Шоу-бизнес ва маънавият

078

Бозор иқтисодиётига ўтиш шарофати билан тадбиркорлик қадр топиб, ҳар бир соҳада — саноатда ва қишлок хўжалигида ҳам, қурилиш, савдо ва транспорт хизмати кўрсатиш ва умумий овқатланишда ҳам фаолиятнинг асосий шакли бўлиб қолди.

Кейинги пайтларда — асосан санъат соҳасидаги тадбиркорликни англатувчи шоу-бизнес деганлари ҳам ҳаётимизга шиддат билан кириб келди.

Тадбиркорликнинг асосий мақсади, табиийки, даромад, фойда олиш, пул ишлаб топиш. Шоу-бизнес билан шуғулланиб фойда олишга ҳам эндиликда табиий ҳол сифатида қаралмоқда.

Таъкидлаш керакки, қайси соҳада бўлмасин тадбиркорликнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Масалан, чакана савдо корхоналарига касса аппарати орқали ҳисоб-китоб қилиш талаби қўйилади, аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш учун махсус рухсатнома — литсензияга эга бўлиш керак ва ҳоказо.

Айни пайтда шоу-бизнесни ҳам тартибга солувчи муайян меъёрий ҳужжатлар амал қилмоқда. Хусусан, Солиқ кодексининг 63 бобида ушбу бизнес вакилларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгилаб қўйилган. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида эстрада санъатини ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси фаолият юритиб келмокда. Ушбу ташкилот ўз ваколатлари доирасида мамлакатимизда шоу-бизнесни тартибга солиш борасида кўпгина чора-тадбирларни амалга ошириб келаётганини ҳам эътироф этиш лозим.

Шу билан бирга, шоу-бизнес соҳасида «оммавий маданият» аломатлари мавжудлиги ва улар, назаримизда, тобора кучайиб бораётганини, биринчидан, ушбу соҳадаги муаммолар ечимини топишда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик янада фаол қатнашишини, иккинчидан, шоу-бизнес фаолиятини юритиш ва бу йўналишдаги бизнес маҳсулотларини истеъмолчиларга такдим этиш қоидаларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Зеро давлатимиз раҳбарининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида миллий эстрада санъати ҳақида сўз юритилиб, қуйидагилар куюнчаклик билан таъкидланади: «Айниқса, бизнинг миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир янгича услуб деб билаётгани, менимча, санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмаслиқдан бошқа нарса эмас. Маданий жамоатчилигимиз, авваламбор мусиқашунос олимлар, устоз санъаткорлар, композиторлар, ёзувчи ва журналистлар, кўп сонли санъат ихлосмандлари бундай масалалар юзасидан ўз фикрини очиқ билдириб бориши, шу тариқа ёшларимизга тўғри тарбия беришимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман».

Назаримизда, шоу-бизнес билан шуғулланиш тартиб-қоидаларини белгилаш ишлари ушбу бизнеснинг ҳаётдаги ривожидан орқада қолмоқда. Оқибат натижада бу соҳа бетартиб, стихияли ривожланмоқда дейишга жазм этамиз.

Шоу сўзи инглизча то шоw — «кўрсатмоқ», «намойиш этмоқ» сўзидан келиб чиққан бўлиб, бунда энг аввало томоша кўрсатиш назарда тутилади. Одатда шоу-бизнес деганда кўнгил очар (хордиқ чиқарар), томоша тадбирларини ташкил этиш ва ёки уларда ижрочи сифатида иштирок этиш орқали даромад олишга қаратилган фаолият тушунилади.

