Розалия режаси

1024px-El_Quitasol_(Goya)
Комил ярим тунда қўл телефонининг баланд овозда жиринглашидан уйғониб кетди.

– Алло?

– Алло, Комил? Тезда меникига етиб кел. Муҳим иш чиқиб қолди – дўсти Фарҳоднинг овози эшитилди.

– Шу пайтдами? Яна нима балони бошладинг?

– Келганда биласан. – Фарҳод телефонни ўчирди.

– Ҳеч тинч юрмади-да! – деб минғирлади Комил.

Эриниб ўрнидан туриб кийинди. Уйидагиларига сездирмай ташқарига чиқди-да, мотоциклга минди.

– Келдингми? Сени кутиб тургандим – деди Фарҳод салом-аликни ҳам унутиб.

– Тинчликми?

– Қара! – Фарҳод қўл телефонидаги мўйқаламда чизилган суратни кўрсатди.

Суратда узун кўйлак кийган, чаккасига атиргул таққан, узун сочли гўзал бир қизнинг сиймоси тасвирланганди.

– Хўш? Нима бўлибди? – Комилнинг энсаси қотди. – Шу оддий расмчани кўрсатиш учун мени чақирдингми?

– Бу саньат асари, тентак! – асабийлашди Фарҳод. – Бу суратни машҳур испан рассоми Гоя чизган.

– Менга нима қизиғи бор, ким чизганини.

– Гапимни охиригача эшитсанг-чи! Гоя Франциянинг Бордо шаҳрига борганида ўн уч ёшли Розалия исмли бир соҳибжамолни учратиб, унга ошиқ бўлиб қолади. Севгилисининг суратини чизишга қарор қилади. Бу ўша қизнинг сурати.

Комил суратга термилди.

– Шу ўн уч ёшми? Бувимдан қари-ку! – деб кулди.

– Маҳмадоналик қилма. Бу жуда ноёб сурат.

– Мақсадга ўт.

– Бу сурат ҳозирда ўзимиздаги саньат музейида сақланяпти. “Қора бозор”да нархи жуда баланд, буни.

– Гапни шундан бошламайсанми, хўш қанчага олишади?

– Таҳминан 70 – 80 минг кўкига. Валентин деган бир ўрис – агар топиб берсанг 100 минг кўкидан бераман – деди.

– Нима? 100 минг? – Комилнинг кўзлари чақнаб кетди.

– Ҳа. Менда бир режа бор. Якшанба куни тунда музейга яширинча кириб суратни олиб чиқсак нима дейсан? – деди Фарҳод секингина.

– Эсинг жойидами? Бу жуда хавфли! – Комил атрофга аланглади.

– Бир иложини қилармиз – деди.

– Бирон режанг борми?

– Диққат билан эшит – гап бошлади Фарҳод. – Музейга бир неча марта бориб кўп нарсани аниқладим. Сурат иккинчи қаватдаги кўргазмалар залидаги деворга осилган. Музейни уч нафар барзанги қоровул қўриқлайди. Улардан иккитаси пастдаги қоровуллар хонасида ўтиради. Улар асосий қоровуллар. Камералардан кузатиб туриш, музейга кириб-чиқишни назорат қилиш ўшаларнинг зиммасига юклатилган. Учинчи қоровул иккичи қаватда ўтирадиган Сарвар исмли савдойи йигит. У шунчаки музейнинг ичини айланиб юради. Девдек жуссаси бўлса ҳам бир ишни эплай олмайдиган, бўшанг йигит экан. Номига қоровул деса ҳам бўлади. Хуллас бизнинг асосий муаммойимиз пастдаги қоровуллар. Улар жуда чапдаст йигитлар. Аммо уларни ҳам амалласа бўлади.

– Қандай қилиб буни амалга оширмоқчисан?

Фарҳод ичкари уйга кириб, қўлида қора сандиқчани кўтариб чиқди. Уни стол устига қўйиб – Очиб кўр – деди.

Комил сандиқчани очиб қаради-ю тезлик билан ёпиб қўйди.

– Бундай қўпол ҳазил қилма! – деди даҳшатдан ранги оқариб.

– Қўрқма, улар зарарсиз – деди Фарҳод кулумсираб.

– Илон ҳам зарарсиз бўладими? – деди Комил асабийлашиб.

– Бу илонлар қўлга ўргатилган. Бўғмайди ҳам чақмайди ҳам. Улар мутлақо хавфсиз.Биз илонлардан шунчаки қоровулларни қўрқитиш учун фойдаланамиз.

– Аниқроқ тушунтир.

