Самарқанд вилояти ҳокими Мирзиёев давлат хизматчиларига қандай талаб қўйгани ҳақида гапирди

802a66749c754a0078950e5e3c7a071e_603x325_603x325_603x325_603x325_768x325«Одамлар ишонгани, мушкулини осон қилишдан умидвор бўлгани учун давлат органига, у ерда ўтирган давлатнинг вакилига, қўлидан иш келадиган кишига мурожаат қилади. Ҳокимлик бўладими ёки бошқа давлат ташкилотими, биринчи раҳбардан бошлаб энг кичик ходимгача бу масъулиятни ҳис этиб, аҳоли билан суҳбатлашиши, уларнинг муаммоларига ечим топишга интилиши, халққа чин юракдан хизмат қилиши лозим. Акс ҳолда, нақафат ўз хизмат вазифаларини бажармаган бўлади, балки халқ олдида ҳурматини йўқотади, элнинг назаридан қолади», — деб таъкидлаган Оқбўтаев.

У шунингдек Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун давлат хизматчилари, масъул вазифаларни бажараётган шахслардан айнан шуни талаб қилаётганини эслатиб ўтган, деб ёзади «Зарафшон» нашри.

Оқбўтаев Нуробод тумани ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларда 2016 йилда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ариза ва шикоятларда кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш борасида олиб борилган ишлар таҳлилига тўхталиб, мазкур йўналишда муайян камчиликларга йўл қўйилганини таъкидлаган. «Йил давомида туман ҳокимлиги томонидан қайд этилган 926 та мурожаатнинг ўндан ортиғига белгиланган муддатда жавоб берилмаган. Виртуал қабулхонага тушган 150 та мурожаатнинг 88 тасига жавоб қайтарилган, холос», — деган у.

Хабарда айтилишича, айни пайтда Нуробод тумани бўйича рўйхатга олинган 438 та тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектининг 52 таси фаолият кўрсатмаяпти. 67 та саноат корхоналаридан 10 таси, қурилиш корхоналарининг 7 таси ишламаяпти. Йил давомида туман иқтисодиётига хорижий инвестиция умуман киритилмаган. Иқтисодиётдаги ана шундай камчиликлар сабабли ўтган йил якуни билан туманнинг вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши атиги 1,4 %ни ташкил этган.

Нурободда чорвачилик бўйича катта тажриба тўпланган бўлса-да кейинги йилларда бу салоҳият ҳам йўқолмоқда. Соҳада наслчиликни ривожлантириш, тери ва жунни қайта ишлаш, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эътибор қаратилмаяпти.

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Нуробод туманида пахта майдонларини қисқартириш, чорвачилик йўналишидаги хўжаликларни тугатиб, фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича аниқ топшириқ ва вазифаларни белгилаб берган эди. Орадан икки ой ўтган бўлса-да, бу борада ҳали ишлар жадал бошланмаган. Кўптармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш, экин турларини ўзгартириш, боғ ва токзорлар яратиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган.

Туманда бой минерал хом ашё базаси, табиий имкониятлар мавжудлиги сабабли бошқа ҳудудлардан ишбилармонлар келиб тадбиркорлик, фермерлик фаолиятини йўлга қўяётган бир пайтда нурободликларда ташаббускорлик сезилмаяпти. Ҳатто томорқа имкониятларидан ҳам мақсадли фойдаланилмаяпти.

«Бундай бепарволик, боқимандалик кайфияти туманда ишсизлик, фуқароларнинг чет элга чиқиб кетиши ҳолатларининг кўпайишига олиб келмоқда», — деб таъкидланган хабарда.

Оқбўтаев туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурнинг асосий йўналишлари ҳақида тўхталиб, дастурда белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда туман фаолларини ҳамжиҳатликда ишлашга даъват этган.

Sof.uz

Мақола 2 079 марта ўқилган

1 Комментарий для Самарқанд вилояти ҳокими Мирзиёев давлат хизматчиларига қандай талаб қўйгани ҳақида гапирди

  1. Узбекистон келажаги буюк давлат. Утмиши, тарихи барча халкларнинг доим хавасини келтирган. Призидентимиз бошчилигида янада буюк давлат булади.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*