Табиийки, шоу-бизнес санъат соҳаси билан бевосита боғлиқ. Бинобарин, шоу-бизнесни санъат соҳасида фаолият юритиб даромад топиш дейиш хато бўлмаса керак. Санъат турлари кўп бўлгани сабабли шоу-бизнеснинг ҳам турлари, йўналишлари турфа хил. Аммо бунда, шубҳасиз кўшиқчилик санати, кенгроқ маънода мусиқа санъати асосий ўрин тутади. Шунинг учун мақолада шоу-бизнес ҳақида сўз борганда энг аввало қўшиқчилик назарда тутилмоқда. Зеро, Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида таъкидланганидек «Энг муҳими, бугунги кунда мусиқа санъати навқирон авлодимизнинг юксак маънавият руҳида камол топишида бошқа санъат турларига қараганда қўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатмоқда».

МУСИҚАМИ ЎЗИ БУ Ё ШОВҚИН?

Шоу-бизнес, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, инсонларнинг моддий эмас, маънавий эҳтиёжларини қондиради. Аммо, башар фарзанди

яхлит бир мавжудот, унда моддий ва маънавий, жис­моний ва руҳий жиҳатлар узвий боғланиб кетган. Буни шоу-бизнес мисолида айниқса яққол кўриш мумкин. Хусусан, замонавий техника ривожи туфайли, аниқроғи техника ютуқларидан номақбул тарзда фойдаланиш натижасида шоу-бизнеснинг жисмоний жиҳатдан ҳам одам саломатлигига салбий таъсири ошиб бормоқда.

Зеро, мусиқанинг техник воситалар ёрдамида тўю-томошаларимизда, концертларда, қаҳвахона ва ресторандаги зиёфат ва ўтиришларда, таълим муас­сасаларида ўтказиладиган мусиқий тадбирларда ҳаддан ташқари баланд янграши, кўча-кўйда қулоқлик (наушник) тутиб мусиқа-қўшиқ эшитиб, ўзи билан ўзи овора ёшу яланг, ҳатто катта ёшлилар кундан-кунга кўпайиб бораётгани, кўча транспорти шов­қини камлик қилгандай айрим бетамиз ҳайдовчиларнинг етти маҳалла эшитадиган қилиб машинасида мусиқа таратишлари, тўғрироғи, мусиқий шов­қин замонавий шоу-бизнеснинг кўпчилигимиз чидашга мажбур бўлаётган маҳсулоти сифатида, минг афсуски, турмушимиздаги одатий ҳолга айланиб бўлди.

Мусиқий шовқиннинг зарари хусусида олиму мутахассисларимиз оммавий ахборот воситаларида кўп бора бонг урдилар. «ҲУРРИЯТ» газетасининг 2014 йил 7 май сонида эълон қилинган «Болаларимизни шовқиндан асрайлик» номли мақола бунга мисол бўла олади. Мақола муаллифлари турмушимизда ўзимизга ўзимиз яратаётган мусиқий шов­қин иллати ҳақида куюнчаклик билан фикр билдириб, ёш авлодни тарбиялаш соҳасидаги маданий тадбирлар доирасида рўёбга чиқаришимиз зарур бўлган таклифни ҳам ўртага ташлаганлар. «Маҳаллалар, мактаб, коллеж, лицейларимиздаги мусиқий тадбирларни шовқин-суронли электрон оҳанглар остида ва дискларда ёзилган фонограмма «асарларини» намойиш этиш учун келган гуруҳлар иштирокида эмас, балки табиий мусиқа асбобларида юқори профессионал даражада яратилган мусиқий асарларни жонли, овоз етказувчи (кучайтирувчи эмас, айни етказувчи) техник воситаларни санитария талабларига, яъни товуш кучини соғлиққа зарар етказмайдиган даражада созланган ҳолда ижро этиш мақсадга мувофиқдир».

