Пулига яраша

Мижоз ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи идорага кириб келади. Хона тўрида ходим қоғозларга кўмилиб ўтирибди.

148238411415

МИЖОЗ: Салом берсак бўладими?

ХОДИМ: Бемалол.

МИЖОЗ: Унда бердик деб ҳисоблайверинг!

ХОДИМ: Майли, унда сиз ҳам алик олинди деган хаёлга боришингиз мумкин! Хўш, хизмат? Ҳа, дарвоқе, хизматимиз пулли.

МИЖОЗ: Биламиз, ўзи ҳозир нима пулли эмас… Мен олдиларига паспортимни алмаштириш масаласида келувдим.

ХОДИМ: Марҳамат. Мана бу қоғозларни тўлдиринг.

МИЖОЗ: Паспорт алмаштириш баҳонасида одамлар исм-шарифини ҳам алмаштириб олишаётганмиш, шу ростми? Мен ҳам шу бўлмағур исмимдан қутулиб олсам, дегандим.

ХОДИМ: Бемалол, пулини тўласангиз миллатингиз, ирқингиз, жинсингизниям ўзгартириб беришимиз мумкин.

МИЖОЗ: Оҳо, зўр-у. Миллатим, ирқим, жинсим қолаверсин ҳозирча. Ҳаммасини ўзгартириш анчага тушар-а?

ХОДИМ: Ҳа, албатта. Пулини тўланг, бизга деса, ўзга сайёралик бўлиб олмайсизми!..

МИЖОЗ: Ҳозирча исмимни ўзгартирсам ҳам катта гап.

ХОДИМ:  Ихтиёр ўзларида… Қани, исм-шарифларини бир гулласинлар-чи.

МИЖОЗ: (Шивирлаб) …Ўптиев… Норпўтти

ХОДИМ: Нима қипти? Шу ёмон исмми? Бундан баттарлари бор-у…

МИЖОЗ: Ўзингиз ихтиёрингиз деяпсиз-у.

ХОДИМ: Дедим. Майли, ихтиёри­нгиз.

МИЖОЗ: Султонов Жаҳонгир Соҳибқиронович бўлсаммикан?

ХОДИМ: Ихтиёрингиз. Пулини тўласангиз…

МИЖОЗ: Қанча бўлади?

ХОДИМ:  Ўн минг…

МИЖОЗ:  Яхши-ку, арзон экан-ку. Ўн минг сўм-а!

ХОДИМ: Ҳа, фақат, устига яна озгина қўшадилар… яна шунча «кўки»дан.

МИЖОЗ: Оббо, бу ёғиям бор, денг… Мисол учун минглар атрофида битадигани йўқми? Минг ҳам иккита сигирнинг пули, ака!..

ХОДИМ: Бизга барибир дедим-ку, пулини тўланг, шунақа одам бўлиб юраверинг.

МИЖОЗ: Полвонов Бойназар Абдиқундузович бўлиш учун қанча тўлайман?

ХОДИМ: Бешта.

МИЖОЗ: Жуда қиммат, ахир, бу пулга катта иморат қурса бўлади-ку. Инсоф қилинг, ака!

ХОДИМ: Бунақа исм-шарифни акаси, минг қўйли бойлар кўтариб, юришади, хўпми, туя бечоранинг ҳам ҳаммомга тушгиси келган экан. Кўрпангизга қараб оёқ узатсангиз бўлмайдими!?

МИЖОЗ: Хўп, дейлик, менинг беш юз кўким бўлса-чи? Қанақа исм-шарифга ноил бўламан?

ХОДИМ: Беш юзтагами… Мана, мисол учун, Анди Сандий, Тувал Барот… Хуллас шоирбой, ёзувчибойларнинг исм-шарифларини қўйиб бераман беш юзингизга, шунгаям шукр қилинг. Бу исм-шарифлар сизга Норпўтти Ўптиев эмас-ку. Шоир ва ёзувчиларнинг номлари улуғ, биласиз ва… у ёғиниям биласиз. Ёмонми, сизни бундан кейин, Ибрат Қудрат ёки Мақсуд Довул дейишади. Одамлар сизни бу исм-шарифингиз билан бой-бадавлат, ростдан ҳам обрўси, мол-мулки бор, деб ўйлашади!

МИЖОЗ: Менда, тўғриси, ҳозирча юз минг сўмча бор эди…

ХОДИМ: Ихтиёрингиз, унда сизга Чўянбой Белкурак ўғли Тозабеков жуда мос келади. Чўянсиз, сиз туфайли ерлар ағдарилади, ҳаммаёқ тоза бўлади. Бўладими?

МИЖОЗ: Бир… эллик мингларга мос, одам уялмайдиган бирорта исм-шариф тўғрилаб беролмайдиларми?

ХОДИМ: Бу пулга ўзингизнинг исм-шарифингиз жуда мос тушади. Қаранг, жаранглашини: Норпўтти Ўптиев! Мана, меникига ўхшаган: Ҳақкелди Тўғирладиев! Зўрми? Ота-боболаримиз бир нарсани ҳисобга олишганки, шу исм-шарифларни болаларига раво кўришган. Келинг, ношукр бўлмайлик. Берганига шукр! Қани, ҳужжатларни тўлдиринг. Тез орада янги паспорт қўлингизда бўлади.  Агар бойиб кетса­нгиз, бир келинг, энг зўр исм-шарифни сизга қўйиб берамиз!..

Маҳмуд  БЎРОН

Мақола 911 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*