Совчи қайтса қўшнингдан кўр…ми!

 photo_2016-12-29_15-38-33

 

Қўшниларимизнинг кўнгиллари жуда-а нозик-да, узоқдан бош силкитиб саломлашиб ўтсангиз хафа бўлиб қолишади, ҳурматсизликка йўйишади. Шу боис, онам ўргатганларидек, қанчалар шошиб турган бўлсам-да, ҳар гал кўчада гаплашиб турган қўшниларнинг ҳаммаси билан елка қоқиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашиб, кейингина рухсат олиб ишга кетаман ёки уйга кириб кетаман. Бугун ҳам шундай бўлди. Уч-тўрт нафар қўшни аёлларнинг ёнига бориб, улар билан ҳол-аҳвол сўрашдик.

– Ҳа, бугун сал кечроқ қолибсанми, кун ботмасдан келардинг-ку, – гап ташлади улардан бири.

– Ишларим кўпайиб кетди, шунга сал кечроқ чиққандим, – табассум билан жавоб қайтардим мен.

– Шу ишингни деб гулдек умрингни ҳам ўтказиб юборяпсан-да, –ачинганнамо дейди яна бири.

– Ишимнинг бунга ҳеч қанақа алоқаси йўқ, бахтли бўлиш учун сабрли бўлиш керак, – дейман яна жилмайиб.

– Ҳа, дарров журналистлигингга борасанда-а, оғзимдан чиқмасидан ёқамга ёпиштирасан! – қошларини чимириб дейди ҳалиги аёл.

– Эшитдингми, анави қўшни қизининг фотиҳаси бузилибди, – дейди унинг гапини бўлиб аёллардан бири худди муҳим янгилик айтаётгандек…

– Кечагина фотиҳа тўйининг ҳолваларини улашиб юришганди-ку! – дедим ажабланиб.

– Ҳа, бизга ҳам олиб чиққан экан, бир бўлак патир билан икки донагина ширинлиги бор экан ичида, – лабини бурди қўшни аёллардан бири.

Кайфиятим бузилди. Қўшниларнинг гап-сўзларини эшитишга ортиқ тоқатим йўқ эди. Онам ҳовлидаги супада чой ичиб ўтирган эканлар. Салом бериб, кўрпача четига омонатгина ўтирдим.

– Ойи, Қумрининг фотиҳаси яна қайтибдими?

– Дарров қаёқдан эшита қолдинг? Ҳа-а, қўшнилар йўлингда турган эканми?

– Нега бундай бўлибди, ойи? Кеча дадам ҳам Қумри унашилган хонадон эгаларини танийман, жуда яхши одамлар, яхши оила, деб мақтаётгандилар-ку.

– Э, нимасини айтасан қизим, эрталабдан бери шу мавзу. Даданг ҳам сиқилиб, бир айланиб келай, деб кўчага чиқиб кетдилар. Уларга йигитнинг дадаси қўнғироқ қилиб: “Қўшнингизни яхши одамлар дегандингиз. Бошқа қўшнилардан суриштирсам, улар тамоман аксини айтишди-ку. Нима, менда хусуматингиз бормиди? Сиздан ҳафаман” – дея қаттиқ-қуруқ гапирибди. Дадангнинг гапини эшитмабди ҳам.

– Яна шу қўшниларми, ойи?! Нега бу одамлар бунақа экан-а, нега! Бировнинг тақдирини ҳал қилгунча ўз оилаларини эплаб олишса бўлмайдими?

– Жим, қўшнилар эшитиб қолишади-я.

– Яна қўшнилар…

Уйда давом эттирарман, деб ишдан бир талай ёзув-чизувларимни олиб келгандим. Йўқ, ишлолмадим. Яқин дугонамга қўнғироқ қилиб кўнгил хижилини ёзгим келди.

Асли дугонам ҳам қўшнилардан “куйганлардан”. Улар оилада уч қиз эди. Катта онаси уйлари ёнидаги спорт мажмуасида ёш қизларга бадиий гимнастика машқларини ўргатарди, синглиси қандолат цехида ишларди, дугонам эса менга ҳамкасб эди. Қўшнилари иғво қилишдан тўхташмади. Спортчи опасининг устидан майдондан бери келмайди, очиқ-сочиқ кийинади, деб тоза мағзава тўкишди. Бир келган совчи, қайтиб бу хонадонга қадам босмади. Дугонамнинг опаси ўттиз, ўзи йигирма етти, синглиси йигирма беш ёшга кирди. Дугонам қорамағиз бўлса-да, истараликкина қиз. Ишхонамизга кўпчилик уни суриштириб келарди. Бошлиғимиз аёл киши бўлгани учунми, бундай муносабатларга жиддий қарарди, суриштирган одам билан алоҳида гаплашиб, кейингина манзилини берарди. Биз, ана тўй, мана тўй, деб кутиб ўтирсак, совчилар кўчанинг ўзидан қайтиб кетишаркан. Совчи қайтса қўшнингдан кўр, деган иборанинг бежиз айтилмаганига ўшанда амин бўлгандим. Ҳовли-жойларини алмаштиришди-ю, ҳаммаси изига тушиб кетди. Лекин ҳамма ҳам масалани шундай тарзда ҳал қила олмайди-ку!

Сўнгги пайтларда бизнинг маҳаллада ҳам ана шундай ҳолатлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ўша совчиларга “холис хизмат” кўрсатаётган  қўшниларнинг кимлигини ҳамма яхши билади-ю, лекин индамайди. Андиша қилишадими, билмадим…

Совчилик бизнинг миллий урф-одат ва қадриятларимиздан бири. Бўлажак қудалар бир-бирларини маҳалладан суриштиришлари бу удумнинг яхши тарафи. Аммо бир-икки яхши-ёмон таърифларга таяниб қатъий хулоса чиқариш ҳам тўғри бўлмаса керак. Бир эмас, бир неча қўшнилардан, суриштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. “Хап сеними!” дейдиган қўшнилар ҳам кўп эмасдир?!

Ҳозир баъзи маҳаллаларда йўл четига стол қўйиб олиб, қурут, сақич, писта каби майда-чуйда нарсалар сотиб ўтирадиган кўча тижоратчилари бор. Маҳаллага келган нотаниш одам суриштиришни, албатта, ана ўшалардан бошлайди. Улар эса ўзгаларга яхшиликни раво кўрмайдиганлар бўлгани учун оғзига келганини гапириб, эски адоватларию гина-қудуратларини пеш қилиб “ўч” олиш пайида бўладилар.

Нима бўлганда ҳам тақдирда битилгани бўлади-да, дейишади. Тақдирларнинг туташувида эса мулоҳазали совчилар, кўпни кўрган пиру бадавлат инсонларнинг кўмаги ҳам жуда зарур. Бу ишда маҳалла фаолларидан тортиб, маҳалла хотин-қизлар қўмитаси раиси, маҳалла раисигача аралашишга, бош қўшишга ҳақли. Зеро, оила жамиятнинг асосий негизи, пойдеворидир.

Адолат ФАЙЗИЕВА

 

Мақола 968 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*