– Биз бинонинг орқа томонидаги панжарали девордан ошиб музей ҳовлисига кирамиз. Қоровуллар хонасининг тепа қисмида ҳаво туйнуги бор. Ана шу ҳаво туйнугидан илонларни пастга ташлаймиз. Илонлар тўғри қоровулларнинг қаршисидаги столга тушади. Табиийки бундан қоровулларнинг юраклари ёрилиб тўрт томонга ўзларини уришади. Қоровулхонанинг ён томонида эски суратлар сақланадиган кичкина омборхона бор. Қоровуллар ўша ерга қочишади. Биз эса тезлик билан қоровулхонага кирамиз. Сен камералар ва сигналзатцияни ўчирасан, мен эса югуриб бориб қоровулларнинг устидан қулфлаб қўяман. Сенда ҳамма эшикни очиб-ёпувчи универсал калит бор-ку, ўшандан фойдаланамиз. Ўзим билан елим олиб бораман. Эшикни қулфлаб, қулфни елимлаб ташлайман. Шундай қилсам, омборхона ичидаги қоровуллар уни очолмайди. Мустаҳкам темир эшикни синдира олишмаса керак. Хуллас хавфсизлик тизими ва қоровуллардан қутилсак, иккинчи қаватга кўтариламиз.

Юқорига чиққанимиздан сўнг мен суратларни таьмирлайдиган устахона эшигининг олдига бориб – Сарвар! – деб бақираман-да, эшикни тақиллатиб ўзим устахона олдидаги хонага кириб яшириниб оламан. Сарвар лапашанг овоз устахонадан чиқяпти деб ўйлаб утахонанинг олдига келади ва эшигини очиб ичкарига киради.Сен устахона эшигини ёпиб Сарварнинг устидан қулфлаб қўясан. Шу тахлит лапашангдан ҳам халос бўлгач, суратни оламиз-да жуфтакни ростлаймиз. Тамом вассалом.

– Режанга гап йўқ, дўстим! – Комилнинг биринчи марта чеҳраси ёришди.

– Мен уни “Розалия режаси” деб атадим – деб тиржайди Фарҳод.

– Ажойиб режа! Хўш, бу режани қачон амалга оширамиз?

– Якшанба куни тунда. Агар ҳаммасини тушунган бўлсанг, ўша куни кечаси Акрам девонанинг эски ҳовлининг орқасида учрашамиз.

– Келишдик – деб қўл узатди Комил.

Уч кундан сўнг келишилган муддат ҳам келди. Якшанба куни тунда Комил ва Фарҳод Акрам девонанинг эски ҳовлисининг орқасида учрашишди. Иккиси кўришиб йўлга тушди. Комил елкасига сурат солинадиган ғилоф, Фарҳод эса илонлар солинган сорт сумкасини осиб олганди. Улар ўн беш дақиқада музейнинг орқа томонидаги кўчага етиб келишди. Атроф қоп-қоронғу эди.

– Бу ҳудудда ҳозир элэктр симларини таьмирлашяпти. Шу сабаб ҳамма ёқда чироқ ўчган – деди Фарҳод.

– Ишинга пишиқ сан-да! – деб тиржайди Комил.

– Қани ишга киришдик!

Ўғрилар атрофга аланглаб ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, узун панжарали девордан ошиб музей ҳовлисига киришди. Секин бино томонга юриб қоровулхонанинг ҳаво дарчаси остига келишди. Анча бақувват ва нисбатан бақувватроқ Фарҳоднинг елкасига чиқиб Комил дарчадан ичкарига мўралади. Пастда қоровуллар ўзаро гаплашиб ўтиришарди. Комил тиржайиб сумкани очди. Ундан илонларни олиб бирин-кетин дарчадан пастга ташлади. Столининг устига “тап-тап” қилиб тушган иккита катта илонни кўриб қоровулларнинг ранги учди. Иккиси ҳам сакраб туриб жон талвасасида эшикка қараб югурди. Фарҳод таҳмин қилганидек қоровуллар ён томондаги омборхонага қочиб киришди. Фарҳод ва Комил тезлик билан қоровулхонага киришди. Бир дақиқа ичида Комил хавфсизлик тизимини ўчирди. Бундай ишларга уста бўлгани учун бу унга қийнчилик туғдирмади. Камералар ўчирилгач Фарҳод югуриб бориб очиқ турган омборхона эшигини зарб билан ёпди. Нима бўлаётганини тушунмай қолган ичкаридаги қоровуллар шошиб қолишди. Улар Фарҳодни кўришмади. Фарҳод эшикни универсал калит билан қулфлагач, қулфнинг ичига елим қуйиб юборди. Шоша-пиша калитини қулфга солиб эшикни очишга уринаётган барзангиларнинг калити қулф ичида ёпишиб қолди. Тузоққа тушганини англаган қоровуллар бақириб эшикни тепа бошлашди. Аммо мустаҳкам темир эшикни бу тахлит очишнинг имкони йўқ эди.

– Кетдик! – деди Фарҳод.

Комил унинг олдига югуриб келди. Иккаласи зинадан иккинчи қаватга кўтарилишди. Шошилганидан на рация, на қўл телефонини олишга улгурган қоровулларнинг бор умиди энди лақма Сарвардан эди.

