Қуёшда тобланиш фойдалими?

5057_holidayТиббиёт илми мутахассислари фикрларига кўра, қуёш нурида тобланишимиз — танамизни 90 фоизга қадар D витамини билан озиқлантиради. Қолган 10 фоизини эса овқатланишимиз тўлдирар экан. Шунинг учун ҳам ер шарининг айрим ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ана шундай фойдали дармондорига муҳтожликни бошдан кечиришади.

Бироқ, кейинги йилларда бундай дармондорининг муқобил воситалари — сут, йогуртлар, пишириқлар, қуруқ нонушта, турли хил нон маҳсулотлари дўконларимиз пештахталарини аллақачон тўлдириб улгурган. Бу маҳсулотларнинг ёрлиқларидаги » D витамини билан бойитилган» деган жумлани синчков харидор, албатта, ўқиши аниқ. Нархи қиммат бўлган бундай маҳсулотларга пул сарфласак, ҳаражатимиз шунга арзийдими? Қуёшда тобланишдан оладиган дармондори билан озиқ-овқатлардаги витамин тенглаша оладими?

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ультрабинафша нури воситасида танамиз D3 витаминини ишлаб чиқаради. Худди шу витамин гўшт маҳсулотларида ҳам бор. Ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларида эса D2 дармондориси мавжуд. Инсон D витаминини қуёшдан ёки озиқ-овқатдан олишидан қатъи назар, у организм учун фойдалидир.

— Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳар икки дармондори жигарга ўтиб, кальцитриол моддасига айланади, яъни, инсон соғлиғи учун фойдали озиқ бўлади, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Валерий Кузнецов.- Бироқ бунинг яна бир бошқа жиҳати бор. Агар кальций моддаси жуда кам ёки бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари D витамини билан бойитилса, бу ҳолатда остеопорозни — суякнинг емирилиши хавфини кучайтиради. Айниқса, бу ҳолат сут маҳсулотларини камдан-кам истеъмол қиладиган одамларда кўп учрайди. Гап шундаки, D витамини инсон вужудидаги кальцийни ўзлаштиришига ёрдам беради… Умуман айтганда, D витамини билан тўйинтирилган сут ниҳоятда фойдалидир.

Очиғи, тиббий жиҳатдан ҳеч қандай монеълик бўлмаса, ёз фаслида табиий равишда D витаминини қуёшда тобланиш орқали олиш мумкин. Қуёш нуридан фойдаланиш ҳафтада атиги уч маротаба бўлиши, яъни, 10-15 дақиқа тобланиш етарлидир. Шуни ёдда тутиш лозимки, қуёшдан сақлайдиган суртма (крем)лардан фойдаланилганда, танада D витамини вужудга келишини буткул тўсиб қўяди.

Бошқа бир тавсия шундан иборатки, D витамини билан танани бойитиш учун тиббий препаратларга мурожаат этиш мумкин. Бунда бир ёшгача бўлган гўдакларга ҳар куни маълум миқдорда бериб борилади. Мактаб ёшигача бўлган болалар, кекса ёшдагилар ва бошқа ичак касалликлари бор беморларга бу витаминни қанча миқдорда истеъмол қилиш, албатта, тиббиёт соҳаси мутахассиси томонидан тавсия қилинади.

Ватанимиз Ўзбекистон азал-азалдан қуёшли юрт деб аталади. Эрта баҳордан кеч кузгача қуёш нуридан баҳра оламиз. Айниқса, ёз фаслининг айни иссиқ палласи каттаю-кичикни соя-салқин жойларга — чўмилиш ҳавзаларига чорлайди. Танани яйратадиган сувда чўмилгач, қуёш нурида тобланишни ҳамма ҳам хуш кўради, албатта. Аммо шуни унутмаслик керакки,қуёшда тобланишдан аввал мутахассис шифокор тавсиясини олиш соғлиғимиз учун ниҳоятда зарур. Хусусан, куннинг биринчи ярмида ультрабинафша нурларининг фойдали жиҳатлари борлигини ҳамма ҳам бирдек тушунмайди. Куннинг иккинчи ярмида қуёш тиғида қолиш — инсон соғлигини хавфга қўйиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи галда қон таҳлили ўтказилиб, бу витаминга бўлган муҳтожлик мутахассислар томонидан аниқланиши зарур.

Зеро, ҳар нарсада меъёрнинг бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

«АиФ» газетаси материаллари асосида Феруза МИРЗАОЛИМОВА тайёрлади.

Интернет манбаларидан олинди.

 

Мақола 310 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*