Аслида, қонун ҳужжатларимизда шовқин борасида санитар нормалар, ҳамма риоя қилиши зарур бўлган муайян қоидалар бор, бу санитар нормалар ва қоидаларга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган. Масалан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Маиший шов­қинга қарши кураш талабларини бузиш» деб номланган 192 моддасида тунги вақтда — соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган вақтда баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, овоз чиқарувчи аппаратуралардан фойдаланиш сингари хатти-ҳаракатлар билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми (айни вақтда бу 39 минг сўмга тенг), мансабдор шахсларга эса — учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача (39 минг сўмдан 59 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шоу-бизнесменлик қилиб, нон топаётганлар «шарофати» билан кундалик турмушимизда мусиқий шов­қин ҳолатлари урчиб-кўпайиб, кўпчиликнинг саломатлигига унинг салбий таъсири хавфли даражага етганлигини ҳисобга олиб, ушбу қонун нормаларини янада кучайтириш лозим кўринади. Фикримизча, тунги вақтлардан бўлак вақтларда ҳам мусиқий шовқинга йўл қўйиш фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини, иш шароитларини ёмонлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини бузиш, улар соғлигига зарар етказиш деб баҳоланиб, янада қаттиқроқ жавобгарлик чоралари қўлланилишига сабаб бўлиши лозим.

Назаримизда, тўй-ҳашамларга хизмат кўрсатиш тариқасида қўшиқ айтиш, мусиқа асбобини чалиш ва бунда овоз чиқарувчи аппаратурадан фойдаланишда товуш кучи меъёрларига риоя қилишни назорат қилиш ва бундай меъёрларни бузиш ҳолатларини аниқлаш бўйича таъсирчан ташкилий-техник чора-тадбирларни ҳам амалга ошириш вақти келди. Хусусан, мусиқий асарлар ижро этиладиган барча жойларни — концерт заллари, тўйхона, ресторан, қаҳвахона ва шу сингариларни товуш кучини ўлчовчи воситалар билан мажбурий тартибда жиҳозлаш ва бу воситаларни шаҳар миқёсида ягона тизимга улаб, махсус назорат қилувчи ташкилот ихтиёрига топширишнинг ҳозирги техника тараққиёти замонида, шак-шубҳасиз, имконияти бўлса керак. Бунда ушбу назорат идорасига қачон, қайси тўйхона ёки концерт залида товуш кучи меъёрлари бузилганлиги ҳақида аниқ маълумот автоматик равишда тезкорлик билан келиб тушади ва қонунбузилишни содир этган шахсларга нисбатан жазо чораларини қўллашда бу асос бўлиб қолади.

МАЪНАВИЯТ ҚАЛҚОНИ

«Оммавий маданият» аломатлари билан тавсифланадиган қўшиқларнинг кенг тарқалишида ва бундай шоу-бизнес маҳсулотлари яратувчиларининг «тегирмонига сув қуйиш»да оммавий ахборот воситаларининг «ҳиссаси» бор дейишга ҳақлимиз. Бундай қўшиқларни эфирга узатишу шоу-бизнес намояндалари ҳақида ахборот бериш — яъни шоу-бизнес рекламаси эндиликда ОАВларнинг даромад манбаи­га айланган.

Реклама ОАВлар учун даромад келтириши моҳия­тан табиий ҳолдир. Аммо бунда халқона қилиб айтадиган бўлсак дўппини ерга қўйиб, обдан пухта ўйлаб иш юритиш лозим. Бинобарин, ОАВларнинг реклама фаолиятида, фикримизча, биринчи навбатда моддий товар ва хизматлар назарда тутилиши лозим, маънавий озуқани тижорат рекламаси предметига айлантиришга эса теран ёндашув талаб этилади. Хусусан, асл санъат асарларини ОАВларда нотижорий асосда, яъни ижтимоий реклама сифатида кенг тарғиб қилиш давр билан ҳамқадамлик мезонидир.

Одатда, кўпчилигимиз телевидениеда нима кўрсатилса, радиода нима эшиттирилса, газетада нима ёритилса — шуни ҳаётий норма, меъёр тарзида қабул қиламиз.

