Ярим-яланғоч қизлар таксига эркак мижозларни чақиради, таксичи эса…

antiqa-reklamaСиз жонли эфир, жонли ижро ҳақида эшитгансиз. Аммо ҳеч замонда жонли рекламани кўрганмисиз? Реклама қилувчиларнимас, жонли рекламанинг ўзини. Бунақа ҳолатлар ҳам учраб туради. Мен кўрдим. Тўрт кун олдин… Олдинги кўрганларимга умуман ўхшамайдиган, бутунлай бошқа қиёфадаги рекламани!

“…” бозоридаги биринчи автотураргоҳдан иккинчиси томон ўтаётганимда йўл бўйлаб терилган таксиларга кўзим тушди. Айтиш жоиз бўлса, энг даҳшатлиси шуки, уларнинг ичида иккита “Cobalt” автомашинасига мижоз чақиришнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган йўлинитопишибди. Яъни ҳар бирининг ёнида биттадан “кетворган” қиз турволиб, мижоз чақириш билан овора. Машина ҳайдовчилари — йигитлар эса бемалол машина ўриндиғида мусиқа эшитиб ўтиришибди. Қизларнинг кийиниши (агар бу кийиниш дейилса) шу даражадаки, назаримда, хотин ҳам ўз эрининг кўзига бу аҳволда кўринишга уялиб кетади: нақ Голливуд фильмларидаги ярим-яланғочлар. Тасодифнинг айби билан бехосдан уларга кўзим тушди. Маҳтал кўзларимни чирт юмиб олмоқчи эдим-у, аммо техник носозлик туфайли бўйним ишламай, бирпас қотиб қолдим тикилганча.

Не-не машаққатлар билан кўзларимни улардан олиб, ёнимдаги писта, тамаки сотиб ўтирган амакидан сўрадим (дарвоқе, чекиш соғлиққа зарар):

— Улар нима қиляпти бу ерда? Ё бу ёқларга ҳам етиб келдими қадамлари?

— Э, йўқ, шунчаки реклама.

— Реклама?!

— Ҳа, реклама. Анави олифталарга мижоз йиғиб беришади. Ҳақларини олишгандирлар-да…

— Ҳеч ким индамайдими? Жамоат жой бўлса. Мумкинмас-ку.

— Думини ушлатишмайди. Онда-сонда пайдо бўлишади. Бу, бор-йўғи, учинчи келишлари. Бошқа жойлардаям тирикчилик қилишса керак.

— “Кўчманчи бизнес” денг!

— Ҳа, шунақа.

— Нархлари қандай экан?

— Такси қиммат. Лекин қизлар мен сотаётган пистаданам арзон бўлса керак-да, укам.

Мана сизга “ишнинг кўзини биладиган”ларнинг рекламаси. Ана сизга тадбиркорлиг-у, мана сизга ишбилармонлик!

P/S: чекиниш қиламиз. Дарёга ювинди тўксанг, у ўзини янги оқимман, деб ўйларкан. Булар-чи?Тирикчиликни рўкач қилиб, шарму ҳаёсиз амаллар қилиш ҳам рекламами? Одамларнинг онгини заҳарлаш, қариларни қарғатиш, ёшларни айнитиш, болаларнинг “кўзини очиш” рекламами?Ўша қизлар ҳақида ўйлаб қолдим. Уларнинг ҳам ота-онаси, жилла қурса, акаси ёки укаси бормикан? Бундай олиб қараганда бизнинг халқимизда етим йўқ. Бизнинг халқимизда етти маҳалла ота-она. Аммо бизга “маданият”ни улашаётганда жуда саховатпеша бўлмиш Европага тақлид қилувчи айрим ёшларимиз ҳозирда яхшигина ақлли бўлиб кетишганки, уларга етти маҳалла нари турсин, дунёга келтирган ота-оналари ҳам бир йўталволиб, кейин тараддудланиб, ниҳоят сўнг гапиришади. Аммо мен учун барибир қизиқ эди. Ўша қизларнинг ҳам ота-оналари бормикан?

Уларнинг ҳам оталари улар тик қоматда юришлари учун етти букилиб пул топганмикан?

Уларнинг ҳам оталари уларнинг қоринлари тўйиши учун, “иштаҳам бўлмаяпти” деявериб, борини уларга илинганмикан?

Уларнинг ҳам оталарининг вужудлари қизларининг товонига кирган тикандан зирқираганмикан?

Уларнинг ҳам оталари қабарган қўллари билан уларнинг бошларини майингина силаганмикан?

Ёки…Тўрт-бешта йигитнинг қўлида ўйинчоқ бўлинглар,деб катта қилганмикан-а?

Уларнинг ҳам оналари улар инграганида йиғлаган, ўчоққа ўт ёққунча ўзи ўтин бўлган, уларнинг ороми учун тунлари мижжа қоқмаган, емай едириб, ичмай ичирган, қаҳратонда бағриниқизлари учун саратонга айлантирганмикан?

Ёки…

“Каа-аатта қиз бўлсанг, ор-номусингни сотгин, қорин-киндик тугул, кўкрагинг ярим очиқ ҳолда кўчанинг бошида бир-иккита йигитга “клиент” топиб бериб юргин, оппоғим”, деб вояга етказганмикан?

Шу ўринда бир мақол ҳам қўшиб қўяй. Донишмандлик белгиси бўлади. Хуллас, битта мақол бор. Эшакнинг ўзи ҳаром, меҳнати ҳалол. Бу қизларнинг эса на ўзи ва на меҳнати… демак, буларни эшак десам, эшакларни ҳақорат қилган бўларканман-да.

Йўл-йўлакай ўйлаб бордим. Бир пайтлари Европада шундай қилишарди. Автомобил созловчи усталар усти очиқ машинада яланғоч қизларни тикка турғизиб, катта йўлларда айлантиришар, ҳайдовчилар кўзларини бундай жонли “санъат асар”ларидан ололмай автофалокатлар содир этар, натижада эса усталарнинг мижозлари навбатда туриб қолишарди. Яхшиям учувчиларга дурбин берилмайди…

Хулоса сиздан. Мен фақат якуний мурожаатимниайтмоқчиман.

“Ҳой, барака топгурлар! Ўғри бўл, ғар бўл, фақат инсоф билан-да…

”Реклама – лотинча “рекламере” сўзидан олинганбўлиб, “жар солмоқ”, “қичқирмоқ”, деган маъноларни беради. Қизларнинг мижоз чақириб ҳуштак чалишаётганлари ёки гап отишаётганларини инобатга оладиган бўлсак, дарҳақиқат улар реклама билан шуғулланишаяпти, нимаям дердик, бу уларнинг ҳусусий тадбиркорлиги… бадан ўзлариники, номус ўзлариники, бизнинг бировнинг мулкига раҳна солишимиз – ЖИНОЯТ, деб бепарво қараб туришимизнинг ўзи КАТТА ЖИНОЯТ!

Ваҳоб РАҲИМ

Манба: HORDIQ.UZ

Мақола 1 068 марта ўқилган

2 Комментариев для Ярим-яланғоч қизлар таксига эркак мижозларни чақиради, таксичи эса…

  1. Jirkanch odatlar bizning yurtgayam qadam qo’yibdi.
    Loqaydlik esa bu odatni «bolalatadi!»

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*