Рашк

kurashСалиманинг Самар полвонга унаштирилганини эшитиб, Нор полвоннинг фиғони фалакка чиқди: «Вой аблаҳ-эй! Вой номард-эй!». У ғазабдан ўзини қўярга жой тополмасди: «Салимани севишимни била туриб-а?».
Шумхабарни эшитгач, ўша кундан бошлаб Нор полвоннинг егани ичига тушмай қолди, қалбида Самар полвонга нисбатан адоват уйғонди. Юрагини кемираётган рашк аламидан «Уни ўлдираман, менга насиб этмаган қиз унга ҳам тегмайди», деб телбаланди. Аммо Самар уйланмаганида ҳам барибир Салима ўзига тегмаслигини тан олгиси келмасди. Муҳаббатнинг кўзи кўр дегани шумикан?
Самар полвон икки ўт орасида қолганди. У болаликдан бир кўрпада тепишиб катта бўлган жўрасига хиёнат қилишни асло истамасди. Аммо кўнгилга буюриб бўлмас экан-да! Агар Салима Нор полвонга тегаман, деса Самар ҳозир ҳам бунга рози бўларди. Бироқ икки йил аввал мактаб битирув кечасида Норнинг кўпчилик ўртасида Салимага шилқимлик қилганидан кейин қизнинг кўнгли қолган, уни кўргани кўзи йўқ. Душманлик очиқча тус олди. Икки дўст ўртасида салом-алик, борди-келди барҳам топди. Бир устоздан таълим олиб, полвон бўлиб танилган икки йигит шу тариқа бир-бири билан ёвлашиб қолди. Бу яхшилик билан тугамаслигини сезган устоз Қудрат полвон Нор полвонни ҳовуридан туширишга уринди:
– Ўзингни нега бунча қийнайсан, ука! Қиз зоти қуриб кетибдими? Салима бўлмаса, ана, бошқасига уйланасан. Ўзингни қўлга ол. Жаҳл чиққанида ақл кетади, дейишади, аччиқ устида яна бирор кор-ҳол қилиб қўйма!
Аммо Нор полвоннинг қулоғига гап кирмас, кўнглига қил сиғмасди. У қандай қилиб бўлмасин Самар полвондан ўч олиш аламида ёнарди. Лекин қандай қилиб? Уни очиқчасига енгишига ҳам кўзи етмайди. Пинҳона йўлларини топиши керак! Қанақа йўл? Мияси ғовлаб кетди. Шохлари тарвақайлаб кетган кекса ёнғоқ остидаги чорпояда шундай фикрда хаёл суриб ётганида «Ҳов, ким бор!», деб овоз бериб қишлоқ кайвониси – Мусурмон баковул кириб келди. Нор полвон хушламайгина чорпоядан тушди.
– Ассалому алайкум, тоға! Келинг!
– Вaалайкум ассалом, келдик!
– Қани, юқорига чиқинг, тоға! – У кайфияти бузуқлигини билдирмасликка уриниб мулозамат қилди.
– Хўш, жиян, қалайсан, соғлиғинг жойидами, сал тобинг йўқроқдай кўринасан?
– Йўқ, йўқ, тоға, соппа-соғман, сал шамоллабман, шекилли. – Нор полвон Мусурмон баковул ниятини билиб қоладигандай кўзларини олиб қочди.
Мусурмон баковул унинг Самар полвон билан оралари бузилганини билмасди. Бироз гурунглашиб ўтиргач, муддаога кўчди.
– Жиян, Чашма қишлоқни биласан. Аҳмад полвон неварасини тўй қилиб, кураш беряпти. Мени ҳакамликка таклиф этиб, сени ҳам олиб боришимни тайинлаб кетди… Самар полвон ҳам боради.
Нор полвон бироз тоби йўқлигини важ қилиб таклифни рад этишга оғиз жуфтлаган эди, Самарнинг ҳам боришини эшитиб, рози бўлди.
– Бўпти, тоға, бораман! – У хаёлидан кечган ёвуз ниятдан мийиғида беўхшов илжайиб қўйди.