Шундай экан, айни пайтда шоу-бизнеснинг юқорида мисол тариқасида келтирилган маҳсулотлари қабилидаги қўшиқлар «Кўнгил қўшиқ истайди» («Ўзбекистон» канали), «Ёшлик наволари» («Ёшлар» канали) каби мусиқий ва бошқа хил тижорий шоу-дастурларда, шоу-бизнес рекламасига ихтисослашган махсус «Наво» канали, кўплаб радиоканаллар, қўл телефонлари, Интернет воситасида, кўча-кўйда тартибли ва тартибсиз, расмий ёки норасмий шакл­да минг-минглаб, миллионлаб сотилаётган дисклар орқали, концерт, тўю-томошаларда қўшиқ шинавандалари узра ёмғир мисол ёғилмоқда.

Дарвоқе, мусиқий кўрсатувлар ҳақида сўз борганда, телеканалларда мусиқий тижорий дастурларга кенг йўл очиб қўйилгунга қадар бўлган даврдаги илк чиқишлари биланоқ ҳақиқий санъат ошуфталари меҳрини қозонган «Тараннум» дастурининг ҳар бир кўрсатуви илиқ, ижобий сўзлар билан тилга олинарди.

Бошқа мусиқий дастурлардан фарқли равишда, унда қўшиқлар фақат жонли ижрода намойиш этилгани, таниқли санъаткор, суҳандон Шуҳрат Қаюмов маънодор саволлар билан санъаткорларни самимий суҳбатга тортиб, дастурга юксак профессионал даражада бошловчилик қилгани туфайли «Тараннум» миллий қўшиқчилик санъатимизга муҳаббат, уни намойиш этишга масъулият, устоз санъаткорларга муносиб эҳтиром кўрсатиш, томошабинларни асл санъатнинг сеҳрли оламидан баҳраманд этиш намунаси даражасига етди.

Эндиликда тижорий «Тараннум» дастурлари тайёрланиб, эфирга узатиладиган бўлди. Бу тижорат дастури — якшанба кунлари соат 16:10 16:40 оралиғида кўрсатиляпти.

Тўғриси, тижорий «Тараннум»ларни беканда кузатиб боряпмиз дея олмаймиз. Аммо, ишонч билан айтиш мумкинки, илгариги айрим нотижорий «Тараннум»ларда гоҳ-гоҳида кузатилган иккинчи жиҳат кўпроқ сезилиб қолаётир. Тижорат дас­турининг асосий мақсади санъат тарғиботи, телемухлисларнинг эстетик дидини тарбиялаш ва ўстириш эмас, балки даромад олиш ва санъаткорни реклама қилиш эканлиги сабабли, шундай бўлиши турган гап!

ШОУ-БИЗНEСНИНГ ҲАМ ҚОИДАЛАРИ БОРМИ?

Такрор бўлса ҳам айтамизки, савдо фаолияти, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланиш учун алоҳида талаблар белгиланган, махсус рухсатномалар олинмоғи лозим. Ҳатто оддий, кичик ишлаб чиқариш корхонасида ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатига қўйиладиган талаблар, муайян стандартларга риоя қилиш шарт.

Шоу-бизнес фаолияти бошқа тадбиркорлик турлари каби ўз олдига моддий наф кўришни асосий мақсад қилиб қўйганлиги сабабли унинг рекламасида маънавият, одоб-ахлоқ, менталитет, миллий қадриятларга зид нарсалар бўлиши хатари кучлидир. Шу сабабли, фикримизча, шоу-бизнес рекламасини ташқи реклама, босма нашрлар ва интернетдаги реклама билан чеклаб, радио ва телевидениеда берилишини тақиқлаш мақсадга мувофиқ кўринади. Дарвоқе, шу нуқтаи назардан қараганда телевидение ва радио каналлари орқали берилаётган «Садо» газетасида шоу-бизнес янгиликлари билан танишасиз деган рекламани ижтимоий жиҳатдан безарар реклама деб бўлмайди.

