Қора алвасти

Peter_Andrew_Jones_-_The_Complete_Enchanter

Мирфайз даҳшатли қичқириқдан уйғониб кетди. – Алвасти! – деб додлади хотини Маҳзуна. Мирфайз кўзларини ишқалаб атрофга аланглади. Қоронғуда Маҳзунанинг тепасида қоп-қора кўланкани кўрди. – Астағфируллоҳ! Эй Худойим ўзинг асра! – калима қайтара бошлади. Кўланка ғалати товуш чиқариб Маҳзунани бўғмоқчи бўлди. Аёл бор овозда чинқирди. Мирфайз дир-дир титраб нима қиларини билмасди. Ниҳоят ўзига келиб, ўрнида турди ва югуриб бориб чироқни ёқди. Хотинининг тепасида ҳамма ёғини тук босган, юзлари буришиб кетган, кўзлари чақчайган, оғзидан иккита сўйлоқ тиши чиқиб турган бир маҳлуқ турарди. Маҳлуқни кўриб Мирфайзнинг ранги оқариб кетди. Бир амаллаб ўзида куч топиб, маҳлуққа ташланди. Маҳлуқ уни елкасидан ушлаб отиб юборди. Мирфайзнинг боши шкафга тегиб хушидан кетди. Маҳлуқ унга яқинлашиб бўйнидан бўға бошлади. Маҳзуна чинқириб юборди. Қўшнилар шовқинни эшитиб Мирфайзнинг уйига югуришди. Уйга кириб қарашса Мирфайз полда чўзилиб ётар, Маҳзуна эса бурчакда тиззасини қучоқлаб йиғлаб ўтирарди…
— Эрингизни чиндан ҳам ўша Қора алвасти ўлдирдими?- деди участка нозири Рустам Саидов.
— Ҳа. Ярим тунда уйғониб кетдим. Қарасам тепамда бир қора шарпа турибди. У мени бўғди. Мен дод солдим. Кейин Рустам акам… Аёл йиғлаб юборди.
— Алвастини кўрган гувоҳлар борми?
— Биз ичкарига кирганимизда Мирфайз ака полда ўлиб ётарди. Шу пайт ташқаридан яна кимдир бақирди. Мирфайз аканига келаётган қўшни эр-хотин ҳам орқа кўчадан югуриб ўтган қора алвастини кўрибди – деди қўшни йигитлардан бири.
— Мен суриштирув олиб бораман. Тепадагиларга бу ишни Қора алвасти қилган деб баёнот бера олмайман – деди Рустам.
Рустам идорасига келиб қўлидаги ҳужжатларни стол устига ташлади. Унинг ортидан ёрдамчиси Фарҳод кириб келди.
— Суриштирдингми? – деди Рустам.
— Ҳа ака. Мирфайз Мирҳалиловни ишида ҳам, маҳалласида ҳам барча яхши одам деди. Яқин орада ҳеч ким билан жанжаллашмаган ҳам. Ҳатто уйидан ҳеч нарса ўғирланмаган.
— Қизиқ. Унда ким уни ўлдирди? Наҳотки бу чиндан ҳам Қора алвасти бўлса?
— Эҳтимол. Лекин бу иш менга ёқмаяпти.
Эртаси куни Рустам ёрдамчиси Фарҳод билан қора алвастини кўрган гувоҳларни сўроқ қилди. Эр-хотинлар чиндан ҳам орқа кўчада Қора алвастини кўришганини, алвасти маҳалланинг бошидаги Рамзиддин Пишиқнинг озиқ-овқат дўкони томонга қараб югуриб кетганини айтишди. Рустам ёрдамчиси билан Рамзиддин Пишиқнинг дўконига борди.
— Қора алвастини кўрганим йўғ-ку лекин қора нексияни кўрдим – деди Рамзиддин Пишиқ.
— Қора нексияни?
— Ҳмм. Ўша куни савдо қизиб кечки ўн иккигача ишладим. Ўн иккидан ўн беш дақиқа ўтганида дўконни ёпдим. Уйим йўлнинг нариги томонида бўлгани учун йўлни кесиб ўта бошладим. Ўнг томонда машина чироқлари кўринди. Дарвозамнинг олдига келганимда, дўконимдан ўн беш метр узоқликдаги машина тўхташ жойида қоп-қора Нексия келиб тўхтади. Янгими рақами ҳам йўқ эди. Машина эшиги очилиб ундан костюм-шим кийган басавлат бир йигит тушди. Бу йигитни танийман у ён қўшним Ҳамид аканинг кенжа ўғли. Баракасини берсин Россияда ишини топди шу бола. Отасини кўргани келган шекилли.
— Тушунарли сизга катта раҳмат – деди Рустам.