***
Куз, осмонда паға-паға оппоқ булутлар сузиб юрган бўлса-да ҳаво илиқ эди. Аҳмад полвоннинг ҳовлиси орқасидаги бедапояга одамлар ёпирилиб кела бошлади. Қоқ ерга биров бир тутам хашак тўшаб, биров тўнининг барини тагига босиб, чордона қуриб ўтириб олган. Орқа қатордагилар тик туриб, бир-бирини туртишганича бўй чўзиб даврага талпинишади.
– Қани омин, полвонларнинг омадини берсин! – Оқсоқолга қўшилиб ҳамма дуога қўл очди.
Мусурмон баковул совринларни эълон қилиб, полвонларни даврага чорлади. Узоқ-яқиндан келган полвонлар ўртага чиқиб олиша кетишди. Кураш қизигандан қизиди.  «Ҳа, ур, бос!» деган ҳайқириқлардан атроф ларзага келди.
– Навбат бош совринга! – Мусурмон баковул қўлини баланд кўтариб эълон қилди. – Қани, ким бор? Даврага чиқсин, марҳамат!
Шу дамни кутиб ўтирган Самар полвон ёпиниб турган тўнини елкасидан олиб ёнидаги шеригига итқитди-да даврага чиқиб рақибини кута бошлади. Нор полвондан бошқа ким ҳам унга қарши юрак ютиб чиқарди, дейсиз, албатта, ўша-да! Худди шундай бўлди.
– Мен чиқаман! – Давранинг нариги томонида ўз тўдаси билан қўр тўкиб ўтирган Нор полвон қовоқ уйганича, айиқдек лапанглаб, даврага чиқиб келди. Самар полвон унинг авзойи бузуқлигидан шунчаки, кураш учун майдонга тушмаётганини сезди. Ҳушёр бўлиши керак.
– Балли, азамат! Кучингни бир кўрсатиб қўй! – Унинг тўдабошиси Мусурмон баковулга бир даста пул узатди. – Мен Нор полвонга юз минг сўм тикдим.
– Бўш келма, Самар! – Ҳамид чавандоз полвонга далда бериб, баковулга юз эллик минг сўм узатди.
Даврада ғала-ғовур кучайди. Ишқибозлар ўзлари танлаган полвонларга пул тикиб, ким ғолиб чиқишини баҳслаша кетдилар. Мусурмон баковул йиғилган пулларни оқсоқоллар олдида ёзилган белбоққа ташлади-да  полвонларнинг қўлларидан ушлаб, давра ўртасига олиб чиқди.
– Совринга той қўйилган, – деди у. – ўирромлик кетмайди, олишув ҳалол бўлсин. Рақибнинг оёғи ердан узилиб, елкаси ерга тегдирилмаса, ҳисоб эмас. – У полвонларни белбоғларидан ушлатиб, қўлини кўтариб пастга силтади: «Кураш!»
Ҳайқириқлар остида полвонлар шердай олиша кетишди. Улар болаликдан ўзаро кураш тушиб келишади, бир-бирининг усулларини ҳам, нозик томонларини ҳам яхши билишади. Аммо кўп марта Самар полвоннинг қўли устун келган. Нор полвонни ана шу хавотирга соларди. Бугун ҳам Самар полвоннинг ўзига ишончи баланд. Хотиржамлик билан рақибининг ҳужумини қайтариб, чалишга қулай пайт пойлаяпти. Нор полвон ҳансираб, зимдан тақиқланган усулларни қўллашга урина бошлади. Самар полвоннинг белбоғидан маҳкам ушлаб уни ўзига тортди-да кўксига зарб билан калла қўйди. Бироқ, Самар полвон зарбага дош бериб, вазиятдан чиқиб кетди. Ҳийласи иш бермаганидан асабийлашган Нор полвон куч ва диққатини билагига тўплай олмасди. Ҳушёрлигини йўқота бошлади. Буни сезган Самар полвон ҳужумга ўтди. Рақибини чапдастлик билан қўлидан ушлаб елкага олди-да ерга ташлади. Лекин йиқилаётиб, ўзини ўнглаб олган Нор полвон ён томони билан тушди. Ишқибозлар чапак чалиб, ҳайқириб юборишди: «Ҳа, баракалла, Самар! Бўш келма!».