Телевидение ва радио каналларида санъаткорларнинг тижорат асосида қўшиқ айтишларини моддий товар ва хизматлар рекламасини кенгайтириш, фуқаролар билимини ҳар томонлама оширадиган, улар онгига ижобий таъсир этувчи эшиттиришларни кўпайтириш ҳисобига чеклаш ёки умуман тақиқлаш мақсадга мувофиқдир.

Гап шоу-бизнесни тақиқлаш ҳақида эмас, балки худди алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бўлгани каби унинг ижтимоий зарарини имкон қадар камайтиришга йўналтирилган ҳаракат ҳақида бормоқда. Шоу-бизнеснинг салбий таъсири амалиётидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, қолаверса муайян янги меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш бугунги кунда ҳаётий зарурат кўринади.

ТАБИИЙ ИЖРО ШОУ-БИЗНEСГА ҚАНОТ

Миллий шоу-бизнесни соғломлаштириш йўлида, фикримизча, фақат тақиқлаш, танқид қилишларга ўтиб олмасдан намуна кўрсатиш принципига амал қилиш, яъни ташкилий-маърифий ишларни кучайтириш кўпроқ самара бериши мумкин. Хусусан, Давлат консерваторияси, бошқа мусиқий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, фаолият юритувчи санъаткорлар иштирокида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати каби жамоат ташкилотлари шафелигида пойтахтимизда ва жойларда нодавлат нотижорат ташкилотлари шаклида жонли ижрога асосланган миллий ансамбльларни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Уларни Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант­лари ва бошқа ҳомийлар маблағлари ҳисобига молиялаштириш мумкин.

Бундай ансамбльлар миллий мумтоз ва замонавий эстрада қўшиқчилик, мусиқа санъати асарларининг энг юксак намуналарини — сараланган, дурдона асарларни жонли ижро этиш йўли билан аҳолининг, биринчи навбатда ёшларнинг соғлом мусиқий дидини шакллантиришга, мусиқий онгини, мусиқий маданияти ва маънавиятини юксалтиришга, «оммавий маданият»нинг салбий таъсирига нисбатан иммунитетини оширишга хизмат қилган бўлар эди.

Ансамбльлар олдига энг аввало олий ўқув юртлари маданият саройларида, коллеж, лицей ва умумтаълим мактабларида, маҳаллаларда, истироҳат боғларида концертлар бериш вазифаси қўйилади, шу билан бирга улар иштирокида алоҳида санъат асарларининг яратилиши, мазмуни, жамият маънавий, маданий ҳаётидаги ўрни ҳақида санъатшунослар ва санъаткорлар билан биргалиқда суҳбатлар, мусиқий маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш мумкин.

Бундай миллий мумтоз ансамбльлари фаолиятини литсензиялаш, қонун ҳужжатларига асосан назорат қилиш, уларда ҳисобот юритиш ва ходимлар билан меҳнат муносабатларини тартибга солиш каби қатор ташкилий, қолаверса моддий-техник масалалар ечимини топиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур бўлади, албатта.

Ишончингиз комилки, доно халқимиз, ижтимоий фаол зиёлиларимиз, илму маърифатга интилувчи ёшларимиз, асл санъатни касб қилган ижодкорларимиз, соғлом дидли миллионлаб мусиқа шинавандалари, қолаверса тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари хеч қачон халқимиз қалби тўридан жой олган «Чўли Ироқ», «Муножот», «Тановор» каби наволарни ва «Мустаҳзод»у «Лазги» каби шўхчан яллаларни ҳам, замонавий эстрадамизнинг ушбу санъат дурдоналари қаторидан муносиб ўрин эгаллашга лойиқ бўлган мавжуд ва яратилажак куй-қўшиқларини ҳам ҳеч қачон «оммавий маданият»нинг қабиҳ тўрига илиниши ёки чоҳига тушишига йўл қўймайди ва шоу-бизнеснинг салбий оқибатларидан сақлайди!

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ

«Hurriyat» газетаси архивидан.

Мақола 363 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*