Селфимания

photo_2016-09-27_16-37-31Кеча телевизорда бир кўрсатув бўлаётганди, унда энг дахшатли селфилар топ 20 талигини кўрсатишди. Ҳаммаси жуда баланд тепалик ва биноларда туриб, селфига тушишган. Негадир суратдаги қаҳрамонлар чиройли эмас! Статистик маълумотларни келтиришди, дунё аҳолисининг 80 фоизи селфимания касаллигига чалинган эмиш, ана ҳалос! Ўйлаб қолдим, улар мени ҳам ҳисобга олишганмикин? Йўқ, қаёқда, агар улар мен ҳақимда билганларида, ҳеч бўлмаганда биттагина селфийимни кўрганларида эди, топ 100, топ 1000 таликда ҳам биринчи ўринни ўзим олган бўлардим! Шунисидан бироз ранжидим, телефоним галереясидан суратларимни бирма бир кўра бошладим! Жуда чиройлиман! Ниҳоятда, гўзалман! Анови телевизордаги қаҳрамонлар ҳам юришиптида селфига тушдим деб, эҳ ҳич бўлмаса биттагина суратимни шу «топ» чилар кўргандами…

Афсус, у бечоралар ҳақиқий гўзаллик Ўрта Осиёнинг қоқ юрагида эканлигини билишмайдида!!! Очиғи уларга ачиндим! Мени селфиларимга гап йўқ! Биламанки, ҳеч ким менчалик таваккалчи эмас! Мен маҳалламизнинг энг қопоғон ити билан селфига тушганман, у бечора ит мендек чиройли қиз билан суратга тушаётганини билганми, ё 6 та барзанги ошиқларим ушлаб турганига қўрққанми, ўзиям куйдирган калладек ҳамма тишини кўрсатиб расмга тушган! Ҳатто, оғзидан оқаётган сўлаклари ҳам аниқ кўринган!

Вой, бунисиям майли туманимиздаги энг қари, бирга турмуш қуриб ҳалиям бирга яшаётган бува- буважонлар билан ҳам суратга тушганман! Улар ҳам мен билан селфига тушиш учун махсус тайёргарликдан ўтишган, ҳаммаси олий даражада! Ўзбекча айвон, миллий руҳда жиҳозланган, буважон беқасам тўну, бошларида дўппи, тишлари қолмаган бўлса ҳам кулиб туриптилар, бувижон хонатласу, рўмолларда, қулоқларидаги балдоқлари кўриниши учун ракурсларни кўриб чиқиб, репититсия қилишимизга ҳам тўғри келганди! Ўзимчи? Ваааай мени айтмайсизми, ироқи дўппи бошимда, қошларимда ўсмаю, сочларим қирқ ўрим! Адрас чўпонларда, тоғ лоласидек яшнаб турибман!!!

Булар ҳам одатдаги селфилар аслида, менчи Тошкентда ёмғирлар жала қуйиб, ер ости йўллари сув билан тўлганда ҳам селфига тушганман. Янги уйга кўчаётганимизда кўчлар билан, таъмирлаганимизда асбоблар билан ҳудди усталардек кийиниб, ҳатто бармоғимни ари чақиб олганда дўмбира бўлиб ишиб кетганда ҳам суратга тушганман! Ҳалиги қутирган ит қувлаганда қочиб паҳса деворимизга чиқиб олганимда ҳам, ҳа, ўшанда қўрқувдан қандай қилиб деворга чиқиб олганимни ҳам билмай қолганман! Бунақаси бўлмаган! Ахир, буни тарихга мухрлаш керак эдида! Тўйдагиларинику гапирмасам ҳам бўлади, ҳар тўйда янги кийим, янги тақинчоқ ва янги образда, ҳа айтганча ҳар сафар янги келин-куёвлар билан! Бу ҳали ҳаммаси эмас! Барибир, дунё мендек чиройли, яна селфи — рекордчи қиздан бехабар эканлигига ачинаман…..

Зиёда Зияева,

«Mulohaza.uz» маҳорат мактаби аъзоси.

Мақола 1 033 марта ўқилган

1 Комментарий для Селфимания

  1. Ziyoda opam serqirra ijod qiladilar:
    ham she’r, ham maqolala, ham yumoristik hikoyalar yozadilar.
    Havasdaman, opajon!
    Tabassum bn o’qidim!
    Yana kulgu ko»taradigan hikoyalarizdan kutib qolaman.
    Siz bn birga ijod qilayotganimdan xursandman!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*