– Севгилим! Яхшиям шу сурат бор экан! Сени ҳар куни кўриб тураман – Сарвар ўзича гапириб деворга осилган қизнинг суратига термилиб турарди. – Бекорга уни даҳо дейишмас экан. Рассом сени ҳудди аслингдек қилиб чизган-а! Эҳ, Ра…

Бирдан – Сарвар! – деган овоз эшитилди. Йигит ўрнидан туриб атрофга аланглади. Шу пайт устахона эшиги тақиллади. Сарвар устахона олдига борди. Эшикка қулоғини тутиб қулоқ солиб кўрди. Кейин эшикни очиб устахонага кирди. Панада пойлаб турган Комил югуриб келиб Сарварнинг орқасидан эшикни ёпди ва калити билан қулфлади. Фарҳод қилган амални қилиб, тезлик билан қулфни елимлади. Шу тариқа лапашангдан ҳам халос бўлишди. Ҳеч балога тушунмай қолган Сарварнинг оғзи очилиб, серрайиб туриб қолди. Комил ва Фарҳод эса сурат осилган залга ўтишди.

– Ниҳоят сени топдим, гўзал Розалия! – деди Фарҳод севинчдан ҳайқириб.

– Қани тезроқ! Суратни олиб, бу ердан қочиб қолайлик! Агар лақма яхшилаб ҳаракат қилса эшикни синдириши мумкин – деди Комил.

– Яхши – деб Фарҳод суратни девордан олди. Рамкасидан чиқариб авайлаб ўради. Кейин ғилофга солиб елкасига осди.

Беш дақиқа ичида ўғрилар музейни тарк этиб, ташқарига чиқишди. Панжарали девордан ошиб, қоронғу кўчада кўздан ғойиб бўлишди.

Сарвар бир амаллаб эшикни бузиб очди. Кўргазма залига югуриб борди. Девордаги сурат йўқолганини кўргач – Йўқ! Севгилим! Мени кечир! – деб додлаб қолди.

Эртаси куни Фарҳоднинг қишлоқдаги эски уйидаги деворда узун гулдор кўйлак кийган, сочлари узун, чаккасига атиргул таққан гўзал Розалиянинг сурати илинганди.

– Юз минг доллар қўлимизда! – деди Фарҳод тиржайиб.

– “Розалия режаси” иш берди! – деб Комил суратга қаради. У Розалияга бир муддат тикилиб турди.

– Фарҳод, бу дейман французлар ҳам бизнинг тилла балдоқдан тақишган экан-а?

– Нима?

– Қара. Розалиянг ҳам қулоғида бизнинг аёлларнинг сирғасидан тақиб олган-ку!

Фарҳод ўрнидан туриб суратга яхшилаб разм солди ва даҳшатдан қотиб қолди.

Айни пайтда Саньат музейининг анжуманлар залида саньатшунослар, машҳур рассомлар, журналистлар ва бошқа кўплаб меҳмонлар ташриф буюрган тақдирлаш маросими бошланди. Бу маросим музейнинг ёш ва жасур қоровули Сарвар Ҳалилов шарафига ташкиллаштирилганди. Йигитга бебаҳо саньат асарини сақлаб қолгани учун мардлик нишони ва катта миқдорда пул мукофоти топширилди. Чиройли бир қиз испан элчихонасининг махсус миннатдорчилик ёрлиғини топширди. Лақма қоровулдан қаҳрамонга айланган Сарварнинг эса кайфияти йўқ эди. Барча буни ўтган тундаги воқеа сабаб чарчоқ асорати деб ўйлаётганди. Аслида йигит ҳар кеча Розалиянинг суратини бир чеккага олиб қўйиб ўрнига рассом дўстига чиздирган севгилиси Раьнонинг суратини осиб қўяр ва унга соатлаб термилиб ўтирарди. Эрталаб Розалиянинг суратини яна жойига илиб қўярди.Узун гулдор кўйлакдаги, сочлари узун, чаккасига атиргул таққан Раьнонинг сурати Гоя чизган машҳур суратдан қулоғидаги балдоғи ва юзидаги кулгичлари билан фарқ қиларди холос. Ўғрилар шошилганидан бу кичкина деталларга эьтибор беришмаганди. Сарвар ўғрилар қўлидаги севгилисининг суратини ўйлаб тушкун кайфиятда эди. Фарҳод ва Комил эса қанча машаққатлар билан музейдан ўғирлаб чиққан Раьнонинг суратига йиғлагудек бўлиб термилиб ўтиришарди.

Ферузбек Зиёдуллаев

Мақола 607 марта ўқилган

2 Комментариев для Розалия режаси

  1. Mana buni óg’rilik desa bo’ladi? Omad kesa shuncha bólarkande???

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*