«Қулоқсиз” одамлар

photo_2016-11-10_17-31-22“Платформанинг четида турманг, бекатга поезд кириб келмоқда”. Эълон тугар-тугамас поезднинг шовқини ва назоратчининг ҳуштаги барчани сергаклантирди. Йўловчилар орқага тисарилди. Фақат бир йигитчагина жойидан қимирламади.

Назоратчи югуриб келиб унинг қўлидан тортди. Йигит қулоғидаги матоҳини олди, мусиқанинг қаттиқ овозидан карахт бўлган онги ҳеч нарсани англай олмас, у ён бу ёнга аланг-жаланг қарарди. Назоратчининг танбеҳидан сўнггина ўзига келиб, ёнгинасида тўхтаган поезд бағрига сингиб кетди. Воқеани кузатиб, жамоат транспортларида, метро бекатларидаги «чекиш мумкин эмас» ибораси ёнига «қулоқчиндан фойдаланманг» жумласини ҳам тиркаб қўйиш керакмикан, деб ўйлаб қолдим.

Мен ҳам йўловчилар қатори вагон ичкарисидаман. Атрофимга назар соламан. Ҳар иккитадан битта одамнинг қулоғида қулоқчин (наушник), улар мусиқа овозидан маст бўлиб, атрофдагиларни ҳам, ўзини ҳам унутганлар. Нафақат, ёшлар, балки баъзи ўрта ёшли инсонлар ҳам бу матоҳнинг ишқибозига айланибди. Қулоқчинларнинг шакл-шамойили бир-бирини такрорламайди. Бириси катта қулоқларни ёпиб турса, бириси қулоқнинг ичига жойлашади. Эшик олдида турган қизнинг қулоқчинидан чиқаётган шовқинли, тушунарсиз қўшиқ шунчалик баландки, қолганлар қулоқчини йўқлигига афсусланмаса ҳам бўлади. «Тинчлик» бекатига келиб эшиклар очилганда уни бутунлай тўсиб қолган қизнинг ортида қўлларида оғир юк кўтарган амаки: “қочиб туринг… илтимос қочсангизчи”, — дея бот-бот такрорлади. Амаки қўлидаги сумкаларини ерга қўйиб қизни қўлларидан тутишга мажбур бўлди. У гап нимада эканини англаб, йўлни бўшатгунча эшиклар ёпилди. Асабийлашган амаки: “шу мусиқа ўлгурингни уйингда эшитсанг бўлмайдими”, дея аччиқланди. Қолганлар ҳам қизга ёв қараш қилди.

Беруний бекатида одамлар гавжум, чунки сўнгги бекат ва бу ерда бир нечта ўқув муассасалари жойлашган. Одамлар орасидан сувдай сирғалиб, дарсга шошиламан. Қулоқларидаги мусиқа бутун хаёлини банд этган ёшлар устингга «танк»дек бостириб келишади. Урилиб кетмаслик учун четга қочасан. Қулоқчинли одамлар гўё жодуланиб қолган роботларга ўхшаб шахдам-шахдам қадам ташлайди. «Йўлингга қарасангчи», «нима кўрмисан», “Ў-ў-ў эҳтиётроқ бўл, нега шошиласан?”, деб юзларини буриштиради, уларга тўқнаш келган одамлар. Қулоқчинлилар эса бунга эътибор ҳам беришмайди, чунки эшитишмайди.

Дарсга келиб ўқитувчимиз маърузасини тинглаш давомида қўлимдаги матоҳимдан интернетга кириб, «қулоқчин» дея қидирув бердим. Ў-ҳў, маълумотлар уларнинг туридан ҳам кўп.

Энди одам боласи учун ортиқча шовқиннинг зарари ҳақида фикр алмашамиз. Маълумки, инсон туғилиши билан ҳар хил овозлар ва шовқинлар қуршовида қолади. Соғлом одам 10 децибелдан юқори бўлган овозларни эшита олади. 30 децибел эса биз учун зарарсиз бўлган юқори овоздир. Лекин қулоқчинлардан фойдаланганимизда бу меъёр бузилади. Айниқса, эшитиш аъзоларимиз учун ўта зарарли. Мутахассисларнинг аниқлашича, қулоқчинлардан борича таралаётган мусиқа 90, 120 децибелдан ҳам юқори. Бу қулоқнинг нозик аъзоси бўлган ноғора пардасига жиддий зарар етказади. Эшитиш аъзолари бош миямиз билан боғлиқлиги сабабли узоқ вақт кучли овозда мусиқа тинглаш миямизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Натижада инсон руҳиятида жиззакилик, тез асабийлашиш каби ўзгаришлар, кучли бош оғриғи юзага келади. Қулоқчинлардан кўпи билан меъёрий овозда кунига бир соат, ёки ундан ҳам кам миқдорда фойдаланиш тавсия этилади. Ундан кўп фойдаланиш эса оқибатда бир неча йилдан сўнг эшитиш қобилиятини пасайиши, ёки бутунлай йўқолишига олиб келади.

Маълумотларга кўз югуртираётганимда ўқитувчимиз билан Шавкат исмли ўртоғимнинг тортишуви фикримни чалғитди. «Қулоғингдагини олиб қўй, дарсда ўтирибсан»,— деди устоз. Шавкат эса: «Маърузангизни тинглаяпман, бир қулоғим очиқку. Унинг устига халақит бермай жим ўтирибман…»

Кўриб турганингиздек дарсда шу аҳвол. Қўнғироқ чалинди, ҳамма қатори кўчага югурдим. Йўл чеккасида йиғилиб турган одамлар эътиборимни тортди. Қизиқсиниб яқинлашдим. Бир йигит ерда ётибди, унинг атрофида гирди капалак бўлаётган киши эса “Ахир сигнал бердимку!”, «Мен сигнал чалдим», дея ўзини оқларди. Тез ёрдам машинаси етиб келди. Барчамиз йигитчани машинага чиқаришга ёрдам бердик. Ўшанда… унинг ёнида осилиб ётган қулоқчинларидан ҳали ҳам мусиқа янграрди…

Санжар ЭШМУРОДОВ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.

Мақола 454 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*