Сариқ либос кийишни ислом динимизда мумкин эмас дейилгани ростми?

photo_2016-10-12_17-29-43Савол: Сариқ либос кийишни ислом динимизда мумкин эмас дейилгани ростми?

Жавоб: Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени тилло узук тақишдан, шойи кийишдан, рукуъ ва саждада қироат қилишдан ва сариқ ранг чапланган кийим кийишдан наҳий қилдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ва шу орқали бошқа эркак мусулмонларни ҳам тўрт нарсадан қайтармоқдалар.

  1. Тилло узук тақишдан.

Мусулмон эркак нафақат тилло узук балки тиллодан бўлган бошқа нарсаларни ҳам тақиши мумкин эмаслигини аввал ўрганиб ўтдик. Кумуш узук ҳақида иншааллоҳ келажакда сўз юритилади.

  1. Шойи кийишдан.

Мусулмон эркакларга шойи-ипак кийиш ҳаром эканлигини ҳам аввал батафсил ўрганганмиз.

  1. Рукуъ ва саждада қироат қилишдан.

Намоз ўқиётган одам рукуъга ёки саждага борганда Қуръон қироат қилиши мумкин эмас. У ҳолатларда тасбиҳ айтилади. Бу нарса ҳаммага маълум.

  1. Сариқ ранг чапланган кийим кийишдан.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устимда икки сариқ ранг чапланган кийимни кўриб:

«Албатта, мана шулар, кофирларнинг кийимларидандир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Онанг шунга амр қилдими!?» дедилар.

«Уларни ювиб ташлайми?» дедим.

«Балки, куйдириб ташла!» дедилар».

Ушбу заъфарон ва сап-сариқ ранг чапланган кийим кийиш ҳақидаги наҳийлар фақат эркакларга хосдир. Аёлларга тааллуқли эмас.

Нима учун эркакларга бундоқ наҳий келди, дейилса, бу ранглар маълум кофир тоифаларнинг шиори бўлгани, эътиборни жалб қиладиган бўлгани, ҳиди кучли бўлгани, аёлларга хос бўлгани учун, деган жавобни айганлар уламоларимиз.

Усули фиқҳ илмида наҳий-бирор нарсадан қайтариш ҳақида келган шаръий буюруқлар учга бўлинади; ҳаром, макруҳ ва танзийҳ. Ушбу масаладаги наҳий мазкур уч қисмдан қайси бирига хос? деб савол қўядиган бўлсак, кўпчилик уламоларимиз, бу ердаги наҳий танзийҳ учун, дейдилар. Яъни, макруҳдан ҳам кучсизроқ бўлиб, ўта тозаликнинг ирода қилиш учундир. Чунки, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу соқолларига ва кийимларига хушбўй сариқ нарса суртиб юрар, нимага бундоқ қиласиз, деб сўралса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ қилганларини кўрганман, дер эканлар.

Islom.uz

Мақола 1 173 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*