Тактика

скачанные файлыСупурилмаган уйга меҳмон келади, деганларидек, Сарвар сақич энди уйқудан турган эдики, бирга ишлайдиган «домла» — оғайнилари эшик тақиллатиб келиб қолди. Улар анчадан буён бир одамни излашарди: ўзларининг директорларини!

— Ҳайронман, — деди Қоржов маълим зорланиб. — Дўстбоевга нима бўлган ўзи? Телефон қилсам кўтармайди. Неча марта уйига бордим. Хотини «районо»га кетган, дейди. Бугун дам олиш куни-ку, «районо»га бало борми? Оғайнилар бир ўтирамиз, дегандик, рози бўлганди. Сезиб турибман, ҳеч қаерга кетмаган. Ўзича бошлиқ бўлдим, деб бизни менсимаяпти.

Дарвоқе, Дўстбоев қишлоқдаги  мактабнинг директори. Ҳақиқатан ҳам директор бўлмасидан илгари бир гапириб ўн куладиган, маърака-ю тўйни қолдирмайдиган одам эди. Директор бўлди-ю айниди. Ўзича қовоғини солиб юрадими-ей. Агар бирортанинг кулганини кўрса, жеркиб: «Нима, биров маймун ўйнатаяптими?» ёки «Шуям куладиган гапми?» дейди.

Йиғилишиб, ўтган-қайтгандан гурунг қилайлик, деса, бекорчи ишларга вақтим йўқ, дейди. Бирор нарсани тама қилади, ё бошқа нарса илтимос қилади, деб ўйлайдими…

Эрталаб мактабга бир келади-ю, «Бугун фалон жойдан комиссия келаяпти, агар бирортанг юзимни қизартирадиган иш қилсанг, бошқача гаплашаман!», дейдию зим-зиё ғойиб бўлади. Ўқитувчилар ана комиссия келди, мана комиссия келди, деб мактабнинг олдида тўхтаган машинани кўрса, қўрққанидан шайтонлаб, кунни кеч қилади.

Ошна муаллимлар шулар ҳақида ўйлаб турганида Қоржов маълимнинг бирданига калласи ишлаб қолди.

— Ҳозир боплайман, — деди у шерикларига  дадил. — Ўзининг тактикасини ўзига  ишлатаман.

Қоржов маълим телефонига рўмолча ўраб, Дўстбоевнинг рақамини терди. Телефон узоқ чақириб, ниҳоят олтинчи марта деганда «секретний» номернинг кимлигига қизиқиб, Дўстбоевнинг уйқусираган ҳирқироқ овози эшитилди.

— Ассалому алайкум! Яхшимисиз? Бу Дўстбоевми? — деди Қоржов маълим овозига салобат бериб. — Мен «облоно»дан Назаровман.

Телефондан аниқ эшитилди Дўстбоевнинг жойидан ирғиб турганлиги.

— Ассалому алайкум… Ҳа… ҳа мен…

— Ҳозир мактаблардаги устама оладиган ўқитувчиларни ўрганаяпмиз. Шунга оид ҳужжатларни текшириб юрибмиз.

Жон жойидан олди-да ўзиям. Телефондан қалтираган «Яхши, яхши» деган овоз келди.

— Биздаги маълумотларга қараганда, сизнинг мактабингиздан еттита ўқитувчи устама оларкан, тўғрими?

— Ҳа, тўғри, тўғри.

— Тушунтириб ўтиришимга ҳожат йўқ, агар текширавер десангиз, тити-питисини чиқарамиз. Ўзингиз  биласиз, камчилик исталган жойда топилади. Агар хоҳласангиз, «комиссия»ни бир жойга олиб бораман, ўтиришиб, камчиликларни тушунтириб берамиз, маслаҳатларни ҳам ўша ёқда бераверамиз. «Как аудиторский»…

— Бемалол, бемалол келаверинглар.

— Сизни қаердан топамиз?

