Соғлиқ Учун Қадах Кўтар…Манг!

221Яқиндагина ўзим шоҳиди бўлганим бир воқеа  неча кунки кўз ўнгимдан кетмайди. Кун пешиндан оққанда ишдан қайтаётириб бир дугонамни туғилган куни билан табриклагани бордим.

— Юр, касбдош дугоналарим билан ўтирғизаман. Баҳонада танишиб ҳам оласан, — деб мени дугонам чоғроққина, етти-саккиз нафар турли ёшдаги аёллар ўтирган хонага олиб кирди. Улар билан омонлик сўрашиб бўлгунимча меҳмонларнинг ичкилик таъсиридан бироз сархуш эканликларини англадим. Дастурхонда суюқ, қуюқ овқатлар тортилган идишлар, бўшаган коньяк шишаси, конфет қоғозлари, ярим тишланган тузлама бодринг, помидорлар, бўлак-бўлак нонлар, ерёнғоқ пўчоқлари-ю мевалар қолдиқлари афтидан уларнинг «бузмай” ўтиргиси келганини айтиб турарди. Шундай даврага кириб қолганимдан ўзим ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Ўтирганлар эса бир гапириб ўн, кулишар, гўё, «қўйларини қумга ёйишган” эди.

Менинг ҳолимни ёнимда ўтирган ўзим тенги аёл сархуш бўлса-да тушунгандек бўлдими, «қани опаздаюший меҳмонга штрафной қуй”, — деб қолди хонтахтанинг нариги бетида ўтирган ёшгина келинчакка. У:

— Хўп, опа, — дея стаканларга бошқаларга ярим, менга тўлдириб коньяк қуйиб узатди-да, қадаҳ сўзи айтишимни сўради.

— Унда яна бир стакан тост пой ҳам бер, — хохолаб кулди ўтирганлардан яна бири.

Мен ичмаслигимни айтиб, қадаҳни олмай узр сўрадим.

– Ичмайдиган онасининг қорнида. Алдаманг, ҳамма ичади, сиз ҳам. Фақат биз билан ичгингиз келмаяпти. Писанд қилмаяпсизми?

Менга «тост пой” сўраган аёлнинг сўзларидан бадтар ўнғайсизландим. Қолганлари унинг гапини маъқуллашди.

— Бизни ҳам алкаш экан деб ўйламанг. Иш, оила, турмуш ташвишларини бирпас унутайлик деб шундай яхши кунларда соғлик, вақтихушлик учун озгина ичамиз, холос.

Ёнимда ўтирган аёлнинг сўзлари мени ўйлантириб қўйди. Бинойидай бир идорада ишлайдиган, олий маълумотли, эллик ёшлар чамасидаги аёл наҳотки алькоголни соғлик учун, вақтихушлик учун ичса? Буни қандай тушуниш мумкин?

Ҳадемай даврадагилар тарқалишиб, оиласига қайтар, фарзандлари, оиласидагилар юзига қандай қарашар экан, деган савол миямга келди-ю бадтар таъбим хира бўлди. Кошкийди соғлик учун қадаҳ кўтарувчилар фақатгина шу даврадаги аёллар бўлса?! Кошкийди! Бу сўзим билан мен ҳамма аёлларни қораламоқчи, ичади, демоқчи эмасман. Бироқ айни кунларда тўйларда, юбилейларда, турли маросимларда аёлларнинг ҳам ҳеч уялмай қадаҳ уриштириб ўтирганларини ҳаммамиз ҳам кўриб юрибмиз. Энг ачинарлиси, бундан ҳеч ким ажабланмайди. Аёлларку аёллар, ҳатто эркакларнинг ичиши ҳам оила учун, жамият учун нақадар оғир оқибатларга олиб келишини ҳис қилишмайди, балки тўйда ичилади-да, деб ҳисоблашади. Ваҳоланки, кунда-кунора  (тўй бергич халқмизда ўзи) тўйга бориб ичиб келган эркак, аёл оилада фарзандларига ота-оналик, ота-онасига фарзандлик, келинлик бурчини тўлиқ адо эта оладими? Буни ҳамма билади: албатта йўқ! Демак бу оиланинг кўрадиган жабри. Бугун маза қилиб ичган эркак, аёл эртасига ишхонасида ўз вазифасини керагича бажара олмайди. Бундан ҳам хавфлиси оилада фарзандлар тарбияси издан чиқади. Соғлом муҳит бузилади. Шу оилада вояга етаётган ўғил-қиз ҳам  ота-онасидан андоза олиб улғаяди. Ҳа, масалага чуқурроқ назар ташласангиз, жамиятимиз кўрадиган жабрнинг залвори жуда оғир экан.

Бироқ буни сархуш аёлларга тушунтиришнинг иложи йўқлиги учун баҳона топиб ўрнимдан турдим.

Тиббиётнинг гувоҳлик беришича, ойида уч марта алкоголь қабул қилувчи онадан туғилган фарзандда алкогольга 47 фоиз, агар ота ҳам ичса, 60 фоиз мойиллик бўларкан. Демак, энг даҳшатлиси ичувчи она, ота бўлажак ичувчини дунёга келтиришаркан. Ичувчи ота-онадан бола 10 фоиз эпилепсия, 10 фоиз мия шикастланиши, хотира сустлиги касалликлари билан данёга келаркан. Бу жамиятимиз, миллатимиз учун ҳалокатли оқибатларга йўл очиб бермайдими? Бу тўкин, фаровон, озод замонамизга, миллатимизга хиёнат эмасми?

Майли, бундан фақат тиббиёт ходимларигина хабардор, деб ҳисоблайдиган бўлсак, кунда-кунора ичиб транспорт бошқариш оқибатида кўз ўнгимизда неча-неча одамлар ҳаётдан бевақт кетишаяпти. Тўйиб ичиш туфайли юраги дош бераолмай ҳаётдан кўз юмиш ҳоллари, неча-неча оилаларда ҳаловат йўқолиб, уруш-жанжаллар, ҳатто ажралишлар ҳам содир бўлаётганини ҳаммамиз ҳам кўриб, эшитиб юрибмиз. Афсуски бундан тегишли хулоса чиқараётганимиз йўқ.

Баъзан шундай бўлади, бировнинг юзига айтолмаган сўзларингни қоғозга тушириш, шу тарзда тушунтириш ўнғайроқ бўлади. Ўзим ҳозиргина чурқ этмай тарк этган даврадошларимга, барча-барчага мен ҳам шундай дегим келади: соғлик учун қадаҳ кўтарманг, ахир ўша заҳқум соғлиғингиз, келажагингиз кушандаси-ку.

Мастлик-ихтиёрий телбаликдир. Сизларга телбалик эмас, гул-гул яшнаб меҳнат қилиш, гўзал ва бахтиёр турмуш кечириш ярашади.

 http://amunews.uz/ Ойгул РАЖАБОВА.

Мақола 484 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*