Бир неча кундан сўнг Фарҳод қўлида елим ҳалтага солинган алвастининг кийими билан Рустамнинг олдига келди.
— Хўш нимани аниқладинг – деди Рустам.
— Пишиқ тўғри айтибди. Ўша йигит Ҳамид аканинг кенжаси. Ҳамид ака ўз вақтида Мирфайз аканинг яқин дўсти бўлган. Иккаласи биргаликда катта бир иш бошлашган лекин Мирфайзнинг отаси ғирромлик қилган. Шундан сўнг Ҳамид аканинг бизнеси касодга учраб қарзга ботган. Фарзандлари ишлаб отанинг қарзлари тўлаган. Кенжаси Тоҳир Россияда омади келиб анча давлат тўплаган. Хуллас…
— Хуллас қайтиб келиб отасининг қасосини олиш учун алвасти кийимини кийиб Мирфайзни ўлдирган. Ахир унинг отасини деб совуқ юртда, дарбадар бўлиб юриш осонми? Қийналиб топган пулини қарзга тўлаш-чи?
— Топдингиз. У Россия дўконларидан алвасти кийимини сотиб олган. Бугун уйини тинтув қилгандик, оғилхонасидан мана бу ашёвий далилни топдик. Фарҳод столдаги пакетга ишора қилди.
— Ҳаммаси жуда оддий экан-ку! – деб Рустам елим ҳалтани очиб алвастини кийимини олди.
— Ҳа. Рамзиддин Пишиқ ҳам анча ёрдам берди. Бежизга уни пишиқ дейишмас экан. Ўзиям ёмон ичидан пишган-да! Яшашни билади. Бир бойваччанинг қизига уйланиб олган. Роса даврини суряпти. Биласизми? Ҳатто 2014-йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида Бразилияга бориб келди.
— Нима? Ростданми? Бола экан-ку!
— Ҳа-да! Майли Тоҳирни қачон қамоққа оламиз? Уйини тинтув қилган пайтимиз йўқ экан.
Рустам столда ёйилиб ётган алвастининг жундор кийимига термилиб бир оз ўйланиб қолди.
— Бразилияга борган дедингми?
— Ҳудди шундай. Тоҳирга телефон қилиб қочишдан фойда йўқлигини айтгандим. У ҳаммасига ойдинлик киритиш учун албатта келишини айтди.Келган бўлса керак. Уйига борамизми?
— Йўқ. Бошқа ерга борамиз…
Ярим тунда Мирфайзнинг ётоқхонаси эшиги очилди.
— Сизни кутиб тургандим. Бугун кеч қолдингиз? – деди Маҳзуна жилмайиб.
— Ишларим кўпайиб кетди, жоним – деди эшикдан кириб келган Рамзиддин.
— Ҳалал бермадимми? – деган товуш эшитилди орқадан.
— Сиз?
Эшик олдида Рустам ва Фарҳод турарди. Уларни кўриб Маҳзуна билан Рамзиддиннинг қўрқув ва уятдан юзлари турли тусга кирди.
— Ниҳоят жирканч жиноятларингиз фош бўлди. – Орангиздаги муносабатдан Мирфайз ҳабар топиб жанжал чиқарган. Бу нарса сизлар учун фожеа эди. Иккингиз ҳам шарманда бўлиб бор-будингиздан айрилардингиз. Ахир Мирфайз билан Рамзиддин аканинг бой қайнотаси буни шундай қолдирармиди? Шунинг учун иккингиз Мирфайздан қутилиш чорасини излагансиз. Излаб-излаб алвасти воқеасини ўйлаб топдинглар. Сиз Рамзиддин ака, алвасти кийимини Бразилияга борганинигизда ҳарид қилгансиз. Бу аслида алвастининг эмас балки амазонка ўрмонларидаги маҳлуқнинг либоси. Мен уни телевизорда кўрганман. Бразилияда карнаваллар пайти одамлар ана шундай ниқоб-у кийимларни кийишади.Рамзиддин ака ана шу кийимни кийиб ҳудди ана шу хонада шўрлик Мирфайзни бўғиб ўлдиргансиз. Сиз икки нобакор, қилар ишни қилиб, яна бир бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлдингиз. Бу ҳам етмаганидек ўз ҳалол меҳнати билан тинчгина яшаб юрган Тоҳирнинг бўйнига айбингизни юкламоқчи бўлдингиз. Энди бу қилмишингизни Худо ҳам, қонун ҳам кечирмайди…

Ферузбек Зиёдуллаев

Мақола 755 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*