– Ёнбош! – Мусурмон баковул қўлини кўтариб, усулни баҳолади. Кейин полвонларни яна давра ўртасига чақириб, олишувга ундади: «Кураш!»
ўазабдан ўзини йўқотиб қўйган Нор полвон энди бутунлай очиқча ғирромликка ўтди. У Самар полвоннинг қўлидан ёки ёқасидан ушлашга уринган бўлиб, дуч келган жойига мушт туширарди. Баковул буни сезиб қолиб, уни огоҳлантирди. У алам ва нафратини босолмай, тез-тез мувозанатини йўқотиб, хатога йўл қўя бошлади ва қандай қилиб Самар полвоннинг чангалига тушиб қолганини сезмади.
– Ё, пирим! – Самар полвон шердай ҳайқириб Нор полвонни даст кўтариб кўксига олди-да айлантириб ерга урди. Аммо рақиб чаққонлик қилиб бу гал ҳам мағлубиятдан қутулиб қолди.
– Чала! – Мусурмон баковул қўлини кўтарди. Шу пайт кутилмаган ҳол рўй берди. Нор полвон кураш тўхтатилганига қарамай, ётган жойида Самар полвоннинг икки елкасидан ушлаб ўзига тортди-да башарасига калла қўйди. Кейин қонаётган бурнини ушлаганча ўтириб қолган Самар полвонни чаққонлик билан чалқанчасига ерга босди-да, тиззаси билан уч-тўрт марта жигарини қаттиқ эзғилади. Бу воқеа шунчалик тез содир бўлдики, Мусурмон баковул «ғирром!», дейишга ҳам улгурмади. Давра қий-чув бўлиб кетди. Биров «Ҳайф сенга полвонлик, номард!», деб Нор полвонни лаънатласа, биров «Яша, Нор полвон!», деб уни олқишларди.
– Ўзингни бос, ақлингни йиғ! – Норполвоннинг қизиққонлиги, иродаси бўшлиги ва ожиз келганида ғирромликка ўтишини яхши билган Қудрат полвон югуриб чиқиб, уни силтаб четга тортди. – Бу қанақа шармандалик? Ҳайф сенга кураш! Ҳайф ўргатган усулларим!
Нор полвон «Қўйворинг, уни ўлдираман», деб юлқинарди. Самар полвон биқинини чангаллаганича инграниб ўрнидан турди, қонаётган бурнини енги билан артди. ўазаб ва нафратдан тишлари ғижирлаб, қўллари мушт бўлиб тугулди. Нор полвонга ташланиш учун ҳезланди.
– Ҳали сенми мени ўлдирадиган, аблаҳ.
Икки йигит уни зўрға ушлаб қолишди. Кураш бузилиб, икки полвоннинг ишқибозлари ўзаро муштлашиб     кетдилар.
…Орадан қиш ўтди. Рашк ўтида қоврулган Нор полвоннинг олдинги ҳайбатидан асар ҳам қолмади. Эти устихонига ёпишиб, қоқ суяк гавдаси шалвираб қолди. Курашларда кўринмас, одамларга аралашмас, қилган ишидан пушаймон бўлиб ич-ичидан изтироб чекарди. У одамови бўлиб қолди, уни энди ҳеч ким эсламас, курашларда ҳар бир усулини қийқириқ ва қарсаклар билан олқишлаган ишқибозлари дуч келиб қолишганда, нафрат билан терс ўгирилиб кетишарди.
Самарга турмушга чиққач, Салима яна ҳам очилиб кетди. Унинг бахтдан чақнаган шаҳло кўзлари, тўлғаниб тақимини ўпган икки ўрим сунбул сочи, атлас кўйлак ярашган хипча бел, сарвқоматини кўрганда Нор полвоннинг ҳасаддан юраги қоқ ёрилиб кетай дерди.
У аста-секин ўзига кела бошлади. Қилмишини эсласа уятдан ерга кириб кетгудек бўларди. Бир неча марта Самарни кўрганида ундан кечирим сўрагиси келди. Аммо юзи чидамади. Чинакам севги учун фақат йигитнинг ишқи кифоя эмаслиги, унга дўқ-пўписа, худбинлик билан эришиб бўлмаслигини тушуниб етган эди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.
Мақола 465 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*