— Мен катта йўлнинг ёқасидаги чойхонада кутиб тураман. Тўғри, шу ерга келаверинглар…

Ҳайратдан Сарвар сақичнинг кўзлари порлади. Қаранг-а, ҳозиргина Дўстбоевнинг хотини: «Туманга кетган, бугун қайтмаса керак», девди. Бунақа усуллар ҳам бор экан-а тиззасини қалтиратадиган.

Бирор соатлардан сўнг катта йўлнинг ёқасидаги чойхонада Дўстбоев интиқлик билан «комиссия»ни кутиб турарди.

— Қочасан-а, — деб қўйди Сарвар сақич, — зўрига дуч келсанг кутиб ҳам олар экансан.

Уларни кўриб яширинишгаям уриниб кўрди Дўстбоев. Лекин эплолмади. Саломни ҳам канда қилиб, Қоржов маълимга ўшқира кетди:

— Устама-устама, деб қулоқ-миямни қоқдинг! Қани ҳужжатларни тахлаганинг! Ҳозир «облоно»дан бир  сурув комиссия келаяпти. Уларга мен нимамни кўрсатаман?

— Худо урди кишини. Аввал сал-пал саломлашиб олайлик. Бирдан ишдан гапирасиз. Сизниям кўрадиган кун бор экан-ку. Соғинтириб юбордингиз-ку одамни, — қучоғини ёзиб Дўстбоевга қараб талпинди Сарвар сақич.

— Э, сиз тушунмайсиз-да, — аранг Сарвар сақичга қўл узатди Дўстбоев. — Булар мени роса тентак қилди. На ишни қилади, на ҳужжатни. Илтимос, мени бугунча тинч қўйинглар. Бугун зарил ишлар кутиб турибди мени.

— Тайёргарлик катта-ку, — деди Қоржов маълим ҳотамтойлик билан безатилган дастурхонга ишора қилиб. — Фақат анқонинг уруғи-ю каптарнинг сути кўринмайди, холос. Бунча нарса билан катта тўйни ўтказиш мумкин-ку. Кимни кутаяпсиз ўзи?

— Илтимос, оғайнилар, — деди зорланиб Дўстбоев. — Бугун «комиссия» келадиган. Улардан омон-эсон қутулиб олайин. Кейин бемалол ўтирамиз. Илтимос, бугунчалик мени тинч қўйинглар!

— Сизни олти ойдан бери зўрға қўлга туширдим. Энди қўйворадиган аҳмоқ йўқ.

— Э, ҳозир комиссия келиб қолади, — теваракка  аланглади Дўстбоев.

— Комиссия-помиссия йўқ. Мен Назаровман, — деди бамайлихотир Қоржов маълим.

Бошига гурзи тушган каби Дўстбоев лаққа тушганини англаб етди. Тез орада ўзини ўнглаб олиб, қучоқ очиб ҳамма билан қайтадан кўришиб чиқди.

Улфатлар  «комиссия»га аталган зиёфатдан роса маза қилишди. Бу орада анчайин очилиб, аслига қайтган Дўстбоев сўз қотди:

— Сизлардан илтимос, энди бунақа қалтис ҳазил қилманглар. Ўзи директор бўлганимдан бери комиссия деса шайтонлаб қоламан. Агар яна бир марта шундай ҳазил қилсанглар, юрагим тўхтаб қолади. Сизлар телефон қилгандан кейин «районо»даги танишларимдан «Менга комиссия келаяпти, «облоно»да Назаров деган одам борми, келишса бўладими», деб сўрадим. Улар танимас экан. Урди худо, янгиларидан бўлса керак, келишиш қийин бўлади-да, деб ўйладим. Роса бўларим бўлди. Лекин шу комиссия-комиссия деб одамгарчиликдан ҳам чиқиб кетган эканман-да. Комиссия деса, қайси чойхонага олиб боришни ўйлайман. Роса жонга тегди шу «комиссия» дегани. Фойдаси тегса-ку қани. Фақат мана шундай чиқимларга тушаман-да. Айтганча, бу фикр кимдан чиқди?

Қоржов маълим мамнун тарзда жавоб берди:

— Буни тактика деб қўйибдилар.

Шер АЛИ.

Мақола 1 440 марта ўқилган

1 Комментарий для Тактика

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*