Президент марсияси

09-06marosimДунё равон, дунё равон,

дунё равон йўлида,

Бир қўлида қурол, яна

кабутар бир қўлида.

Ярми бузғун, ярми қузғун,

ярми қашқир дунёда,

Қўйиб берсанг бир-бирини

ғажиб ташир дунёда –

Эгни юпун, ҳоли забун,

бўйни эгик, нотавон,

Ўзбекларни тўфонлардан

ким сақлади соғ-омон?

Қай улуғ зот бу миллатга

номус берди, ор берди,

Кўкрагини осмон қилиб

бургут берди, сор берди?

Ай Ватаним, ай онажон,

у ҳақсиз замонларинг,

Авлиёю азизларинг –

топталган маконларинг!

Дунё равон, дунё равон –

гоҳи тўқ, гоҳ оч тараф,

Ярми ҳилол тараф бўлса,

ярми эса хоч тараф.

Арслон бўлиб истибдодга

қўрқмай панжа солди ким?

Миллат юкин, Ватан юкин

елкасига олди ким?

Қай улуғ зот халос айлаб

туҳмату жазолардан,

Қутқаролди ўз халқини

балою қазолардан?

Темурхоннинг наслидан деб

фарзга олсам арзигай,

Ўз бобомдан шу каломни

қарзга олсам арзигай.

Ай онажон, ай болажон,

ай жонга жон, отажон,

Ўзбекистон Ватан бўлди,

Ўзбекистон, онажон!

Садоқату тимсолидай

буюк бу юрт – фарзандинг,

Йиғла ўзбек, йиғла она,

кетмиш буюк фарзандинг.

Истиқлолнинг балоғати,

чорак аср тонгида,

Ўз ота ҳам онасию,

Соҳибқирон ёнида,

Бажо айлаб унинг сўнгги

хоҳишу армонини –

Ерга қўйди бутун миллат

миллатнинг сарбонини.

Кўкда қуёш тўхтаб қолган:

“Қандай буюк мотам?..” дер,

Ота уйи “Болам!..” дейди,

ёшу қари “Отам!..” дер.

Борми яна шундай дилбанд

жони жонингга пайванд,

Йиғла ўзбек, йиғла она,

йиғла қадим Самарқанд!

Она юртим, таскин бергин

шаҳру қишлоқларингга,

Юзларимни босиб йиғлай

мен ҳам байроқларингга.

Хомуш қолмиш ғам чеккандай

мисли оқ тилакларинг –

Мустақиллик майдонида

турнаю лайлакларинг.

Кўрдим сени – қайғудасан,

юлдузимсан, кунимсан,

Қизимдирсан, синглимдирсан,

оғамдирсан, инимсан,

Йиғла букун, ай болажон,

йиғла Ватан, онажон:

Руҳингиз шод бўлсин,

биздан рози бўлинг, отажон!

Орзу-ният изсиз кетмас,

сўнмас улуғ мақсадлар,

Барчасини рўёб айлар

Сиз ўстирган фарзандлар.

Қарам бўлмас бундан буён

ҳар ёву ҳар ётга юрт,

Ўзбекистон – она юртдир,

Ўзбекистон – ота юрт.

Дунё гарчи қалқиб ётар –

тўқ тараф ҳам, оч тараф,

Элим дея, юртим дея

ёнган зотларга шараф!

Бутун умри, бор ҳаёти –

дахлдорлик, қарздорлик,

Буюкларга – озод Ватан,

обод Ватан ёдгорлик.

Ай болажон, ай онажон,

йиғла Ватан, онажон:

Руҳингиз шод бўлсин,

биздан рози бўлинг, отажон!

www.sharh.uz сайтидан олинди.

 

 

Мақола 1 226 марта ўқилган

1 Комментарий для Президент марсияси

  1. O’zbekiston Respublikasi birinchi Prezidenti Islom Abdug’anievich Karimovga bag’ishlanadi.

    Ko’zingizda mehrni ko’rar edik otajon,
    So’zingizda sehrni sezar edik otajon.
    Yo’lingizda gul-rayhon unar edi jon otam,
    Qabringizga kapalak qo’nar endi jon otam.

    Ko’zimdan oqqan yoshim tinmas aslo otajon,
    Sizga bo’lgan muhabbatim so’nmas aslo otajon.
    Elim debon, xalqim debon- yonib yashagan otam,
    Butun dunyo ahli bugun sizga tutmoqda motam.

    Joylarringiz jannat bo’lsin, oxiratingiz obod.
    Qalbimizda yashagaysiz , siz yashaysiz umrbod.
    Sakkiz behisht eshigini sizga ochsin jon otam,
    Alloh o’zi yo’lingizga nurin sochsin jon otam.

    Endi izlab izlaringiz topolmasman jon otam,
    Dardga malham so’zlaringiz topolmasman jon otam.
    Ko’ngli yarim , qalbi o’ksik qizingiz Hafizaxon,
    Butun dunyo ahli ila sizga tutmoqda motam.

    Elim debon , xalqim debon — yonib o’tgan jon otam,
    Butun dunyo ahli bugun sizga tutmoqda motam.

    Hafizaxon Yunusova Yusufxon qizi
    Jizzax viloyati G’allaorol tumani Lalmikor shahri.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*