Рашк нима?

rashkҲикматларда «Ҳар бир инсон хоҳ у ожиза бўлсин, хоҳ эр киши бўлсин, ўз жуфтини ўзгалардан рашк қилмоғи имондандир», дейилади.

Кўпинча биз аёллар ожизлигимизга бориб, арзимаган нарсаларни рўкач қилиб ҳам рашк қилаверамиз. Пашшадан фил ясаш бизларга одат бўлиб қолган. Эркакларимиз-чи? Баъзилари ошкора рашк қилсалар, айримлари ўз жуфтларини талтайиб кетмасин, деган маънода пинҳона рашк қиладилар. Ана ўшанда баъзи аёлларимизнинг жазаваси тутаркан. Уларнинг онгу шуурларида «Бўлди, энди менинг керагим бўлмай қолибди. Бундан чиқди, бошқасини топиб олибди-да», деган номаъқул ўйлар чарх ураверади, чарх ураверади. Натижада ишдан ҳориб-чарчаб келган жуфтидан бўлар-бўлмас баҳоналар қидириб, жанжал кўтаради. Ҳатто, ўзи ҳам етти ухлаб тушида кўрмаган аллақайси аёлдан рашк қилади. Натижада ширин ҳаётини аччиқ қилади. Ана ўшанда оиласидан, тинимсиз жанжаллардан безиб кетган эркак тўғри йўл қолиб, қинғир йўлга киради. Ўзга аёлларни излаб қолади.

Мен бу билан «Ҳамма айб аёлларда» демоқчи эмасман. Шундай эркакларимиз ҳам борки, уйида гулдек аёли бўлатуриб кўча-кўйдаги очиқ-сочиқ кийинадиган аёлларга маҳлиё бўладилар. Оқибатда ҳаловати буткул йўқолади. Қўл телефони тинмай жиринглайди, уйга кеч келадиган одат чиқаради. Бола-чақаси уёқда турсин, ҳатто, турмуш ўртоғини ҳам бутунлай унутади. Шўрлик аёл бўлса кўзи тўрт бўлиб ўз жуфтини тонгга қадар остонада кутиб ўтираверади. Орадан узун тунлар, изтиробли ойлар, уруш-жанжалларга тўла йиллар ўтади. Эр-хотин бир-биридан буткул совиб кетади. Адашган эркакнинг ишқ тўла кўзларига эса бир пайтлар олов бўлиб кўринган муниса аёли эмас, балки ундан кечишгада мажбур қилган маккора аёл фариштадай бўлиб кўринади. Аммо энди кеч.

Баъзи очиқ-сочиқ юрган аёлларимизни «уй бузғунчилари» дегим келади. Сабаби, ҳаддан ташқари очиқ кийиниб юрадилар. Ана шундай аёлларга кўча-кўйда, идораларда, транспортлардаги бегона эркакларга ўзингизни кўз-кўз қилиб кўз сузишдан олдин уни уйида интиқ бўлиб кутиб ўтирган аёли-ю, бир-биридан ширин болажонлари борлигини унутманг, дегим келди. Билиб туриб ўзингизни жаҳаннам оловига отманг.

Тунов куни бир воқеанинг гувоҳи бўлдим.

Юмуш билан кўчада юргандим. Бир-бирларига мос ўрта ёшлардаги эр-хотин тўрхалталарини тўлатганларича, чамаси, бозордан қайтишаётганди. Ҳоридилар шекилли, юкларини ерга қўйиб, дам олмоқчи бўлишди. Шунда уларнинг юзларида табассум жилоланди. Гўёки улар бир-бирларидан жуда мамнун эдилар. Ҳудди шу дамда бир ёшгина жувон майда қадамлар билан улар томон юриб кела бошлади. Кийган либосини либос деб бўлмасди. Атирининг ифори эса кўчани тутиб кетди. Бир зумда эндигина бахтиёрликдан маст бўлиб турган эркакнинг хаёли бузилди. Ёнидаги одмигина кийинган, бундан бир неча дақиқа олдин ҳам нигоҳлари билан суйиб турган аёлини унутди-қўйди. Эркак жувоннинг ортидан узоқ тикилиб қолди. Аёли эса алланималар деб ғудранди-ю рашк азобига чидаёлмай елдек учиб келаётган енгил машинага қўл силтади. Ҳуши жо-йига келган эркак эса «Гулмира, қаёққа? Шунга шунчами?» деганича кўча бошида қолаверди.

Менга, умуман бегона бўлган бояги эр-хотинга, қолаверса, баъзи эркагу аёлларга шундай демоқчиман: майли, рашк қилинг, аммо худбинлик туфайли неча йиллардан бери ҳамроҳингиз бўлиб келаётган, ширину аччиқ, оғиру енгил, тўкислигу йўқчилик пайтларида доимо суянчиғингиз бўлиб келаётган жуфту ҳалолингиздан ажралиб қолманг.

Юқорида мисол қилиб келтирганим — баъзи бир оила бузар аёлларга ҳам Яратгандан инсоф тилаб қоламан. Мунис аёлларимизга эса севиб-севилиб, бир-бирларингизни ардоқлаб, ҳеч кимга сездирмай пинҳона ўз жуфтингизни рашк қилиб яшашингизни-ю, тўғри йўлдан адашмай, тинч-тотув умргузаронлик қилиб, қўша қаришингизни тилайман.

РАЙҲОНА.

Интернет манбаларидан олинди.

Мақола 1 276 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*