Ўйлаб босилмаган қадамлар

06976067Олис қишлоқлардан бирида тўй бўлди. Тўйда қизнинг онаси, ҳатто отаси ҳам ўйнади. Келин бўлмишга кўп рақсга тушиш мумкин эмас, чунки эрта индин она бўларкан!

Куёв бўлмиш эса тўйдан сўнг қайтариб олиб кетиш шарти билан кўз очиб кўрган хотинини уч боласи билан онасиникига ташлаб келган, янги келиннинг хонадони ҳам улардан унча узоқда эмас эди.Эшитилаётган мусиқа садолари, айтилаётган тилакларни эшитиб болаларининг онаси: «Ҳой одамлар,унга тилаётган бахтингиз менинг бахтсизлигим-ку, бахтга тўла бу дунёда менинг бахтимни ярим қилишлари шартмиди?»- дея саволларига жавоб тополмасди. Унга илк бора куёвлик тўнини кийдириб фарзандлари қаторига олган қайнона-ю қайнотаси бу ишдан ҳайрону лол, хотини эса шунча йиллик турмуши атиги бир ой ичида остин устун бўлиб кетганига ишонгиси келмас, туш кўраётганга ўхшарди…

-Афсуски бу туш эмас, эртак ёки ҳикоя ҳам эмас, сизу бизнинг кўз ўнгимизда рўй бераётган нохуш воқеалардан бири. Кейинги пайтларда бу ёки бундай хунук ҳолатларни эшитиб ёки кўриб кўникиб қолмаяпмизми? «Қиз ўлгур севишиб юрган экан, йигит билан телефонлашиб, учрашиб шу куйга тушибди-да» деди биров. Биров эса «Отасини тўйда ўйнаганини айтмайсизми? Бундай иснодга авваллари чидай олишмасди» деди.

Наҳотки бугунги баъзи оталар иснодни исноддек қабул қилишмаяпти? Ор-номус, ғурур, оталик шаъни, мавқейини оёғини остига эзиб «муҳаббат», «севги» дея кўнглини кўчаси буюрган ишни қилаётган фарзандини юзига қарашга, фарзанди эса ота-онасини юзига қарашга уялмаяпти?

Тўйидан бир ҳафта ўтар ўтмас «севганим бор» дея қизлик уйига қайтиб кетган бир келиннинг қайнотаси билан гаплашиб қолдим.

-Емай йиққанларим, далада қишнинг совуғи-ю қуёшнинг иссиғида куйиб топганларим ҳавога совурилди, хотиним бунга чидолмай касал бўлиб қолди. Айниқса, ўғлимнинг, не-не қизларга бўйин эгмай менинг ҳоҳишим билан уйланган ўғлимни бошини эггани алам қилади менга. Шу ниятинг бор экан, тўйдан аввал айтгин эди, бахтинг қаро бўлгур!»

Бахти қаро.. Жудаям хунук, ўхшовсиз ибора.

Елкасига қўнган бахт қушини ўз хоҳиши ила учириб «муҳаббат» деган йўқлик томон, бахтиқаролик томон талпиниб кетаётган навниҳол қиз…

Йигитга бўлган севги ҳар қанча куч қудратга эга бўлмасин ота-онанг, маҳалла куй олдидаги бир зумлик юзинг қизаришига арзирмиди эй нодон қиз?

Севгини, унга фидойиликни билибсан-у оқ сут берган онангни розилиги, отангни дуоси бутун бир ҳаётингни мазмунини белгилашини билмабсан, етти ёт бир йигит учун ой бахтинг, олтин тахтингдан кечибсан-у энди у йигит учун оддийгина «турмушга чиққан аёл» эканингни тушунмабсан! Ёлғончи туйғуларга берилиб ўзингни ҳам, ўзгаларни ҳам хўрлагингни бир кун келиб тушунганингда пешонангга уришларинг бекор энди.

Дунёнинг ишлари-да бу, тушунмайман. Фақат менми десам педагог опаларимдан бири айтиб қолди: -Қизларни тўққиз йил таълим тарбия бериб, назорат остида авайлаб асрасаг-у ота-онаси атиги икки-уч йил ичида асрай олмай номига доғ тушишига йўл қўйса ?! Меҳнатларимга, айтган панду насиҳатларимга ачинаман, аслида ота -оналарнинг ўзи тарбияга муҳтож…

Тарбияга муҳтож ота-оналар… Ҳар ҳолда янги бўлмаса-да ўйлаб кўришга арзигулик ибора.

-Ким тўй қилмасин албатта бир йиғлаб оламан,-деган эди қайсидир тўйда бир нотаниш аёл. -Уч қизим бор, бирортасини тўй томоша қилиб чиқармадим, эгнига оқ либосни кийгизиб бўйларини томоша қилмадим. Кўча куйда ошна-оғайни топиб давримни суриб юраверибман, қизлар бўй етиб менга тақлид қилаётганига, саёқ юраётганига кўзимни юмиб қарабман. Бугун мени ёшим ўтди, маҳалла куй, қариндош уруғ орасида, тўй ҳашамларда юришим, одамлар билан салом алигим, ҳамсуҳбат бўлишим бор, нима дейман? Ҳаёти барбод бўлиб ким илжайиб қараса ўшанга эргашиб кетаётган қизларимга қандай ачиниб қарамайман?! Улар ҳатто совчи кутиш бахтига ҳам лойиқ эмас. Мен қандай ёмон она бўлдим ? Мендай тарбиясиз оналар қандай жазога лойиқ? Қиз узатаётган, ўғил уйлантираётган оналар дунёдаги энг бахтли одамлар, мен ўзимни ўзим шундай бахтдан маҳрум қилдим.

Ҳа±т шундай мураккаб нарса, у бу ҳақиқатни англаб етгунича умрининг ярмини, балки ундан кўпроғини яшаб бўлиши шартмиди?

Ярим тунгача изғиб кўчада юрадиган, кези келса ичишда, чекишда йигитларни ҳам йўлда қолдира±тган қизлар ҳам кимнингдир фарзанди, бироқ нега шунчалар қаровсиз, масъулиятсиз? Уларни ким тергайди, ким тўғри йўлга солади? Ота-онанинг фарзанд олдидаги, фарзанднинг ота-она олдидаги ва уларнинг жамият олдидаги бурчи унутилиб қолмаяптими? Сиз нима дейсиз? Фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз.

Нодира ДЎСТМАТОВА
«Yangiyer tongi» газетасидан олинди.
Мақола 910 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*