёзувчининг китобини сотиб олаётган одам биринчи навбатда ёзувчини, шунинг баробарида адабиётни ҳис қилмоғи ҳам керак.

Баъзи ҳоллар учраяптики, китоб чиқариш сохта шон-шуҳрат топиш, мукофотлар олиш манбаига айланиб қолгандек туюлади. Ўн беш ёшли болакайнинг ўндан ортиқ китоби бор. “Китобим чиққан” жумласини такрорлаб, машҳурликка даъво қилади. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Шуҳратда офат бор”, деган сўзларини эслаш лозим. Бу том маънодаги шуҳрат ҳақида айтилган гап. Энди сохта, ёлғон шуҳратнинг баҳосини ўзингиз белгилаб олаверинг. Бундай шуҳрат кишига фақат хижолат келтиради. Бугун моддий имконияти борлигидан шон-шуҳратнинг турли даражаларини кўзлаб, болаларига ҳомийлик қилаётган ота­-оналар эса фарзандлари учун гўёки яхшилик қилаяпти. Бироқ эсдан чиқармаслик керак, истеъдодни пулга сотиб олиб бўлмайди, уни худо юқтиради. Сотиб олинган “асар” кимга керак. Унинг “муаллифи” жамиятнинг очиқ­-ойдин танқидидан қутилиб қолган тақдирда ҳам, варақларига писта ўраб сотилаётган асл баҳоси бўлади.

Хуллас, ҳар қанча тараққиёт ҳали китобни, китобхонликни четга суриб ташлай олган эмас. Маънавият устун жамиятда бундай бўлиши ҳам мумкин эмас. Фақат бизга ҳақиқий адабиётга хос халққа яқин асарлар ва уларни сотиб олиб ўқийдиган китобхонлар керак.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ. 

Мақола 204 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*